Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:33

Террорчиликда айбланаëтган ака-ука Азимовлар яқинлари Россия фуқаролигидан маҳрум қилинди (ВИДЕО)


Аҳрор Азимов ўғиллари қийноққа солинаётганини иддао қилмоқда.
Аҳрор Азимов ўғиллари қийноққа солинаётганини иддао қилмоқда.

3 апрель куни Санкт-Петербург метросидаги портлашни уюштирганликда айбланаëтган асли ўшлик ака-ука Акром ва Аброр Азимовларнинг отаси Озодлик билан суҳбатда¸ Лефортово турмасида сақланаëтган ўғилларининг қийноққа солинаëтгани¸ улар яқинларининг эса ëппасига Россия фуқаролигидан маҳрум этилганини билдирди.

Озодлик билан суҳбатда Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан бўлган Аҳрор Азимов ўғилларига ФСБ томонидан тайинланган адвокатлардан воз кечгани¸ ўзи ëллаган адвокатларнинг ҳибсда сақланаëтган икки фарзанди билан учрашганини билдирди.

Озодлик таҳририятига мурожаат қилган ота, адвокатдан эшитганларига таяниб, иккала фарзандининг тергов жараёнида ваҳший тарзда қийноқларга солинганини айтади:

- Мен иккила ўғлимга бўлаётган ноҳақликлар ҳақида гапирмоқчиман. Буларни тарафини оладиган бошқа ҳеч ким йўқ! Болaларимниng ишларини сохталаштириб, ёлғон иғволар билан тиқиб қўйишди. 18 апрелда телевизорда Аброр ўғлимни пистолет билан ушлашганини кўрдим. Аслида уни 4 апрель куни бошига қоп кийдириб, қаергадир олиб кетишган экан. Олиб бориб, 14 кун азоблашибди - яланғоч қилиб, устига латта ташлаб, устидан сув қуйиб, нафас олдирмасдан, оёқларига, жинсий аъзоларига токларни улашиб, ток билан уришибди! Дубинкалар билан уриб, бир-икки жойини синдириб қўйишган экан. Ҳамма ҳужжатларга мажбурлаб, қўл қўйдиришибди. Ўзлари ёллаган адвокатлардан эса ҳеч қандай ёрдам йўқ. “Ушланди” қилиб, видео олиб, 17 апрель куни олиб борибди. Иккита репортаж қилишибди -биттасида “ДА!”, дедириб, бошқасида “НЕТ!”, дедириб репортаж қилишибди.

Негалигини билмадим... “Сени қуролингми?” деган жойига ишлатган бўлса керак-да! “Агарда кўнмасанг, дадангни ҳам қип-яланғоч қилиб, чўчқаларга ем қиламиз!”, деган экан, мендан қўрқиб болам бечора “Нима қилсаларинг ҳам, дадамга тегманглар!” , деб ҳамма ҳужжатларга қўл қўйибди, деди Аҳрор Азимов.

Суҳбатдош иккинчи фарзанди – Акром ҳам Қирғизистондаги шифохонадан 15 апрель куни қирғиз махфий хизмат ходимлари томонидан олиб чиқиб кетилганини иддао қилди.

Аброрнинг отаси ўғли қийноқларга солинаётганини иддао қилмоқда
Аброрнинг отаси ўғли қийноқларга солинаётганини иддао қилмоқда

У Акром ҳам кенжа ўғли Аброр каби, видеосаҳналаштириш натижасида асосий “айбланувчи”га айланиб қолганини иддао қилади:

- 15 апрель куниёқ у ФСБ одамлари билан Москвага учириб юборилган. Бу ерда уни ҳам 4 кун қийнаб, 19 апрель куни телевизорда автобус бекатида “Граната билан ушладик!” қилиб кўрсатишди. Ҳозир болам нафас олишга қийналаяпти. Суд жараёнида болаларим айбларига иқрор бўлишмаса ҳам, маҳаллий телевизорларда “Айбига иқрор бўлди!” деб кўрсатишаяпти! Бу ҳаммаси ёлғон! - дейди Аҳрор Азимов.

Аҳрор Азимов бу маълумотларни улар билан ниҳоят учрашган адвокатдан олганини айтди.

Отанинг айтишича¸ адвокат Аброр ва Акромнинг танасида қийноқ излари, куйган жойлар сақланиб қолганини¸ терговчилар Аброрнинг битта қовурғасини дубинка билан уриб синдиришганини ҳам билдирган.

Акром ва Аброр Азимовлар шу йилнинг 17 ва 19 апрель кунлари Россия Федерал хавфсизлик хизмати томонидан Петербург метросидаги портлаш ташкилотчиси сифатида гумонланиб¸ Москвада қўлга олинган.​Ўшда туғилиб-ўсган ака-ука Аброр ва Акром Азимовларга нисбатан расман террорчилик ва қурол сақлаш айблари қўйилган.

Россия махсус хизматлари Санкт-Петербург метросидаги террор ҳужумини амалга оширгани иддао қилинаётган Россия ватандоши Акбаржон Жалиловни айнан Аброр Азимов тайёргарликдан ўтказганини гумон қилмоқда.

Аммо ака-укалар адвокати уларнинг бу айбловни тан олмаётганини¸ Аброр ва Акромнинг Туркия орқали транзит йўли билан Кореяга борганлиги фсбчилар томонидан асосий айблов сифатида қўйилаётганини билдирди.

Акром Азимов шу йилнинг апрел ўрталарида Қирғизистондаги шифохонадан олиб кетилган
Акром Азимов шу йилнинг апрел ўрталарида Қирғизистондаги шифохонадан олиб кетилган

​Ўшлик муҳожир ўғиллари ҳибсга олинганидан кейин ўзи ҳам жиддий босим остида қолгани, иш жойи ва ётоқхонасида ҳам тинтувлар ўтказилганини сўзлади:

- Бундан ташқари менга босим ўтказиб, мени гражданликдан маҳрум этишибди. Буни телевизорда Волкова исмли Тергов қўмита вакиласи гапирган экан. Интернетдан ҳам кейин ўзим кўрдим. Адвокатларим Пермга жўнатган запросга икки ойдан бери гражданликдан маҳрум этилганим борасида жавоб келмаяпти. Бундан ташқари, менинг Пермда яшайдиган акам, жиянимга ҳам босим қилиб, уларни ҳам гражданликдан маҳрум этишибди. Уларда нима айб?! Менинг қариндошлигим учун қилишаяпти. Судда эса “адвокат бўлди”, деб ишларни сохталаштириб ўтказишибди. Аброрга дори беришмаяпти – у нафас ололмасдан қийналаяпти. Одамни шунчалик хўрлаш мумкинми?! Қаердан ҳақиқат топишни билмаяпман, деди Аҳрор Азимов.​

Аҳрор ака билан суҳбат
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:58 0:00

Адвокат Динзе: Ака-укаларга қўлланилган қийноқлар протоколлаштирилди!

Жорий йилнинг июнь ойи ўрталаридан Аҳрор Азимов талаби билан ФСБ тайинлаган адвокатлар ўрнига Аброр ва Акром Азимовларни Дмитрий ва Ольга Динзелар ҳимоя қила бошлади.

Озодлик билан суҳбатда адвокатлар ака-укалар билан улар сақланаётган Лефортово изоляторида охирги маротаба 14 июль куни учрашгани ва ўз мижозлари қийноқлардан шикоят қилганини билдирди:

- Акромни қийноққа солишда иштирок этган оператив ходимлардан бири 27 июнь ва 4 июль кунлари унинг олдига изоляторга келиб, ўз устларидан ёзилган аризани қайтариб олиш ва адвокат Динзедан воз кечишни талаб қилиб, қўрқитган. Акромнинг қийноққа солингани тўлиқ протоколга туширилди. Акромнинг ўзини тўрт кун давомида қийнашгани, қўл-оёғи ва бошқа аъзоларига ток уланиб, фсбчилар ёзиб берган маълумотларни ёдлаб олиш талаб қилинган. Акром бу кунларда яланғоч ҳолатда совуқ полда ётган, унга на овқат, на сув берилган. Унинг граната билан қўлга тушгани видеоси ҳам бошдан-оёқ саҳналаштирилгани маълум бўлди, деди Ольга Динзе жумладан.

Суҳбатдош ўзини "террорчиликка қарши фаол курашчи" қилиб кўрсатиш мақсадида қийноқларга зўр бераëтган Россия махсус кучлари ҳатти-ҳаракатлари устидан Тергов Қўмитаси ва прокуратурага арз қилганини маълум қилди.

Адвокатлар шунингдек¸ Россия Федерал хавфсизлик хизмати Москванинг турли ҳудуди, хусусан "Тёплый стан" мавзеси, Подольск шаҳарчаси ва бевосита Лубянка ертўласида террорчиликда айбланаётган шахсларни қийноққа солиш учун махфий қамоқхоналар ташкил этганини иддао қилди.

Адвокат Ольга Динзе билан тўлиқ суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:31 0:00
Бевосита линк

Мазкур террор ҳужуми ортидан Россиянинг турли минтақаларида ўтказилган “махсус аксилтеррор амалиётлари” давомида келиб чиқиши марказий осиёлик бўлган ўнлаб одам қамоққа олинди, яна ўнлаб одам терговга тортилди.

XS
SM
MD
LG