Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:34

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

18:57 18.3.2024

Зеленский Россиядаги сайловларни ноқонуний деб атади

Украина президенти Владимир Зеленский Россия президенти Владимир Путин абадий ҳукмронликка интилаётгани, Россияда ўтган президентлик сайловлари эса ноқонуний эканлиги ҳақида гапирди.

Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида Путин «ҳокимият касаллигига дучор бўлгани ҳамда абадий ҳукмронлик қилиш учун ҳамма нарсани қилаётгани»ни таъкидлади:

«Саҳналаштирилган сайловда заррача қонунийлик йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Бу актёр Ҳаагада суд қилиниши керак. Биз ҳаёт ва одоб-ахлоқни қадрлайдиган барча билан биргаликда буни амалга оширишимиз керак».

18:55 18.3.2024

Путин: Ғарб қўшинларининг Украинага юборилиши Учинчи жаҳон урушига олиб келиши мумкин

Россия президенти Владимир Путин душанба куни эрталаб сайлов натижаларидан кейинги матбуот анжуманини ўтказди. Ғарб қўшинларининг Украинада бўлиши дунёни Учинчи жаҳон уруши ёқасига олиб келади, дея таъкидлади Путин.

Аммо бундай сценарийдан ҳеч ким манфаатдор деб ўйламайман, қўшимча қилди Россия президенти:

“Замонавий дунёда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Россия ва НАТО ўртасидаги можаро дунёни Учинчи жаҳон урушига етаклайди. Мен бу ҳақида аллақачон гапирганман. Менимча, бундан ҳеч ким манфаатдор эмас”.

Путин Россия қуролли кучлари Украинада ҳар куни олдинга силжиб бораётгани ва жанг майдонидаги устунлик Москва томонида эканини таъкидлади.

Владимир Путин Россия Украинада тинчлик ўрнатиш имконияти борасида ким билан гаплашишни ўйлаб кўриши кераклигини таъкидлаб, бу Украина президенти Владимир Зеленский бўлмаслигини билдирди.

Белгород вилоятининг яқинда ўққа тутилиши ҳақидаги саволга Путин кейинги ҳужумларнинг олдини олиш учун Россия Украина назоратидаги ҳудудларда «санитария зонаси» яратиши мумкинлигини ишора қилди:

“Бугун рўй бераётган фожиали воқеаларни инобатга олган ҳолда, ҳозирги Киев режимига бўйсунувчи ҳудудларда душман ўтиши қийин бўлган маълум бир санитария хавфсизлик зонасини яратишга мажбур бўлишимиз мумкинлигини истисно қилмайман”.

16:10 18.3.2024

МСК: Путин 87 фоиздан кўп овоз олди

Россия президенти Владимир Путин президентлик сайловларда ғалаба қозониб, навбатдаги 6 йиллик муддатга сайланди.

Путин сайлов натижаларига кўра, 87 фоиз овоз билан яққол устунликка эришди. Бу замонавий Россия давридаги рекорд кўрсаткич. Марказий сайлов қўмитасининг маълум қилишича, уч кун давом этган сайловда сайлов ҳуқуқига эга фуқароларнинг 70 фоиздан ортиғи иштирок этган.

2000 йилдан бери Россияни бошқариб келаётган Путин эндиликда Иосиф Сталинни ҳам ортда қолдириб, Россия тарихида мамлакатни энг узоқ муддат бошқарган раҳбарга айланади.

Бу йилги сайлов Россиянинг Украина билан уруши давом этаётган ва Ғарб билан муносабатлар ўта совуқлашган бир шароитда ўтказилди.

Сохта сайловларни ўтказиш орқали Путин халқ томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланаётганини кўрсатмоқчи, дейди экспертлар.


Кремлнинг мақсади “Украинага қарши уруш тарафдорларини имкон қадар кўпайтириш. Бундан мақсад Путин икки йил аввал бир ўзи қабул қилган қарорни миллионлаб россияликлар маъқуллашига эришиш«, - дейди Кеннан институти катта мутахассиси Максим Трудолюбов.

Путин сайлов натижалари эълон қилинганидан кўп ўтмай, сайлов халқ «бир жамоа» эканини кўрсатганини айтди.

Путинга сайловда Кремлга яқин 3 номзод рақиблик қилди.


Навалний тарафдорлари россияликларни сайловнинг учинчи кунида Путин бошқарувига қарши тинч намойиш ўтказишга чақирди.

Россия оммавий ахборот воситалари сайловдан бир неча ой олдин Кремль Путиннинг 2018 йилги сайловдаги ғалабасидан ҳам каттароқ натижа кўзлаётгани ҳақида хабар берган эди. 2018 йили Путин 77,5 фоиз овоз билан ғалаба қозонган эди.

Кремль урушга қарши сиёсатчи Борис Надеждин номзодини рўйхатга олишни рад этди.

Постсовет Россия тарихида биринчи марта бу йилги президентлик сайловлар мустақил кузатувчиларсиз ўтказилди.

Овоз бериш жараёнлари Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудларида ҳам бўлиб ўтди.

Юлия Навальная сайлов куни Берлиндаги Россия элчихонаси олдида ўтказилган намойишда. 17 март, 2024
Юлия Навальная сайлов куни Берлиндаги Россия элчихонаси олдида ўтказилган намойишда. 17 март, 2024


АҚШ сайловлар на адолатли, на эркин бўлмаганини таъкидлади.

Мухолифат етакчилари »Путинга қарши" акциясини ташкиллаштириб
Путин режимидан норози сайловчиларни сайлов участкаларида йиғилишга чақирди.

Ўтган ой Путиннинг ашаддий танқидчиси Алексей Навалнийнинг қамоқхонадаги сирли ўлими Россия мухолифати учун катта йўқотиш бўлди.

Новосибирск, Чита, Екатеринбург, Перм, Москва ва бошқа шаҳарлардаги сайлов участкаларида «Путинга қарши» норозилик намойишида иштирок этиш учун кўплаб одамлар йиғилди.

17:41 17.3.2024

Сайловнинг учинчи куни ва “Путинга қарши чошгоҳ” акцияси

17 март – Россияда президент сайловида овоз беришнинг учинчи ва охирги куни.

Мустақил кузатувчилар ва экспертлар сайловни “эркин эмас ва рақобатсиз сайлов” дея баҳолашмоқда.

Россияни 2000 йилдан бери бошқариб келаётган Владимир Путин бешинчи муддатга сайланиш учун президентликка номзодини қўйган. Амалдаги президентдан ташқари учта номзод бор:

Давлат Думаси вице-спикери, “Новие люди” партиясидан сайланган Владислав Даванков, коммунист депутат Николай Харитонов ҳамда ЛДПР раҳбари Леонид Слуцкий. Парламентга кирмайдиган партияларнинг номзодлари ҳамда мустақил номзодлар рўйхатдан ўтказилмади.

Овоз беришнинг биринчи куни, яъни 15 мартда, расмий қайдларга кўра, сайловчилар иштироки 38 фоиздан ошган, иккинчи кунда эса 58 фоиз бўлган.

Сайлов участкаларини ёқиб юборишга, варақаларни зелёнка ва бошқа бўёқли моддалар сепиб яроқсиз ҳолатга келтиришга уринишлар бўлди.

Тергов қўмитаси “сайлов комиссиялари фаолиятига тўсқинлик қилиш”га доир модда бўйича 15 та жиноят иши қўзғатди, дея хабар бермоқда “Новая газета Европа”.

Якшанба куни “Путинга қарши чошгоҳ” акцияси ўтказилиши эълон қилинган эди. Мухолифат Путин сиёсатидан норози сайловчиларни сайлов участкаларига соат 12 да келишга чақирди.

Шу тариқа улар ўз ҳаммаслаклари билан учрашиб, ёлғиз эмасликларини кўришлари мумкин.

Акция ғояси “Яблоко” партиясидан чиққан петербурглик собиқ депутат Максим Резникка тегишли. Уни кўплаб мухолиф сиёсатчилар, жумладан ўлимидан олдин Алексей Навалний ҳам қўллаб-қувватлаган эди.

14 мартда Москва прокуратураси мурожаат билан чиқиб, сайловга 17 март куни айни чошгоҳ вақти келишга чақириқларни “фуқароларнинг ўз сайлов ҳуқуқидан эркин фойдаланишига ҳамда сайлов комиссиялари фаолиятига халал бериш” деб атади ва акция иштирокчиларига нисбатан жиноят ишлари очилиши ҳақида огоҳлантирди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG