Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:52

Андижонлик 23 яшар йигит милиция сўроғидан кейин ўз жонига қасд қилди (ВИДЕО)


Абдураҳим Саттаров ўтган йил май ойида уйланган.
Абдураҳим Саттаров ўтган йил май ойида уйланган.

Андижонлик 23 яшар Абдураҳим Саттаров 22 январь куни шаҳар ички ишлар бошқармаси терговчиси Ғайратбек Исманов томонидан фирибгарликда айбланиб, 5 соат давомида сўроқ қилинганидан кейин ўз жонига қасд қилди.

Яқинларининг врачларга таяниб айтишича, 22 январь оқшомида 100 дона димедрол ва 10 дона энам таблеткаларини ичиб заҳарлангани аниқланган.

Абдураҳимнинг ҳаётини Андижон вилоят Тез тиббий ёрдам хизмати шифокорлари қутқариб қолишга муваффақ бўлган, бироқ йигит ҳозирга келиб шол бўлиб қолган ва ўсал ётибди.

Акаси Абдурашид Саттаровнинг иддао қилишича, тергов пайтида укаси терговчи Ғайратбек Исманов ва яна бир исми номаълум терговчи томонидан "руҳий босимга учрагандан кейин" ўз жонига қасд қилган.

Андижон шаҳар ИИБ терговчиси Ғайратбек Исманов Озодлик билан суҳбатда бу иддаони рад этди.

"Мени танияпсанми, Абдураҳим?"

Ғайратбек Саттаровнинг Озодликка Telegram орқали юборилган видеотасвирда унинг беморхонада ётган укаси билан мулоқот қилишга самарасиз уринаётганини кўриш мумкин.

Абдураҳим Сатторов акаси билан суҳбатлашишга уринмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:59 0:00

Озодлик билан суҳбатлашган Ғайратбек Саттаровнинг маълум қилишича, укасининг ҳозир бир оёғи ишламай қолган ва на ўзини, на яқинларини танийди.

Ўзини ўлдиришга уринишига нима ундади?

Яқинлари сўзлари ва ўзи ёзиб қолдирган мактубдан англашилишича, 2017 йил май ойида оила қурган Абдураҳим Саттаров тўйдан кейин моддий аҳволи қийинлашиб қолади ва андижонлик бир шахсдан дастлаб 700 доллар ва сўнгра яна 11 миллион сўм қарз олади.

Орадан бир неча ой ўтиб, қарзни қайтариши ҳақида ҳақдорга тилхат беради.

Қарз берувчи томонидан босим остида қолган йигит қарзни узиш учун иш излаб Қозоғистонга йўл олади ва бир ой сўнгра соғлиги ёмонлашиб, Андижонга қайтишга мажбур бўлади.

Аммо, ўзини ўлдиришга уринишидан олдин Абдураҳим Саттаров Ўзбекистон президенти номига ёзиб қолдирган мактубдан (мактуб нусхаси Озодликда мавжуд) маълум бўлишича, 22 январда Андижон шаҳар Ички Ишлар бошқармаси терговчиси Ғайратбек Исманов Абдураҳимга қўнғироқ қилади ва унга устидан шикоят тушгани ва фирибгарлик айблови билан тергов-суриштирув ишлари бошланганини билдиради.

Акаси Абдурашид Саттаров беш 5 давом этган сўроқдан кейин укасини ўта тушкун кайфиятда кўрганини айтди.

Унинг иддао қилишича, "руҳий босимга учраган" укаси уйга қайтиб, ўзини ўлдиришга қарор қилган.

- Руҳий босим бўлган. Ичкарида нима бўлганини гапирмади. Аммо, ҳақиқатанам, ўта тушкун кайфиятда этди. Кўрувдим, - деди Абдурашид Сатторов.

Инкор

Андижон шаҳар ИИБ терговчиси Ғайратбек Исманов Озодлик билан суҳбатда Абдураҳимга нисбатан "руҳий босим" бўлгани ҳақидаги иддаони рад этди.

- Бизда ҳеч бир қонунда тазйиқ ўтказиш келтириб ўтилмагану. Бу болага бирор тазйиқ ўтказилмаган, бошқа қилинмаган. Агар тазйиқ, ҳақорат бўладиган бўлса, бу ерда инсоннинг ҳақ-қуқуқлари поймол бўладию, тўғрими? Президентимиз ҳам айтаяпти-ку. Бировнинг ҳақ-ҳуқуқини поймол қиладиган нимада эмасмиз-ку биз, - деди Ғайратбек Исманов.

Абдураҳим Сатторов терговчилар босими остида қолганини ёзган
Абдураҳим Сатторов терговчилар босими остида қолганини ёзган

Аммо, ўзини ўлдиришга уринишидан олдин Ўзбекистон президенти номига мактуб ёзиб қолдирган (Мактуб нусхаси Озодликда мавжуд) Абдураҳим Саттаров "дастлабки терговдаёқ терговчи Ғ. Исманов ҳамда исмини айтишни истамаган терговчи гапларимни ҳам эшитмай, фақат ҳақоратлашди ва қамалишимни айтиб қўрқитишди," дея таъкидлаган.

Андижонлик ҳуқуқбон Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг айтишича, тергов пайтида гумондор шахсга нисбатан босим ва қийноқлар ҳозир ҳам қўлланаётган эса-да, суд жараёнида бундай даъволарни исботлаш имконсиз.

- Бу нарса доимий ёпиқ турарди. Масалан, суд бошланганда судланувчилар "менга нисбатан зўравонлик бўлди" ёки "урди, қўрқитди", деган гаплар бўлади. Лекин у вақтда исботлаб бериш қийин. Чунки, суд жараёни терговдан тўрт ой, беш ойдан кейин бошланади. Унгача яралари битиб кетади ёки бошқа бўлади, - деди ҳуқуқбон.

Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов шу йил бошида 2020 йилга қадар “ҳибсга олинган ва жавобгарликка тортилган шахсларга нисбатан қийноқ, руҳий ва жисмоний босим қўлланишига йўл қўймаслик бўйича чора-тадбирлар дастури” ишлаб чиқилаётганини маълум қилган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев декабрь ойи бошида "Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонни имзолаганди.

Фармонда қийноқ ва руҳий босимлар остида олинган далиллардан жиноят ишлари бўйича далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмаслиги таъкидланган.

Абдураҳим Саттаровнинг ўз жонига қасд қилишга уриниши юзасидан Андижон вилояти прокуратураси тергов-суриштирув ишларини бошлаган. Бу ҳақда Озодликка вилоят ички ишлар бошқармаси мулозими билдирди.

XS
SM
MD
LG