Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:51

ZIMISTON-UZ: "Газ заправкалар" 22 кундан сўнг қайта очилмоқда

📌Ҳар йилгидек, Ўзбекистонга совуқ кутилмаганда келди. Унинг кутилмаганлиги табиат инжиқлиги эмас, балки мамлакат энергетика тизимидаги муаммолар билан боғлиқ. Биринчи қордан кейиноқ мамлакат энергетик коллапсга гувоҳ бўлмоқда.

Ўтган йиллардаги каби яна бутун Ўзбекистон бўйлаб электр ва газ тақчиллиги кузатилмоқда. Аммо афтидан, вазият бу йил олдингидан ҳам ёмон. Бу йил энергетика инқирози пойтахтгача етиб келди.

Озодлик ўзбекистонликларнинг энергетик бўҳронга оид вазият акс этган хабарларини ZIMISTON-UZ блогига жамламоқда.

Сиз яшаётган худудда вазият қандай?

Қандай қишлаяпсиз?

Газ ва свет борми?

Хабарларингизни Озодликка Телеграм орқали + 420 724971539 рақамига йўлланг. Вазиятни биргаликда кузатамиз!

22:21 1.2.2023

Танзила Норбаева истеъфосини талаб қилган блогер қамалди

Президент водийда экан, воҳада газ ва свет мавзусини фаол ёритган, сенат раисини раиси истеъфосини талаб қилган блогер қамоққа ташланди.

Яккабоғлик Элмурод Одил 31 январь куни туҳмат ва ҳақоратда абдор деб топилиб, 15 суткага маҳкум этилди.

Элмурод Одиловга оид маъмурий иш материалларига кўра, блогер 30 январь куни Яккабоғ туманидаги 71-сонли оилавий поликлиникадаги энергетик муаммоларни ёритган. Поликлиника маъмурияти блогернинг ҳаракатига қаршилик билдириб, ҳолатни ёритмасликни сўраган. Ўртада низо келиб чиққан ва поликлиника ҳамшираси аризасига кўра, блогер судга тортилган.

Элмурод Одил ўтган ҳафта мамлакатда кузатилаётган энергетик бўҳронда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоевани айблаб, унинг истеъфосини талаб қилиб, пикет қилган эди.

Озодлик ихтиёрида суддан олдин блогернинг Яккабоғ тумани ИИБ мулозими билан аудио суҳбати мавжуд. Суҳбат мазмунидан ИИБ мулозими блогерга Сенат раиси истеъфосини талаб қилгани ўз таъбирича, чатоқ бўлганини таъкидлайди.

22:19 1.2.2023

Расман: Водийда электр тақчиллиги 1, 1 млрд кВт соатни ташкил қилади

Президент Мирзиёевга кўра, қишнинг совуқ пайти мамлакат бўйича 3, 1 миллиард киловатт соат электр етишмаган.

Водийда эса электр тақчиллиги 1, 1 млрд кВт соатни ташкил қилган:

  • Андижонда - 384 миллион кВт соат
  • Наманганда - 288 миллион кВт соат
  • Фарғонада - 441 миллион кВт соат

Бир томондан электр энергияси бошқа томондан газнинг ҳам тақчиллиги кучайгач, аҳоли электр бор пайти ундан имкон қадар кўпроқ фойдаланиб қолишга ҳаракат қилмоқда. Натижада электр тизимлари ортиқча юкламаларни кўтара олмай авариялар кўпайгани кузатилди.

Мирзиёев ҳам Андижондаги чиқишида авариялар кўпайганини айтиб, бунда масъулларни айблади:

“Нима учун масъул раҳбарлар ўз ҳудудида етишмовчиликни қоплаш, “яшил энергия”ни жорий қилиш, тежамкорлик ҳақида ўйламаган?

Андижонда олинган маълумотга кўра, президент ташрифи олдидан электр ва газ таъминоти нисбатан яхшиланган.

Мирзиёев бугундан келгуси қишга тайёргарлик ишлари бошланишини ваъда қилди. Айни пайтда водийликлар жорий қишдан эсон-омон чиқиб олиш илинжида.

Шавкат Мирзиёев 2016 йил декабридаги президент сайловлари арафасида аҳолининг электр ва газ муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди. Аммо ўтган вақт мобайнида, айниқса, куз-қиш мавсумида аҳолининг электр ва газ муаммоси долзарблигича қолмоқда.

Марҳум президент Ислом Каримов даврида лойиҳаси бошланган ва Мирзиёев даврига келиб, ишга туширилган Намангандаги Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси бутун водийни электр энергияси ва иссиқлик билан таъминлаши ваъда қилинган эди. Аммо 1 миллиард 200 миллион долларлик ушбу станция ишга туширилганига 3,5 йил бўлганига қарамай вазият ўнгланганича йўқ.

22:13 1.2.2023

Президент водийда. Мирзиёев ташрифига эски уйлар ясама деворлар билан ўралди

Ўзбекистонда расмийлар аномал деб атаган совуқ ва энергетик бўҳрон бошланганидан буён президент Мирзиёев илк бор вилоятларга сафар қилди.

Мирзиёевнинг Фарғона водийсига ишчи сафари ҳаво илий бошлаган кунларга тўғри келмоқда.

1 февраль куни Мирзиёев Андижонга борди. Президент матбуот хизмати унинг Фарғона ва Наманган вилоятларида ҳам бўлишини маълум қилди.

Кунлар исий бошлаганига қарамай, энергетик коллапсдан ҳали ўзига келмаган водийликларнинг муаммолари камайгани йўқ. Аммо маҳаллий ҳокимликлар бу муаммоларни ечиш билан эмас, балки, Озодликка келаётган хабар ва тармоқларда тарқалган видеоларга қаралса, президентнинг кўзини бўяш билан банд.

Тармоқларда тарқалган видеода Андижондаги эски уйларни ясама деворлар билан ўраб қўйишгани акс этган.

22:06 1.2.2023

Нукусда яна газ портлади, жароҳатланганлар бор

Нукус туманининг “Ақтерек” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 2 қаватли уйда 31 январь тонгида газ портлаган. Портлаш оқибатида 4 киши оғир тан жароҳати олган.

Туман ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳодиса чоғида жабрланганлар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Қорақалпоғистон филиалига етказилган, уларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Портлаш ортидан воқеа жойига туман фавқулодда вазиятлар бўлими, ички ишлар бўлими, соғлиқни сақлаш бўлими, прокуратура ва “Ҳудудгазтаъминот” ходимлари етиб боришган, масъуллар ҳодиса сабаби ва кўрилган зарар миқдорини аниқлашяпти, дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Нукус шаҳрининг 22-микрорайонидаги тўрт қаватли уйда 29 январь куни газ портлагани, ҳодиса оқибатида 5 киши ҳалок бўлгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.

Мазкур портлаш сабабли уйдаги бир нечта хонадоннинг том ва пол қисмлари ўпирилиб, 4-қаватдан 1-қаватгача тушиб кетгани айтилган. Расмийлар мазкур уйда яшаганлар эвакуация қилингани, улар вақтинча уй-жой ва озиқ-овқат билан таъминланганини билдирганлар.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG