Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:21

ЕХҲТ миссияси раҳбари: Демократия учун Ўзбекистон ҳукумати масъул 


 Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) Ўзбекистондаги референдумни кузатиш миссияси раҳбари Алберт Йонсон.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) Ўзбекистондаги референдумни кузатиш миссияси раҳбари Алберт Йонсон.

Ўзбекистонда 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдум ва референдумолди жараёнларини кузатиш учун Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) кузатув миссияси Тошкентга етиб борган.

Бироқ, кузатув миссияси чекланган, гуруҳ таркиби атиги 24 кишидан иборат.

Озодлик Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) Ўзбекистондаги референдумни кузатиш миссияси раҳбари Алберт Йонсонни суҳбатга тортди.

Озодлик: Нега ЕХҲТ Ўзбекистонда референдумни кузатиш учун тўлиқ миссия эмас, чекланган кузатув миссияни юборишга қарор қилди?

Алберт Йонсон: Ҳозир биз референдумни кузатиш жараёнидамиз ва ўз методологиямиз бўйича ишлаймиз. Яъни, бутун жараённи кузатамиз, фактларни тўплаймиз ва референдум якунида дастлабки хулосаларни эълон қиламиз. Бизнинг вазифамиз бу ерда референдум жараёнига тайёргарлик Ўзбекистоннинг ЕХҲТ олдида олган мажбуриятларига мослигини аниқлаш, шунингдек, демократик референдум стандартлари ҳамда бу борадаги Ўзбекистон миллий қонунчилигига мувофиқлигини баҳолашдан иборат. Буни кузатиш учун ҳозир Тошкентда 10 нафар мутахассисдан иборат жамоамиз ишлаяпти. Ҳудудларда эса 14 нафар кузатувчимиз бор. 27 мартдан бери, деярли бир ойдан бери шу ердамиз. Миссиямиз бутун мамлакат бўйлаб бутун жараённи ҳар томонлама кузатади. Ўтган ёзда Ўзбекистонга келган миссия кузатув заруратини ўрганиб чиқди. Маҳаллий иштирокчилар билан муҳокмалар асосида шу қарорга келинди. Суҳбатдошларнинг ҳеч бири тўлиқ кузатувга эҳтиёж борлигини ёки барча сайлов участкаларида овозларни санаб чиқиш ва овоз бериш жараёнларини кузатиш зарурлигини таъкидламади. Шу билан бирга, улар жараённинг қонунчилик жиҳатларини кузатиш зарурлигини айтишди. Ишончимиз комилки, биз бутун жараённи ҳар томонлама баҳолаймиз ва ўз вазифамизни бажарамиз”.

Озодлик: ЕХҲТнинг атига 24 кишидан иборат чекланган миссияси референдумни қандай кузатади? Тушунтириб берасизми?

Алберт Йонсон: “Айтиб ўтганимдек, бизда 14 нафар эксперт ва узоқ муддатли кузатувчилар бор. Вазифамиз референдумни кузатиш ва жараёнга ҳар томонлама объектив баҳо бериш. Яна такрорлайман яна бизнинг вазифамиз фақат кузатиш, овоз бериш жараёнини назорат қилиш эмас. Биз 20 йил давомида ЕХҲТ ҳудудида 400 дан ортиқ сайловни кузатганмиз. Лекин бизнинг хулосаларимиз ва тавсияларимиз албатта эълон қилинади, бу референдум ўтганидан сўнг амалга ошади. Матбуот анжумани ўтказамиз, унда кузатувларимиз, дастлабки ҳулосамизни эълон қиламиз”.

Озодлик: ЕХҲТ миссияси, гарчи у чекланган бўлса-да, 65 яшар амалдаги президент Шавкат Мирзиёевга 2040 йилгача ҳокимиятда қолишига имкон берувчи бу тадбирга легитимлик беради, деган танқидларга нима дейсиз?

Алберт Йонсон: “Олдин айтганимдай, вазифамиз жараён демократик меъёрларга мос келадими ёки йўқми, шуни кузатиш учун бу ердамиз. Жараённинг барча жиҳатларини кузатиб борамиз ва биз билан гаплашмоқчи бўлган барча иштирокчиларни тинглаймиз. Барча томон учун очиқмиз.

Озодлик: Тарғибот жараёнларида фақат “ҲА” деган кампанияни қўллаб қувватловчи тадбирларни кўряпмиз. Референдумда фуқароларнинг янги конституцияни маъқулламаслик эҳтимоли қанчалик деб ўйлайсиз?Алберт

Алберт Йонсон: “Биз бу ерда овоз бериш натижаси ҳақида ҳеч қандай тасаввурларсиз жараённи кузатамиз. Энг муҳими, жараён. Бизни овоз бериш натижалари унчалик қизиқтирмайди. Муҳим савол шуки, жараён шаффофми, жараён ЕХҲТ мажбуриятларига мувофиқ амалга оширилмоқдами? Ҳар доимгидек фактлар ўзи сўзлайди. Бутун мамлакат бўйлаб биз кўплаб одамлар билан кўплаб учрашувлар ўтказамиз, вазифамиз техник баҳо беришдир ва бизнинг хулосаларимиздан қандай фойдаланиш ҳукумат ва ўзбек халқига ҳавола. Демократик сайлов жараёнини таъминлаш учун Ўзбекистон ҳукумати масъулдир.

Озодлик: Ўзбекистон расмийлари Конституцияни ўзгартиришни ислоҳотларни давом эттириш учун муҳим демоқда. Сизнингча муаммо конституциядами?

Алберт Йонсон: Яхши савол, лекин ўтган ёзда амалга оширилган сайловолди баҳолаш миссиясига қайтадиган бўлсак, албатта кузатувчилар билан сухбатда бўлган кўплаб одамлар конституцияга киритилажак ўзгартишларни яхшиланиш сифатида таърифлаган.

Шу билан бирга, президент ваколатини узайтирилиши борасида хавотирлар ҳам бор, қонун ҳужжатлари сўз эркинлиги, тинч йиғилишлар ва уюшмалар эркинлигини чеклаши ҳақида ташвишли фикрлар ҳам айтилди. Албатта, бу ҳақда олдинги ҳисобот ва тавсияларда айтилган. Лекин биз воқеани иккала томоннинг фикрини эшитган ҳолда баҳолаймиз.

Озоллик: Сизнинг миссиянгиз ўтган парламент ва президент сайловларида сиёсий рақобат бўлмагани ва мухолифатга йўл берилмаганини танқид қилган эди. Сайловлардан буён ўтган вақт мобайнида Ўзбекистонда бирон нарса ўзгардими?

Алберт Йонсон: “Тўғри айтдингиз, 2021 йилдаги сайловлар ва 2019 йилги парламент сайловлари ҳақидаги олдинги ҳисоботларга қарасак. Масалан, 2021 йилги ҳисоботда президентлик сайлови сўнгги ислоҳотлар, ижобий яхшиланишларни намойиш этгани ва ҳали чинакам плюралистик муҳитга олиб келмагани ҳақида хулоса қилинган. Шунингдек, ҳисобот кенг кўламли масалалар бўйича 24 та аниқ тавсияларни ўз ичига олади, шу жумладан, ҳуқуқий соҳани яхшилашни ҳам. Ҳозир биз конституциявий референдумни кузатмоқдамиз ва жараён давом этмоқда ва айтганимдек, кутамиз. Биз бутун жараённи кузатиб борамиз ва референдумдан сўнг хулосамизни эълон қиламиз”.

Озодлик: Президент Мирзиёев 2040 йилгача ҳокимиятда қоладиган бўлса, бу Ўзбекистондаги демократиянинг тақдири ва Мирзиёев ҳукуматининг халқаро ҳажмамият, жумладан,сизнинг ташкилотингиз билан алоқалари учун нимани англатади?

Алберт Йонсон: “Такрор айтаманки, биз жараённи кузатмоқдамиз ва буни ўз методологиямизга мувофиқ амалга оширмоқдамиз. Менинг ишим кейинги ой якунланади, мен 9 май куни Тошкентдан жўнаб кетаман, лекин барча институтлар бизнинг ваколатимиз қамраб олган барча соҳалар бўйича Ўзбекистон ҳукумати ва фуқаролик жамияти билан ишлашда давом этади. “

Озодлик: Жаноб элчи, суҳбат учун катта раҳбат.

Алберт Йонсон: “Сизга ҳам раҳмат, фаолиятимизга қизиқиш билдирганиз учун.”

Форум

XS
SM
MD
LG