Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:43

ZIMISTON-UZ: "Газ заправкалар" 22 кундан сўнг қайта очилмоқда

📌Ҳар йилгидек, Ўзбекистонга совуқ кутилмаганда келди. Унинг кутилмаганлиги табиат инжиқлиги эмас, балки мамлакат энергетика тизимидаги муаммолар билан боғлиқ. Биринчи қордан кейиноқ мамлакат энергетик коллапсга гувоҳ бўлмоқда.

Ўтган йиллардаги каби яна бутун Ўзбекистон бўйлаб электр ва газ тақчиллиги кузатилмоқда. Аммо афтидан, вазият бу йил олдингидан ҳам ёмон. Бу йил энергетика инқирози пойтахтгача етиб келди.

Озодлик ўзбекистонликларнинг энергетик бўҳронга оид вазият акс этган хабарларини ZIMISTON-UZ блогига жамламоқда.

Сиз яшаётган худудда вазият қандай?

Қандай қишлаяпсиз?

Газ ва свет борми?

Хабарларингизни Озодликка Телеграм орқали + 420 724971539 рақамига йўлланг. Вазиятни биргаликда кузатамиз!

20:02 19.1.2023

Газсиз қолган Ўзбекистон шамолга умид қилмоқда

Навоийда қурилаётган шамол электр станцияси Марказий Осиёдаги энг йирик шамол электр станцияси бўлади. Қорақалпоғистонда эса дунёдаги энг йирик шамол электр станцияси қурилади.

Бу ҳақда хабар қилган Энергетика вазирлиги Матбуот хизматига кўра, Навоий вилояти Томди туманида қурилаётган шамол электр станцияси жорий йил якунида ишга туширилади.

Бугун ушбу станция учун техник жиҳозлар Хитойдан келтирилган.

Режага кўра, Навоийдаги станция қуввати 500 МВт бўлиб, йилига 1 млрд 800 млн кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Ушбу станция Бирлашган Араб Амирликларининг Masdar компанияси томонидан қурилмоқда.

Қорақалпоғистонда дунёдаги энг йирик шамол электр станцияси қуриш шартномаси ўтган йил августида Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига давлат ташрифи давомида имзоланган эди.

19:59 19.1.2023

Навоийда 500 қўйни бўрилар ғажиб ташлади

Навоийнинг тоғли ҳудудларида қаҳратон совуқда оч қолган бўрилар галаси чорва молларига ҳужум қилмоқда. Бу ҳақда журналист Толиб Раҳматов ўзининг телеграм каналида хабар қилди.

Журналистга кўра, Навбаҳор туманининг тоғли ва тоғолди ҳудудларида бир ойдан бери чорва молларига ҳужум қилаётгани сабаб юзлаб қўй нобуд бўлган.

Kun.uz нашри ҳам бўрилар ҳужуми ҳақида ёритди. Нашр хабарига кўра, бўрилар кундуз кунлари ҳам отар оралаяпти, бир ой ичида йиртқичлар ҳамласидан 500 бошдан ортиқ чорва нобуд бўлган.

Маҳаллий чўпонлар зудлик билан чора кўрилмаса бўри ҳамласидан яна юзлаб чорва моли нобуд бўлишидан хавотир билдирган.

19:56 19.1.2023

Қозоғистон ва Россия газ бўйича «йўл харитаси»ни имзолади

Қозоғистон ва Россия газ етказиб бериш бўйича «йўл харитаси»ни имзолади.

Қозоғистон бош вазирининг расмий сайтида эълон қилинган хабарга кўра, “йўл харитаси” 18 январь куни Санкт-Петербургда Қозоғистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Роман Скляр ва «Газпром» раҳбари Алексей Миллер ўртасида имзоланган.

Учрашувда Оренбургда қозоқ газини қайта ишлаш, Россия газини Қозоғистонга етказиш масаласи муҳокам қилинган.

Бошқа тафсилотлар маълум эмас.

Куни кеча ўзбек матбуоти Россия худди шундай келишув учун ўзбекистонга шарт қўйгани ҳақида ёзганди.

Gazeta.uz хабарига кўра, Россия томони рус газини Ўзбекистонга Қозоғистон орқали етказиб беришни таклиф қилган. Бироқ нашр манбаларига кўра, Россия томони бунинг учун иккита шарт қўйган. Биринчиси, Ўзбекистоннинг газ-транспорт тизимини бозор нархида “Газпром”га топшириш, иккинчиси, Хитойга газ экспорти шартномасидаги Ўзбекистон ҳуқуқини ҳам Россияга топшириш бўлган.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ўтган ойдаги чиқишларидан бирида буни билвосита тасдиқлаган.

Kun.uzнинг Ўзбекистон ҳукуматидаги манбаларига кўра, расмий Тошкент Россия томонининг шартларини қабул қилмаган.

22:24 18.1.2023

Ўтган ой қамалган Музаффар Алиев озод қилинди

Ўтган йил 11 декабрь куни президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов ўтказган видеоселекторда қўлига кишан солинган «Ҳудудгазтаъминот”нинг Тошкент вилоят бўлими бошлиғи Музаффар Алиев эсингиздами?

Тошкент вилояти прокуратурасининг билдиришича, Алиевга нисбатан қамоқ кўринишидаги эҳтиёт чораси ўзгартирилган.

Озодлик манбасига кўра, Алиев январь ойи бошида қамоқдан чиқарилган ва кейин касалхонада даволанган.

11 декабрь кунги йиғилишда Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев Музаффар Алиевга нисбатан жиноят иши очилганини маълум қилган эди.

Озодлик манбалари Алиев Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқовнинг буйруғи билан ҳукумат мажлисидан қўлига кишан солинган ҳолда олиб чиқиб кетилганини айтишган.

Йиғилиш давом этиб турган бир пайтда маҳаллий матбуот Музаффар Алиевнинг қўлига кишан солингани акс этган суратини эълон қилган.

Ҳозирда Алиевга қарши очилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари давом этаётгани айтилмоқда.

Айни пайтда энергетик бўҳрон сабаб 16 январь куни президент Мирзиёев томонидан лавозимидан четлатилган Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг кейинги тақдири номаълум қолмоқда. Унинг хорижга чиқиб кетишга уринган пайтда Тошкент халқаро аэропортида қўлга олингани ҳақида маҳаллий матбуотда пайдо бўлган хабар расман тасдиқланмаган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG