Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:33

"Тақиқланган санъат саҳроси"


Музейдаги дурдона асарлардан бири.
Музейдаги дурдона асарлардан бири.

Нукус музейидаги рус авангард рассомлари коллекцияси тақдирига оид АҚШда ишланган ҳужжатли филм шундай номланади.


1931 йилда совет Ўзбекистонига келган рус рассоми Игор Савицкий узоқ йиллар давомида дунë санъат ва маданияти марказларидан минглаб чақирим олисда – Қорақалпоғистоннинг Нукусида тўплаган авангард суратлар жамламаси¸ бугунги кунда дунë санъатшунослари эътиборини ўзига жалб қилмоқда. Замонавий рассомчиликнинг советлар даврида советлар ҳудудида кўздан ғойиб бўлган бутун бошли бир даври айнан Савицкий тўплаган 40 мингдан ошиқ суратларда муҳрлангани айтилмоқда.

Нукус музейи асосчиси Игор Савицкий.
Узоқ йиллар бу коллекция Савицкийнинг ўз назоратида Нукус давлат музейида ҳаминқадар шароитларда сақлаб келинди. Мустақилликдан сўнг Ғарб санъатшунослари ва музейшуносларида катта қизиқиш уйғотган бу коллекция¸ кейинги йилларда Ўзбекистон расмийларининг ҳам диққатини ўзига тортди.

Хусусан¸ “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси раиси Гулнора Каримова бу коллекцияни ўз ҳомийлигига олди. Фонд форум бу коллекция ҳақида 2010 йилда "Ўзбекистон дурдонаси" деб номланган ҳужжатли филм ишлатиб¸ уни хориж давлатларида намойиш ҳам қилди.

Айни пайтда¸ бу филм ва унинг намойишларидан сўнг Савицкий коллекциясидаги энг ноëб¸ шунингдек энг қимматбаҳо авангард намуналаридан 2000 дан ошиғи бедарак йўқолди¸ айни пайтда Ўзбекистон Маданият вазирлиги авангард услубидаги мазкур жамлама намойиши¸ қолаверса унинг кўргазма учун хорижга олиб чиқилишини тақиқлади.

Музей ходимларига кўра¸ ноябр ойида Нукус давлат музейига 48 соат ичида эвакуация ҳақида топшириқ берган расмийлар¸ шоша-пиша 2000 дона санъат асарини юк машиналарига юклаб¸ номаълум жойга олиб кетишган. Бир неча ойдан бери на музей раҳбарияти ва на бу коллекцияни 1984 йилда Савицкийнинг ўзидан қабул қилиб олганидан бери суратларни кўз қорачиғидек асрашга уриниб келган музей директори Мариника Бобоназарова минглаб асарлар тақдири ҳақида бирор ахборот ола олмай ҳалак.

Бир неча ҳафтадан бери АҚШ даги санъат мухлисларига намойиш этилаëтган “Тақиқланган санъат саҳроси” номли ҳужжатли филм муаллифлари Аманда Поуп (Amanda Pope) ва Чавдар Георгиев ( Tchavdar Georgiev)лар филм воситасида кенг жамоатчиликни Савицкий коллекцияси тақдири билан боғлиқ хавотирлардан огоҳ қилмоқда. />Советлар цензурасидан омон қолган бу суратлар ими-жимида хусусий коллекционерларга сотиб юборилиш таҳдиди остида қолганини айтаëтган филм ижодкорлари Озодлик билан суҳбатда¸ 1984 йилдан бери Савицкий музейига раҳбарлик қилиб келаëтган Мариника Бобоназарова атрофидаги воқеалар жиддий хавотир уйғотаëтганини таъкидлайдилар.

- Нукус давлат музейи Ўзбекистондаги энг яхши ишлаëтган музейлардандир. Ўзбекистон расмийлари кейинги пайтларда бу музейда кетма-кет текширувлар ўтказди¸ аммо бирор ножўя иш тополмади. Биргина ўтган йилнинг ўзида Тошкентдан Нукус музейини тафтиш қилиш учун 15 та махсус комиссия келиб¸ ҳеч нарса топа олмай қайтиб кетди¸ дейди “Тақиқланган санъат саҳроси” номли ҳужжатли филм муаллифи Аманда Поуп.

На Ўзбекистон Маданият вазирлиги ва на Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси Озодлик мухбирининг Нукус музейидаги жараëнларга оид саволига жавоб беришни истамади. Нукус музейи раҳбари Мариника Бобоназарова эса¸ Озодлик мухбири билан гаплашишни истамади ва ўзини бошқа безовта қилмасликни сўради.

Тахминларга кўра¸ шу кунларда Бобоназарова хоним Ўзбекистон расмий идораларининг ниҳоятда кучли таъқиби остида қолмоқда.

“Тақиқланган санъат саҳроси” ҳужжатли филмида Савицкий коллекцияси билан боғлиқ хавотирларини гапирган Бобоназарова хоним¸ филмнинг Вашингтондаги премъерасига келиши керак эди. Уни Америкага олиб келиш учун анча олдиндан ҳаракат бошлаган ташкилотчиларнинг айтишларича¸ Бобоназарова Ўзбекистондан чиқиш визаси олиб¸ АҚШ визасини ҳам паспортига қўйдириб¸ билетни қўлига олиб турган бир кезда¸ унга телефон қилган Маданият вазирлиги расмийси¸ чиқиш визасининг бекор қилингани ва Бобоназарованинг хорижга чиқиши тақиқланганини билдирган. Тошкентдан сим қоққан расмий музей директорига “америкадагиларга қаттиқ касал бўлиб қолганим учун Вашингтонга бора олмайман” дейишни маслаҳат берган.

- Бобоназарова Вашингтондаги Тўқимачилик музейида Савицкий коллекциясининг бугунги аҳволи ҳақида маъруза қилиши¸ яна бир қатор музейларга бориши керак эди. Унинг сафаридаги асосий воқеа¸ шубҳасиз Миллий Санъат галереясида ўтказилиши белгиланган “Тақиқланган санъат саҳроси” ҳужжатли филм премъерасида қатнашиш эди¸ дейди ҳужжатли филм муаллифи Аманда Поуп.




Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги собиқ мулозими Дэвид Пиерс (David Pearce) АҚШ да ташкил этилган Нукус музейи дўстлари деб номланган гуруҳ раҳбари. Жаноб Пиерс¸ музейдан 2000 дона авангард оқимидаги ноëб суратларнинг йўқолиши ва Савицкий коллекциясини хорижда намойиш қилишнинг тақиқланиши Ўзбекистон расмийларининг ëмон ниятидан даракчи¸ деган шубҳаларга қўшилмаслигини айтади.

- Музей ва коллекциянинг ҳозирда ëпилгани Ўзбекистон расмийларининг Нукус музейига қарши тазйиқ ўтказаëтгани ифодаси¸ дейиш менимча тўғри эмас. Мен ўзбек ҳукуматининг ҳимоячиси эмасман¸ аммо тошкентдагилар нияти ëмон дейиш учун аниқ фактлар келтиришимиз лозим. Ҳозирча бундай факт қўлимида йўқ¸ дейди Жаҳон банкининг Тошкентдаги собиқ мулозими ва Нукус музейи дўстлари норасмий гуруҳи раҳбари Озодлик билан суҳбатда.

Айни пайтда¸ ўзбекларнинг "ошинг ҳалол бўлса кўчада ич" деган мақолидаги мантиқ¸ жаноб Пиерснинг некбинлигига шубҳа солмай қўймаëтир.

Ўзбекистон расмийларининг Нукус музейида сақланиб келинган Савицкий коллекцияси тақдири мавзуида оғиз очишдан ҳам чўчиëтгани "тошкентдагиларнинг бу борада яширадиган бир нимаси борки¸ Савицкий коллекциясининг нега тақиқлангани ва қайга ғойиб бўлгани ҳақида ҳам ўз¸ ҳам хориж жамоатчилиги олдида мум тишлашга мажбур қилмоқда¸" деган хулосага асос бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG