Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:37

Саҳро ўртасидаги авангард санъат


Игор Савицкий (сурат марказида) уч саҳро ўртасида дунёдаги энг бой музейлардан бирига асос солган эди.
Игор Савицкий (сурат марказида) уч саҳро ўртасида дунёдаги энг бой музейлардан бирига асос солган эди.

Тасвирий санъат билимдонлари ва мунаққидлар назарида Нукусдаги санъат музейи рус авангард расмлари жамланган дунëдаги иккинчи катта музейдир.Британиянинг Гардиан (Guardian) нашри Нукус музей жамламасини дунëдаги энг нодир коллекциялардан бири деб атади.

Бу фикрни дунëга таниқли санъатшунослар Даглас Болт ва Флакер ҳам қувватлайди.

Бермуд учбурчагидаги қора квадрат

Бир томонда қуш учса қаноти¸ одам юрса оëғи куядиган Қизилқум¸ иккинчи томонда эса олов пуркаган Қорақум. Яна бир тарафдан тузконига айланган оқ қум ëки Орол денгизи.

Мана шу уч саҳро ўртасидаги учбурчак шаҳар Нукусда музей ташкил қилиб¸ қисқа вақт ичида 90 минг тасвирий санъат асарини бир ерга жамлашнинг уддасидан чиққан Игор Савицкий ҳақида уни яхши билган ва асарлари Нукус музейидан ўрин олган хоразмлик рассом Даврон Йўлдошев гапиради.

Игор Савицкий Совет пулларига советлар қатағон қилган рассомларнинг асарларини сотиб олар эди.
- Биринчидан¸ авангард расмларнинг қиймати бебаҳо. Маданият маҳсулоти¸ маданият ўчоғи десак ҳам тўғри бўлади. У асарлар Россиянинг қатағон даврига мос келадиган асарлар. Кўп рассомлар расмларини сақлаб қолиш мақсадида Савицкийга беришган. Кўп рассомлар қатағон бўлиб кетган бўлишига қарамасдан расмлари сақланиб қолган. Савицкий ўзи йиққан расмларни сақлаш мақсадида Ўрта Осиëга келади ва Хоразмга келиб тушади. У бошида Хивага жойлашмоқчи бўлади. Энди ўша пайтнинг раҳбарлари бу санъат асарларининг қадр-қийматига етмаганлиги сабаблими ëки бошқа сабаблими бу ерда Савицкийга жой топилмайди. Кейин Савицкий Қорақалпоғистон ҳудудига ўтиб кетишга мажбур бўлади. Нукус раҳбарияти унга озгина ер ажратиб бериб¸ музей ташкил қилишга шароит яратиб беради. Шу музей мана ҳозиргача ишлаб турибди¸ дейди Даврон Йўлдошев.


Санъатга бахшида умр

Рус рассоми Игор Савицкий 1914 йилда туғилиб 1984 йилда бандаликни бажо келтирди. Савицкий илк маротаба Қорақалпоғистонга 1950 йилда академик Толстов бошчилигидаги делегация таркибида ташриф буюрди. Археологлар ишларини битказиб жўнаб кетишди¸ аммо Савицкий қум барханлари¸ ëвшанзорлар ичида қолди. Саҳро тагидаги оëқларни тирнаëтган қадимий Хоразм маданияти обидалари Савицкийни мафтун этган эди. Яхшигина рассом бўлган Игор Савицкийнинг Ичон қалъа асари унинг бу ўлкага муҳаббат изҳорига менгзайди. Савицкий рассомдан кўра кўпроқ тасвирий санъат тарғиботчиси эди¸ дейди Даврон Йўлдошев.

- Рассом сифатида битта-иккита асарларини кўрганман. Диққатга сазовор асарлар. Рассом сифатида сўзлашдан олдин унинг асарларининг ҳаммасини кўриб чиқиш керак. Афсус ҳамма расмларини кўрмадим. Бор расмларини кўрганимдан диққатга сазовор деб биламан. Ўз даврининг рассоми. Унинг кўп вақти расм йиғишга кетган. Чунки музей ташкил қилишнинг ўзи бўлмайди. Давлат ëрдами билан бўладиган нарсани оғир даврда¸ оғир замонда ўзи ташкил қилиб йиққан. У фақат рассомчилик билан шуғулланмаган¸ аммо рассом сифатида ҳам қизиқарли¸ дейди Даврон Йўлдошев.

Бугун Нукус музейига жамланган рус авангарди асарларини Париж ва Лондоннинг Лувр¸ Тайт галереялари ўз залларига осишни орзу қилади. Нукус коллекциясидан ўрин олган рассомларнинг бошқа асарлари Сотби ë Кристи аукционларида улкан суммаларга нархланмоқда. Шундай қимматбаҳо коллекциянинг хавфсизлик масаласи қандай¸ ўғри уриши эҳтимоли йўқ эмасми¸ деб сўраймиз суҳбатдошдан.

- Сигнализацияси бордир балки. Қасд қиламан деган одам¸ энди мана Луврдан ҳам¸ бошқасидан ҳам ўғирлаб туришибдику. Ҳар бир ернинг ўзига яраша чаққон корчалонлари бор. Одам қиламан деса¸ қилиши мумкин. Албатта уни сақлаш керак. Лекин Нукусда қандай сақланишидан менинг хабарим йўқ. Охирги иморатига мен охирги марта бундан беш йиллар олдин борганман. Ҳозирги замон талабларига жавоб берадиган даражада музей қурилган. Иморат жуда яхши. Асарларнинг сақланишини ҳам ëмон эмас деб билдим мен. Мен уни Тошкентга олиб бориш керак деб ўйламайман. Ҳамма нарсанинг марказда бўлиши ҳам яхши эмас. Масалан¸ Урганчда¸ Нукусда¸ Самарқандда¸ водийда шунақа маданият ўчоқлари бўлса яхши. Одамларнинг музейга бориш учун Тошкентга қатнашлари қийин гап¸ дейди Даврон Йўлдошев.


Дахлдорлик ғурури

Машҳур рассом Алексей Исуповнинг "Чойхона" асари.
Суҳбатдошимиз Даврон Йўлдошевнинг асарлари ҳам Нукус музейидан ўрин олган. Даврон Йўлдошев Нукус музейида машҳур рассомлар билан бирга кўргазмада иштирок этиш шарафи ва масъулиятидан сўзлайди.

- Ҳар бир одам бирор бир музейда асарлари бўлса¸ ундан хурсанд бўлади. Одамлар кўради. Айниқса¸ катта рассомлар орасида бўлсангиз¸ яна яхши. У ердаги рассомларнинг катталигига ҳеч кимда шубҳа йўқ. Рус авангардининг бошланғич этапидаги рассомларнинг кўпчилигининг ишлари бор. Мен ўйлайманки¸ ëш¸ диққатга сазовор рассомларнинг асарларидан ҳам қўйиб туриш керак. Ҳозирги замон рассомлари бўлимини очиш керак. Ҳозирги дунë рассомларининг бу дунëдан ўтиб кетиб турганлари ҳам бор¸ дейди Даврон Йўлдошев.


Самарқандга сафар

Игор Савицкий иккинчи жаҳон уруши даврида Самарқандга эвакуация қилинди. Тақдир тақозоси билан Самарқандга ундан олдин Павел Бенков¸ Уфимцев¸ Татовосян Фалк каби рассомлар келиб ижодни бошлашган эди.

Москва ва Ленинград каби катта шаҳарларда авангард рассомлар тазйиққа олинаëтган бир пайтда бу рассомлар овлоқ Туркистонда жон сақлашаëтган эди.

Игор Савицкий ҳам ўзининг Москва маркази Арбат кўчасидаги уйини ташлаб Хоразмга келади. У Хивада музей ташкил қилишни истайди¸ аммо хивалик мулозимлар қаршилигига учраб¸ ўз орзусини Нукусда амалга оширади.

Москвада таъқиқланган рассомларнинг асарларини у Нукусда сотиб олади. Фалакнинг гардишини қарангки¸ совет ҳукумати таъқиқлаган асарларни Савицкий айнан совет ҳукуматининг пулига сотиб олар эди.


Эътироф

Аста-секин қилинган меҳнатнинг самараси кўрина бошлади. Игор Савицкий жамламаси 1968 йилда Москвадаги Шарқ халқлари музейида намойиш қилинади. Савицкий таъқиқланган рассомларни маънавий қўлловчи ҳомий сифатида обрў қозонади. Машҳур француз рассоми Фернан Леженинг коллекциясини ҳам Игор Савицкий хурмати учун Нукусга беришади.

1984 йилнинг 27 июлида Москвадаги касалхонада Савицкий оламдан ўтди. Васиятга биноан уни Нукусда дафн қилишди.

1938 йилда халқ душмани сифатида отилган рассом Лев Галпериннинг "Тиз чўкиш" асари ҳам Нукус музейидан ўрин олган.
Сал ўтмай совет кенгликларида Горбачев ҳуррияти деб аталган эркинлик шамоли эсди. Рассомларни дунëдан яшириб турган темир парда тутдай тўкилди. Олис Нукусдаги музей эшиклари ҳам дунëга очилди. Қуриëтган Орол денгизи эмас балки ҳаëт барқ уриб турган авангард санъат жамламаси Қорақалпоғистон учун ташриф қоғозига айланди.


Савицкийга бағишлов

Таниқли рассом Салвадор Дали ўзининг сўнгги интервюсида Буюк Петрни катта рассом деб атади. У бир рассом каби катта бир шаҳарни қурди деган эди.

Тошкентлик рассом Темур Аҳмедов назарида Савицкий ҳам ўзи ташкил қилган музей боис борлиқда биз билан яшайди

- Сиз Денис Коппер жамламасини кўрганмисиз? Коппер кўргазмасини ҳеч ким кўрмаган. У ўлганида коллекцияни унинг ҳовузида ëқишди. Шунақа васият бўлган.

Биласизми¸ Тошкентдаги воқелик билан Савицкий авангарди икки хил ҳолат. Савицкий ўз ишини қилиб кетди. Биз у қилган ишга таъсир қила олмаймиз. У биздан айри бир тарзда яшайверади¸ дейди Темур Аҳмедов.
XS
SM
MD
LG