Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:42

ZIMISTON-UZ: "Газ заправкалар" 22 кундан сўнг қайта очилмоқда

📌Ҳар йилгидек, Ўзбекистонга совуқ кутилмаганда келди. Унинг кутилмаганлиги табиат инжиқлиги эмас, балки мамлакат энергетика тизимидаги муаммолар билан боғлиқ. Биринчи қордан кейиноқ мамлакат энергетик коллапсга гувоҳ бўлмоқда.

Ўтган йиллардаги каби яна бутун Ўзбекистон бўйлаб электр ва газ тақчиллиги кузатилмоқда. Аммо афтидан, вазият бу йил олдингидан ҳам ёмон. Бу йил энергетика инқирози пойтахтгача етиб келди.

Озодлик ўзбекистонликларнинг энергетик бўҳронга оид вазият акс этган хабарларини ZIMISTON-UZ блогига жамламоқда.

Сиз яшаётган худудда вазият қандай?

Қандай қишлаяпсиз?

Газ ва свет борми?

Хабарларингизни Озодликка Телеграм орқали + 420 724971539 рақамига йўлланг. Вазиятни биргаликда кузатамиз!

22:19 1.2.2023

Расман: Водийда электр тақчиллиги 1, 1 млрд кВт соатни ташкил қилади

Президент Мирзиёевга кўра, қишнинг совуқ пайти мамлакат бўйича 3, 1 миллиард киловатт соат электр етишмаган.

Водийда эса электр тақчиллиги 1, 1 млрд кВт соатни ташкил қилган:

  • Андижонда - 384 миллион кВт соат
  • Наманганда - 288 миллион кВт соат
  • Фарғонада - 441 миллион кВт соат

Бир томондан электр энергияси бошқа томондан газнинг ҳам тақчиллиги кучайгач, аҳоли электр бор пайти ундан имкон қадар кўпроқ фойдаланиб қолишга ҳаракат қилмоқда. Натижада электр тизимлари ортиқча юкламаларни кўтара олмай авариялар кўпайгани кузатилди.

Мирзиёев ҳам Андижондаги чиқишида авариялар кўпайганини айтиб, бунда масъулларни айблади:

“Нима учун масъул раҳбарлар ўз ҳудудида етишмовчиликни қоплаш, “яшил энергия”ни жорий қилиш, тежамкорлик ҳақида ўйламаган?

Андижонда олинган маълумотга кўра, президент ташрифи олдидан электр ва газ таъминоти нисбатан яхшиланган.

Мирзиёев бугундан келгуси қишга тайёргарлик ишлари бошланишини ваъда қилди. Айни пайтда водийликлар жорий қишдан эсон-омон чиқиб олиш илинжида.

Шавкат Мирзиёев 2016 йил декабридаги президент сайловлари арафасида аҳолининг электр ва газ муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди. Аммо ўтган вақт мобайнида, айниқса, куз-қиш мавсумида аҳолининг электр ва газ муаммоси долзарблигича қолмоқда.

Марҳум президент Ислом Каримов даврида лойиҳаси бошланган ва Мирзиёев даврига келиб, ишга туширилган Намангандаги Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси бутун водийни электр энергияси ва иссиқлик билан таъминлаши ваъда қилинган эди. Аммо 1 миллиард 200 миллион долларлик ушбу станция ишга туширилганига 3,5 йил бўлганига қарамай вазият ўнгланганича йўқ.

22:21 1.2.2023

Танзила Норбаева истеъфосини талаб қилган блогер қамалди

Президент водийда экан, воҳада газ ва свет мавзусини фаол ёритган, сенат раисини раиси истеъфосини талаб қилган блогер қамоққа ташланди.

Яккабоғлик Элмурод Одил 31 январь куни туҳмат ва ҳақоратда абдор деб топилиб, 15 суткага маҳкум этилди.

Элмурод Одиловга оид маъмурий иш материалларига кўра, блогер 30 январь куни Яккабоғ туманидаги 71-сонли оилавий поликлиникадаги энергетик муаммоларни ёритган. Поликлиника маъмурияти блогернинг ҳаракатига қаршилик билдириб, ҳолатни ёритмасликни сўраган. Ўртада низо келиб чиққан ва поликлиника ҳамшираси аризасига кўра, блогер судга тортилган.

Элмурод Одил ўтган ҳафта мамлакатда кузатилаётган энергетик бўҳронда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоевани айблаб, унинг истеъфосини талаб қилиб, пикет қилган эди.

Озодлик ихтиёрида суддан олдин блогернинг Яккабоғ тумани ИИБ мулозими билан аудио суҳбати мавжуд. Суҳбат мазмунидан ИИБ мулозими блогерга Сенат раиси истеъфосини талаб қилгани ўз таъбирича, чатоқ бўлганини таъкидлайди.

14:36 2.2.2023

Бугундан “газ-заправка” қайта очила бошлади

22 кун аввал ёпилган метан “заправкалар” 2 февралдан бошлаб Ўзбекистоннинг барча ҳудудида босқичма-босқич қайта очила бошлади.

Энергетика вазирлиги хабарига кўра, қайси “заправка” қачон очилишини маҳаллий ҳокимликлар белгилайди. Ҳокимлик рўйхати асосида “газ-заправка”лар фаолияти босқичма-босқич йўлга қўйилади.

Халқ тилида “газ заправка” деб аталадиган автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) 12 январь куни ёпилган эди.

Мутасаддилар ўшанда табиий газни аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларига етказиб бериш учун АГТКШлар ёпилганини таъкидлашган.

Вазирлик хабарига кўра, ҳозирда газ қувурларида босим меъёрга кела бошлагани сабаб АГТКШларни очишга қарор қилинган.

Расмий хабарда “заправкалар” ишлашида вақт чекловлари сақланиб қолиши қайд қилинган:

“АГТКШлар фаолиятидаги вақт чекловлари газ қувурларида босимнинг кўтарилиб боришига мос равишда ўзгартириб борилади”.

Мутасаддилар "газ заправкалар" кунлар исигач, қайта очилишини ваъда қилишган эди. Бироқ мамлакатнинг энг совуқ худудларидан бири бўлган Қорақалпоғистонда метан "заправкалар"нинг қайта очилиши 4 кун аввал бошланди. Бунинг сабабини расмийлар изоҳлаганича йўқ.

12 январдан бошлаб метан “заправкалар” ёпилгач, мамлакатнинг барча ҳудудида бензин нархлари ошгани ва "заправкалар"да бензин учун турнақатор навбатлар юзага келгани кузатилди.

16:41 2.2.2023

Олтита вилоятда қор кўчиш хавфи эълон қилинди

Бугундан бошлаб тўрт кун давомида мамлакатнинг олтита вилоятида қор кўчиш хавфи мавжуд.

Бу ҳақда хабар қилган Ўзгидромет хизмат 2−5 февраль кунлари жами йигирмага яқин туманда қор кўчиш хавфи борлигини эълон қилди:

  • Қашқадарё вилояти: Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Деҳқонобод туманларида;
  • Сурхондарё вилояти: Қумқўрғон, Сариосиё, Узун, Бойсун туманларида;
  • Жиззах вилояти: Зомин, Бахмал туманларида;
  • Тошкент вилояти: Паркент, Оҳангарон, Бўстонлиқ туманларида ва Чотқол тизмасининг Чимён тоғларида;
  • Наманган вилояти: Поп туманида;
  • Фарғона вилояти: Сўх, Фарғона туманларида;

30 январь куни Ўзбекистонда сел, тошқинлар ва кўчки билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар олдини олиш бўйича штаб ташкил этилди.

“Ўзгидромет”нинг маълумотига кўра, шу ҳафтадан ҳаво ҳарорати кундузи +10 даражагача кўтарилади. Ҳаво ҳароратининг кўтарилиши натижасида қор ва музлар эриши тезлашиб, сел, кўчки ва сув тошқинлари юзага келиши эҳтимоли мавжуд.

Жорий йилда Амударё ва бир қанча каналлар музлаб қолгани маълум. Бу эса тошқин хавфини юзага келтириши мумкин.

“Ўзгидромет” жорий ҳафта Самарқанд, Жиззах, Тошкент вилоятларида кучли ёмғир бўлишини ҳам хабар қилган. Бу эса сел келиш хавфини кучайтиради.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG