Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:19

ZIMISTON-UZ: "Газ заправкалар" 22 кундан сўнг қайта очилмоқда

📌Ҳар йилгидек, Ўзбекистонга совуқ кутилмаганда келди. Унинг кутилмаганлиги табиат инжиқлиги эмас, балки мамлакат энергетика тизимидаги муаммолар билан боғлиқ. Биринчи қордан кейиноқ мамлакат энергетик коллапсга гувоҳ бўлмоқда.

Ўтган йиллардаги каби яна бутун Ўзбекистон бўйлаб электр ва газ тақчиллиги кузатилмоқда. Аммо афтидан, вазият бу йил олдингидан ҳам ёмон. Бу йил энергетика инқирози пойтахтгача етиб келди.

Озодлик ўзбекистонликларнинг энергетик бўҳронга оид вазият акс этган хабарларини ZIMISTON-UZ блогига жамламоқда.

Сиз яшаётган худудда вазият қандай?

Қандай қишлаяпсиз?

Газ ва свет борми?

Хабарларингизни Озодликка Телеграм орқали + 420 724971539 рақамига йўлланг. Вазиятни биргаликда кузатамиз!

19:59 19.1.2023

Навоийда 500 қўйни бўрилар ғажиб ташлади

Навоийнинг тоғли ҳудудларида қаҳратон совуқда оч қолган бўрилар галаси чорва молларига ҳужум қилмоқда. Бу ҳақда журналист Толиб Раҳматов ўзининг телеграм каналида хабар қилди.

Журналистга кўра, Навбаҳор туманининг тоғли ва тоғолди ҳудудларида бир ойдан бери чорва молларига ҳужум қилаётгани сабаб юзлаб қўй нобуд бўлган.

Kun.uz нашри ҳам бўрилар ҳужуми ҳақида ёритди. Нашр хабарига кўра, бўрилар кундуз кунлари ҳам отар оралаяпти, бир ой ичида йиртқичлар ҳамласидан 500 бошдан ортиқ чорва нобуд бўлган.

Маҳаллий чўпонлар зудлик билан чора кўрилмаса бўри ҳамласидан яна юзлаб чорва моли нобуд бўлишидан хавотир билдирган.

20:02 19.1.2023

Газсиз қолган Ўзбекистон шамолга умид қилмоқда

Навоийда қурилаётган шамол электр станцияси Марказий Осиёдаги энг йирик шамол электр станцияси бўлади. Қорақалпоғистонда эса дунёдаги энг йирик шамол электр станцияси қурилади.

Бу ҳақда хабар қилган Энергетика вазирлиги Матбуот хизматига кўра, Навоий вилояти Томди туманида қурилаётган шамол электр станцияси жорий йил якунида ишга туширилади.

Бугун ушбу станция учун техник жиҳозлар Хитойдан келтирилган.

Режага кўра, Навоийдаги станция қуввати 500 МВт бўлиб, йилига 1 млрд 800 млн кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Ушбу станция Бирлашган Араб Амирликларининг Masdar компанияси томонидан қурилмоқда.

Қорақалпоғистонда дунёдаги энг йирик шамол электр станцияси қуриш шартномаси ўтган йил августида Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига давлат ташрифи давомида имзоланган эди.

20:04 19.1.2023

Метан инқирози. Хоразмдан Тошкентга йўлга чиққан иккита автобус газ йўқлиги сабаб йўлда қолиб кетди

Урганчдан Тошкентга 102 нафар йўловчи билан йўлга чиққан иккита автобус газ йўқлиги сабаб йўлда қолиб кетди.

17 январ куни соат 15:00 да Урганчдан йўлга чиққан иккита автобуснинг Навоий вилоятига етиб келганида газ ёқилғиси тугаб қолган. Метан “заправка»лар ишламаётгани туфайли автобуслар йўлда тўхтаб қолган.

Транспорт вазирлиги ҳодисани тасдиқлаб, йўлда қолган йўловчилар 18 январь куни қўшимча автобуслар ёрдамида Тошкентга етказилганини маълум қилди.

Тошкентга автобусда 15 соат давомида етиб келиши лозим бўлган йўловчилар 2 суткада Тошкентга етиб борган.

Тармоқларда тарқалган видеода меҳмонхонада тунашга мажбур бўлган йўловчиларга ҳаражатлари учун автобус ҳайдовчилари пул бергани акс этган.

Мамлакатда аномал совуқ бошлангач, 12 январдан бошлаб метан “заправкалар” вақтинча ёпилди.

«Ўзтрансгаз» ширкатининг бугун берган баёнотига кўра, заправкалар қачонки об-ҳаво яхшиланса, қайта очилиши мумкин.

20:10 19.1.2023

Сирдарёдаги портлашда икки киши жароҳатланди

Сирдарёдаги хонадонлардан бирида газ портлаши оқибатида 2 киши жароҳатланган.

Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабарига кўра, ҳодиса 18 январь куни Боёвут тумани «Қарапчи» маҳалласидаги 7-уйда содир бўлган.

Ҳодисага ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши содир бўлгани айтилмоқда. Портлашдан сўнг уйда келиб чиққан ёнғин ўт ўчирувчилар ёрдамида ўчирилган.

Портлашда жароҳатланган икки киши касалхонага ётқизилгани хабар қилинди.

Куни кеча Термиз университети академик лицейи қозонхонаси портлаб, 2 киши ҳалок бўлган ва 1 киши шифохонага ётқизилган эди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқароларни техника хавфсизлик чораларига амал қилиш ҳақида огоҳлантириб келади, аммо бу каби ҳолатларда фуқароларга товон тўлаш ёки моддий ёрдам кўрсатиш кўзда тутилмаган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG