Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:33

Трампнинг қайтиши: Ўзбекистон ва дунёни нима кутмоқда?

Қўшма Штатларда 5 ноябрь куни ўтган президент сайловида республикачилар номзоди Доналд Трамп демократ рақиби Камала Ҳаррисни ортда қолдириб, расман ғалаба қозониш учун зарур бўлган сайловчилар коллегиясининг 270 та овозини қўлга киритди.

Айни пайтда республикачилар Конгресснинг юқори палатаси – Сенатда ҳам кўпчилик ўринни эгаллади.

Дунё раҳбарлари, жумладан, президент Шавкат Мирзиёев Трампни ғалабаси билан табриклади.

Украина президенти Владимир Зеленский Доналд Трампни “сайловдаги ажойиб ғалабаси” билан табриклаб, Трамп раҳбарлигида Қўшма Штатлар Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишига умид билдирди.

Трамп Украина ва Яқин Шарқдаги урушга қисқа вақтда барҳам беришини айтган, аммо бу борадаги режалари тафсилотини очиқламаган.

78 ёшли Трамп Оқ уйга сайланган энг кекса раҳбар бўлади.

132 йилдан бери АҚШда иккинчи марта сайлана олмай кейин яна ҳаракат қилиб, бунинг уддасидан чиққан президент бўлади.

Шунингдек, Трамп Қўшма Штатлар тарихида судда айбдор деб топилганига қарамай, президентликка сайланган биринчи шахсдир.

10:02 6.11.2024

Ким ютиши мавҳум бўлиб турган штатларнинг биринчиси - Шимолий Каролинада Трамп ғалаба қозонди

Республикачилар номзоди Дональд Трамп овоз бериш натижаларига кўра Шимолий Каролина штатида ғалаба қозонган. Бу ҳақда Associated Press агентлиги ва New York Times нашри хабар қилди.

Шимолий Каролина АҚШдаги президент сайловида қатнашаётган номзодларнинг қайси бири ғалаба қозониши номаълум бўлиб турган етти штатнинг биридир.

Камала Ҳаррис эса Виржиния штатида ғалаба қозонган – бу штатда ҳам номзодлар изма-из келаётгани айтилганди.

Айни пайтга келиб Дональд Трамп 230 та овоз, Камала Ҳаррис эса 209 та овоз йиғишга муваффақ бўлгани айтилмоқда.

10:56 6.11.2024

Республикачилар Конгресснинг юқори палатаси – Сенатда кўпчиликка эга бўлади

Оҳайо штатида Берни Моренонинг ғалабаси Республикачилар партиясига АҚШ Конгрессининг юқори палатаси – Сенатда кўпчиликка эга бўлишни нақд қилиб қўйди.

Автомобиллар савдоси билан шуғулланувчи тадбиркор Берни Морено Оҳайо штатидан уч муддат сенатор бўлган демократ Шеррод Браун устидан ғалаба қозонган.

Морено ғалабаси кўпчилик учун кутилмаган ҳодиса бўлди. Шеррод энг нуфузли қонун чиқарувчилардан бири бўлиб ҳисобланади. У Сенатдаги банклар ишлари бўйича қўмита раиси лавозимини эгаллаб келган.

Сайловда берилган овозлар тўлиқ санаб бўлингач, республикачилар билан демократлар ўртасида фарқ каттайиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Ҳозирча яна олтита штатда овоз бериш натижалари чиқарилган эмас, бу штатларнинг учтасида республикачилар ғалаба қозониши эҳтимоли бор.

13:26 6.11.2024

АҚШдаги президент сайловига илк реакциялар

Венгрия бош вазири Виктор Орбан: “Бу АҚШ сиёсий тарихида энг катта камбэкдир (қайтишдир демоқчи - таҳр.)! Президент Трампни улкан ғалаба билан табриклаймиз. Тинчлик учун ўта керак бўлган ғалаба!

Сербия президенти Александр Вучич: “Дональд Трампни ғалаба билан табриклайман. У билан биргаликда бизни кутиб турган жиддий хатарларга бас келамиз. Сербия барқарорлик, униб-ўсиш ва тинчлик учун АҚШ билан бирга ишлашга ҳаракат қилмоқда”.

Шунингдек, Трампни Австрия канцлери Нехаммер ва Сальвадор президенти Найиб Букеле ҳам ғалаба билан табриклашга улгурган.

Булар ортидан Трампни Франция президенти, Исроил бош вазири, Грузия ва Косово президентлари ғалаба билан қутлашди.

НАТО бош котиби Марк Рютте ҳам Трампга табригини йўллади.

Ҳозиргина Дональд Трампни Қўшма Штатлар президенти этиб сайлангани билан табриклади. Унинг лидерлиги бизнинг Альянсимиз сақлаб қолиниши учун яна асосий нуқта бўлади. Мен НАТО доирасида куч билан тинчликни илгари суриш учун у билан яна ишлаш имкониятини сабрсизлик билан кутяпти”, деб ёзган Рютте X ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида.

Беларуснинг авторитар лидери Александр Лукашенко Трампни “сайлов ғолиби” деб атаган.

Сўнгги соатларда Дональд Трампни сайловдаги ғалаба билан Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен, Европа кенгаши етакчиси Шарль Мишель, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Молдова президенти Майя Санду, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Чехия президенти Петр Павел ва бош вазири Петр Фиала ҳамда Арманистон бош вазири Никол Пашинян табриклагани маълум бўлди.

Бу табрикларга Германия канцлери Олаф Шольц ҳам қўшилди:

“Дональд Трампни АҚШ президенти этиб сайлангани билан қутлайман. Германия ва АҚШ узоқ вақт мобайнида Атлантиканинг икки томонида эркинлик ва фаровонликни илгари суриш билан муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келмоқда. Биз фуқароларимиз фаровонлиги учун бу ишни бажаришда давом этамиз”, деб ёзган Шольц Х ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида.

15:59 6.11.2024

Дональд Трамп демократ рақиби Камала Ҳаррисни ортда қолдириб, АҚШ президентлик сайловларида расман ғалаба қозониш учун зарур бўлган сайловчилар коллегиясининг 270 та овозини қўлга киритди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG