Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:05

ZIMISTON-UZ: "Газ заправкалар" 22 кундан сўнг қайта очилмоқда

📌Ҳар йилгидек, Ўзбекистонга совуқ кутилмаганда келди. Унинг кутилмаганлиги табиат инжиқлиги эмас, балки мамлакат энергетика тизимидаги муаммолар билан боғлиқ. Биринчи қордан кейиноқ мамлакат энергетик коллапсга гувоҳ бўлмоқда.

Ўтган йиллардаги каби яна бутун Ўзбекистон бўйлаб электр ва газ тақчиллиги кузатилмоқда. Аммо афтидан, вазият бу йил олдингидан ҳам ёмон. Бу йил энергетика инқирози пойтахтгача етиб келди.

Озодлик ўзбекистонликларнинг энергетик бўҳронга оид вазият акс этган хабарларини ZIMISTON-UZ блогига жамламоқда.

Сиз яшаётган худудда вазият қандай?

Қандай қишлаяпсиз?

Газ ва свет борми?

Хабарларингизни Озодликка Телеграм орқали + 420 724971539 рақамига йўлланг. Вазиятни биргаликда кузатамиз!

20:24 23.1.2023

Газ экспорти рақамларидаги тафовут ва қайта тикланган газ импорти

Ўзбекистон Статистика агентлигининг билдиришича, 2022 йилда 910,9 миллион долларлик газ экспорт қилинган. Газнинг асосий қисми Хитойга сотилган. Айни пайтда Хитой ўтган йили Ўзбекистондан 1,07 миллиард долларлик газ харид қилганини маълум қилди. Бу эса Ўзбекистон эълон қилган рақамлардан 159,5 миллион долларга кўпдир.

Газ экспорти бўйича рақамлардаги тафовутга изоҳ бераркан, Ўзбекистон Статистика агентлиги мамлакатларнинг ташқи савдо бўйича статистикаси солиштирилганда муайян миқдор ва ҳажмдаги тафовутлар кузатилишини табиий дея таърифлаган.

Хитой божхона бош бошқармаси эълон қилган рақамларга кўра, декабрь ойида Ўзбекистондан 40 млн долларлик табиий газ импорт қилгани маълум бўлади. Ўзбекистон статистика агентлиги буни ҳам рақамлардаги тафовутга боғлади ва буни шов-шувга айлантирмасдан, фақат расмий маълумотдан фойдаланишни сўради.

Ўзбекистон расмийлари ўтган уч ойда газ экспорти тўхтатилганини бир неча марта эълон қилишган. Жумладан, декабрь бошида “Ўзтрансгаз” компанияси бошқаруви раиси Беҳзод Норматов Хитойга газ экспорти 100 фоизга тўхтатилганини эълон қилди. Бироқ мулозим ўз баёнотига бирор ҳужжат тақдим қилганича йўқ.

Айни пайтда Ўзбекистон Туркманистондан газ импорт қилишни қайта тиклади. Лекин айни пайтда импорт қилинаётган газ ҳажми аномал совуқ бошлангунига қадар бўлган меъёрдан анча пастдир. Бу ҳақда “Газета.uz” “Ўзтрансгаз” ширкатига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Туркманистон Ўзбекистонга газ экспортини 12 январда тўхтатган эди. Ўшанда бунга Туркманистон конларида юзага келган техник муаммо сабаб қилиб келтирилган.

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов томонидан 12 декабрь куни Ашхободда имзоланган мазкур шартномага мувофиқ, Туркманистон Ўзбекистонга кунлик 20 миллион куб метр табиий газ қўшимча етказиб бериши лозим эди.

“Газета.uz” хабарига кўра, 21 январдан бошлаб Туркманистон Ўзбекистонга кунига атиги 4,8 миллион кубометрдан газ бера бошлаган.

21:08 20.1.2023

Қор тозаламаган ўқитувчиларга таҳдид қилган прокурор узр сўраб чиқди

Ангрен шаҳар прокурори Улуғбек Хабилжонов шаҳардаги 22-мактабда қор тозаланмагани учун ўқитувчиларга таҳдид қилгани видеоси тармоқларда трендга чиқди.

"Ангрен шаҳридаги 22-мактабдамиз ҳозир. Умуман қордан тозаланмаган. Яқинда мактаб бошланади, бу ерлар тозаланмаган. Ўқитувчилар ҳам йўқ, бекордан-бекорга ойлик олиб ётишибди. Ҳамма мактаб ўзига хулоса қилсин, бўлмаса, биз хулоса қиламиз. 4 та сектор юрибмиз, мана ҳоким, милиция", дейди Телеграм каналига жонли видео қилган прокурор Хабилжонов.

Прокурорнинг бу таҳдиди тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлиб, мажбурий меҳнатга қарши фикрлар билдирилди.

"Гапни қара "ойлигини олиб ётибди" миш.
Ўқитувчи ўқитгани учун ойлик маош олади! Қор курагани учун эмас.
Ҳоким, ИИБ бошлиғи, Прокурор айланиб юрмай, ҳеч йўқ битта мактабни тозалашса манфаати кўпроқ тегади, амалидан фойдаланиб ўқитувчиларга қулга қарагандай қарамай",
дея ёзди блогер Олимжон Ҳайдаров.

Озодлик манбасига кўра, прокурорнинг бу таҳдиди Тошкент вилоятига республика ишчи гуруҳи бориши олдидан қилинган текширув пайти содир бўлган. Ишчи гуруҳ ташрифига вилоятдаги барча мактаблар ҳудуди қордан тозалаб қўйилиши буюрилган ва прокурор шу топшириқни текширишга чиққан пайти видео қилган.

Ангрен мактаблари ўқитувчилари прокурор таҳдидидан сўнг чиқиб, мактаб ҳудудини қордан тозалагани маълум бўлди. Бунга оид суратлар тармоқларда тарқалди.

Тармоқларда танқидлар кучайгач, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳолатга муносабат билдиришга мажбур бўлди:

"Маълумки, педагог ходимларни хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш тақиқланган. Ушбу видеолавҳа Бош прокуратурага юборилган ва ҳолат ҳозирда ўрганилмоқда".

Кун охирида Ангрен шаҳар прокурори Улуғбек Хабилжоновга интизомий жазо чораси қўлланилгани маълум бўлди. Унинг ўзи эса ўқитувчилардан кечирим сўраб чиқди.



20:51 20.1.2023

Туркманистон: Амударё музлаши оқибатида шарқий ҳудудларда тошқин хавфи пайдо бўлди

Туркманистоннинг Лебап вилояти Дарғаната этрапида Амударё музлагани туфайли эҳтимолий сув тошқинига қарши шошилинч чоралар кўрилмоқда. Кенг кўламли ҳозирлик табиий офат юз бериши хавфини юқори эканидан далолат беради, дея хабар қилмоқда Озодликнинг туркман хизмати.

Сўнгги ҳафталарда ҳарорат -25 даражага тушиб кетиб, Амударёнинг Лебап вилоятидан ўтган қисмида қалин муз қатлами ҳосил бўлган эди. Кейинги бир неча кунда ҳаво илиб, муз эрий бошлагани натижасида яқин-атрофдаги аҳоли масканлари тошқин хавфи остида қолмоқда.

“Фавқулодда гуруҳлар тузилган. Туркманобод шаҳри коммунал хизматлари, экскаваторлар ва бошқа зарур техника билан шошилинч равишда Дарғанатага йўлланган”, дейилади хабарда.

Ҳозирда техника ва одамлар Амударё қирғоғини қум ва тупроқ тўкиб, мустаҳкамлашга сафарбар қилинган. Аммо бу ишларда қатнашаётган турғунлардан бири ушбу чора самарали бўлишига шубҳа билдиради:

“Қум-тупроқ тўкиб, қирғоқни кўтаришга улгуришмайди. Чунки кўтарган сари кўпроқ сув келади. Муз палахсалар соат сайин ортяпти”, дейди у.

Бошқа ҳудудларда ҳам вазият қалтислиги айтилмоқда. Озодлик хабарига кўра, Дарғанатага қўшни Сейди шаҳри яқинида дарё тошиб, чорвачилик хўжалигини босган, қарийб 50 бош сигир нобуд бўлган.

Манбалардан бири тошқин олдини олиш тадбирларига ҳарбийлар ҳам жалб этилганини маълум қилди.

Бироқ маҳаллий аҳоли кўрилаётган чоралар табиий офатдан безарар сақланиш учун кифоя қилмаслиги мумкинлигидан ташвишланмоқда.

Туркманистон ҳукумати ва давлат ОАВлари шарқий ҳудудларда пайдо бўлган сув тошқини хавфи ҳақида сукут сақламоқда.

Озодликнинг Лебап вилояти маъмуриятидан вазият бўйича изоҳ олишга уринишлари зое кетди.

20:47 20.1.2023

Сурхондарёга Тожикистондан электр олинди. Термизликлар вазият ўнгланмаганидан шикоят қилишди

Сурхондарёнинг Термиз тумани Бунёдкор маҳалласи аҳли йиллар давомида газ-светсиз яшаётганди, бу йилги аномал совуқ улар муаммоларини янада кўпайтирди.

Маҳаллада қор йўқ. Лекин совуқ ҳаво сақланиб қолган. Одамлар иложсизликдан уйда кўрпага ўраниб ўтиришга мажбур. Айниқса, ёш болалар касалликка чалинишидан хавотир билдиришди, бунёдкорликлар.

Бунёдкор маҳалласи аҳли шикояти Сурхондарё вилоятининг қатор туманларига Тожикистон орқали электр энергияси етказиш йўлга қўйилгани хабари эълон қилинган бир пайтга тўғри келди.

“Ҳудудий электр тармоқлари”ининг Сурхондарё ҳудудий филиали хабарига кўра, 18 январдан эътиборан аномал совуқ сабаб Тожикистондан электр олиш йўлга қўйилган:

"2023 йил 18 январ куни Шўрчи, Олтинсой, Қумқўрғон, Жарқўрғон туманларининг 70 фоиз, Бандихон, Қизириқ, Шеробод туманларининг 90 фоиз ва Бойсун туманидаги электр энергия истеъмолчилари Сариосиё, Узун, Денов туманлари қатори Тожикистон Республикасининг “Регар-500” подстанциясидан чиқувчи 220кВли Л-Регар-Зарчоп ва Л-Регар-Шеробод электр узатиш тармоқлари орқали кучланиш билан таъминланди".

Термиз тумани Бунёдкор маҳалласи аҳли эса бу имкониятдан ҳам маҳрум. Режага кўра, бу туман Тожикистон электри билан таъминланадиган ҳудудлар рўйхатига киритилмаган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG