Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:21

“Агробанк” фермерларга минерал ўғит сотадиган фирмалар терминалини блоклаб қўйди


Қорақалпоғистонда фермерлар “Агрокимёҳимоя”га муқобил тузилган фирмалардан минерал ўғит сотиб олиш имконидан маҳрум бўлди.

Бу ҳақда Озодликка мурожаат қилган фермерларнинг айтишича, “Агробанк” уларнинг пулларини мажбурий равишда “Агрокимёҳимоя” ташкилотига ўтказиб юбормоқда.

“Агробанк” мулозимининг айтишича, бунга Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 26 ноябрда қабул қилган қарори сабаб бўлган. Бу қарорга кўра, 5-декабргача фермерларнинг “Агрокимёҳимоя”дан бўлган 100 миллиард сўми қайтарилиши лозим.

“Агробанк” АТБ мулозими Озодлик саволларига жавоб беришдан бош тортди.

Исми сир қолишини сўраган тўрткўллик фермерлардан бири Озодликка гапираркан, “Агробанк” президент сиёсатига қарши иш қилмоқда, деган фикрни билдирди:

“Менинг “Агрокимёҳимоя”дан бир сўм ҳам қарзим йўқ. Лекин банк пулимни менинг рухсатимсиз ўша ёққа ўтказиб юборяпти. Бош вазирнинг қарори чиққан дейишяпти. Бу қарорда қарзи бор фермерларнинг пули ундирилсин деган. Лекин бундай бўлмаяпти-да. Ҳаммани шунга мажбур қилишяпти”

Фермернинг айтишича, минерал ўғит сотадиган бошқа ташкилотлардан “Агрокимёҳимоя”дан анча арзон турадиган ўғит сотиб олиш имкони қолдирилмаган:

Агар 10 тонна оладиган бўлсам, 2 миллион сўм биргина фосфорнинг ўзидан ютқазаман.


“Президентимиз ҳаммасини хусусий қил, муқобил қил деб турибди. Булар эса йўқ фақат давлатникидан оласан, деб турибди. Ҳозир хусусий фирмалар кўпайиб, биржадан минерал ўғит олиб сотишяпти. Уларники давлатникидан ўртача 5-7 фоиз арзон. Масалан, бир тонна фосфор 3 миллион сўм турадиган бўлса, давлатникидан 200 минг сўм фарқ қилади. Агар 10 тонна оладиган бўлсам, 2 миллион сўм биргина фосфорнинг ўзидан ютқазаман. Бошқа ўғитларни қўшиб ҳисоблаганда камида 9-10 миллион сўм ютқазяпман. Бошқа фирмаларга борсак пластик карточкамиз блокировка қилинган дейди. Менинг хоҳлаган еримдан сотиб олиш ҳаққим борку. Агар қарзим бўлса майли эди, лекин қарздор эмасман. “Агрокимёҳимоя” қарзи бор фермерни судга берсин, нима учун олдиндан бериб юборган? Президентнинг фармони бор, тўлов қилмаса бермасин деган. Ўзининг айбини ёпиш учун банк иккови энди бизга осиляпти”.

Қорақалпоғистондаги минерал ўғит сотиш билан шуғулланадиган фирмалардан бири раҳбарининг айтишича, уларнинг терминаллари “Агробанк”нинг “Ҳумо” пластик карталари учун блок қилинган:

Лекин булар қарорни бошқача талқин қилиб, фермерлар пули фақат “Агрокимёҳимоя”га тушиши керак демоқдалар.


“Жамиятимиз биржадан минерал ўғит олиб сотади. Битта бизда эмас, республика бўйича минерал ўғит сотиш билан шуғулланадиган фирмаларнинг барчасини “Ҳумо” тўлов қабул килиш терминаллари “Агробанк” томонидан блокланган. Банкдан сўрасак, Вазирлар маҳкамасининг қарори бор эмиш. Лекин булар қарорни бошқача талқин қилиб, фермерлар пули фақат “Агрокимёҳимоя”га тушиши керак демоқдалар. Чунки “Агрокимёҳимоя”нинг банкдан катта кредит қарзи бор экан. Биз Марказий банкка, Адлия вазирлигига мурожаат қилдик. Лекин ҳеч қайси бири бу масалани еча олмаяпти”.

Қорақалпоғистондаги минерал ўғит олиб сотиш билан шуғулланадиган яна иккита фирма раҳбари ҳам уларнинг терминали “Ҳумо” пластик картаси учун блокланганини тасдиқлади.

“Агробанк” акциядорлик тижорат банки сайтида матбуот хизмати саҳифаси бўш турганлиги сабабли боғланиш имкони бўлмади.

Ўзини “Агробанк” АТБнинг департаменти мулозими Салоҳиддин деб таништирган мулозими, Озодликнинг бу масаладаги саволини диққат билан эшитгач, алоқани узиб қўйди.

Ўзбекистонда фермерларнинг банкдаги пулларини уларнинг розилигисиз бошқа ҳисобларга ўтказиб юбориш ҳолатлари кузатилиб туради.

Ноябрда Қашқадарё вилоят, Косон туманидан Озодликка арз қилган фермерлар "Агробанк" ҳисобига тушган буғдой, пахта ва кредит пули уларнинг розилигисиз нефт маҳсулотлари идорасига ўтказиб юборилганини айтган эди.

Жорий йилнинг август ойида Андижон вилоят, Андижон тумани фермерларига “Ўздонмаҳсулот”дан келиб тушган 900 миллион сўм буғдой пули уларнинг хоҳишига зид тарзда ягона ер солиғи учун бюджетга ўтказиб юборилгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG