Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:39
 Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.
Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.

ZIMISTON-UZ: Газ портлашида Сурхондарёда икки, Сирдарёда ҳам икки киши ҳалок бўлди

📌Ҳар йилгидек, Ўзбекистонга совуқ кутилмаганда келди. Унинг кутилмаганлиги табиат инжиқлиги эмас, балки мамлакат энергетика тизимидаги муаммолар билан боғлиқ. Биринчи қордан кейиноқ мамлакат энергетик коллапсга гувоҳ бўлмоқда.

Ўтган йиллардаги каби яна бутун Ўзбекистон бўйлаб электр ва газ тақчиллиги кузатилмоқда. Аммо афтидан, вазият бу йил олдингидан ҳам ёмон. Бу йил энергетика инқирози пойтахтгача етиб келди. Тошкент ўтган йилларда, асосан вилоятларда кузатилган газ босими пасайишларию метан газга навбатларга дуч келмоқда. Аммо бу ҳали бошланиши… ҳаво янада совиши кутилмоқда.

Озодлик ўзбекистонликларнинг энергетик бўҳронга оид вазият акс этган хабарларини ZIMISTON-UZ блогига жамламоқда.

Сиз яшаётган худудда вазият қандай?

Қандай қишлаяпсиз?

Газ ва свет борми?

Хабарларингизни Озодликка Телеграм орқали + 420 724971539 рақамига йўлланг. Вазиятни биргаликда кузатамиз!

21:17 9.1.2023

Вазирлик мультфильми танқидга учради

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги яратган мультфилм кескин танқидларга сабаб бўлди.

«Қишдан чиқиб олиш учун ҳаммамиз биргаликда энергияни иқтисод қилайлик» деб номланган мультфильмда мамлакатда кузатилаётган энергетик бўҳронга марҳум президент Ислом Каримов айбдорлигига ишора қилинган.

Энергетика билан боғлиқ рақамлар Каримов ва Мирзиёев даврига бўлинган ҳолда берилиб, Мирзиёев президентлик курсисига келгач, энергетик ислоҳатлар бошлангани таъкидланган.

Вазирликка кўра, муаммодан чиқиш учун иккита йўл мавжуд, биринчиси, энергетикани тежаш, иккинчиси, эса газни захира қилиш.

Мультфильм сўнггида нархлар ошишига ҳам ишора қилинган.

Ижтимоий тармоқларда вазирлик буюртмаси билан яратилган ушбу мультфильм танқидларга учради. Қуйида Фейсбукдаги айрим постлардан иқтибослар келтирамиз:

  • Jaloliddin Sa'dinov, Фейсбук фойдаланувчиси:

Бу роликни кўриб, ҳайратланасиз; ўз ишини эплолмаган давлат айбни халқдан қидираётгандек. Яхшиямки, халқ текинга эмас, ўз пулига ўз мулкини сотиб олиб, ишлатади. Барча хатолар 2016 йилгача бўлиб ўтган деб ҳисобласак, янги ҳукумат эски даврдан қолган хатоларни тўғирламоқда, дейиляпти. Унда эски давр бош вазири кўп функциялар, шу жумладан, ижро этувчи ҳокимиятнинг бошлиғи сифатида кўп хато қилган бўлиб чиқяптими?

  • Shuhrat Rustamov, Фейсбук фойдаланувчиси:

Karimov davri tugaganiga 7 yil bo'ldi. Sal uyallaring endi o'zini oqlash uchun Sovet davri yoki Karimovni malomat qilishni. Qiyudagi savollarga avval javob berlaring:
1. Nimaga oxirgi yillarda, iste'mol oshishiga qaramasdan gaz ishlab chiqarish qisqarib borgan?
2. Nimaga adolatsiz Lukoil bilan bo'lgan shartnoma qayta ko'rib chiqilmadi?
3. Nimaga energetika sohasiga doir hamma ma'lumotlar haligacha ochiqlanmagan? Statiskita yopiq aksar ko'rsatkichlar bo'yicha.
4. Nimaga hukumat yopiq qarorlar bilan bu sohani boshqarishda davom etyapti?

  • Muhammad Matjon, журналист (Фейсбукдаги постидан)

Ўтган олти йилда Шоввозсойлар, ситилар қурилганда нега газ сақлаш омбори, электр станциялар қурилмади? Бундан кейин бўлишига қандай кафолатлар бор? Энди халқни кўникишга ўргатиш психологияси ишга тушди. Қойил.

19:31 9.1.2023

Балиқчи заправкасидаги жанжалда бир киши жароҳатланди

5 январь куни Андижон вилояти Балиқчи туманидаги автомобилларга газ қуйиш шохобчасида содир бўлган жанжалда бир киши жароҳатланди.

Вилоят Ички ишлар бошқармасига кўра, ҳодиса Балиқчи тумани Эскимарказ МФЙ, Мукаррам кўчасида жойлашган “Фаровонлик тимсоли” МЧЖга қарашли автомобилларга газ қуйиш шохобчасида содир бўлган.

“Москвич” русумли автомашина эгаси газ қуйиш учун навбат кутиб турган пайти заправка қоровуллари икки ҳайдовчини навбатсиз ўтказиб юборганини кўриб норозилик билдирган.

Натижада жанжал келиб чиққан ва заправканинг икки қоровули “Москвич” эгасини калтаклаб, унинг оёқ ва бош қисмига ёғоч таёқ билан уриб, тан жароҳати етказишган.

Ҳодиса бўйича Жиноят кодексининг «Безорилик» моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

16:34 9.1.2023

Фарғонада трансформатор ёниб кетди

Кеча, 8 январь куни Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида трансформатор ёниб кетди.

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабарига кўра, ҳодиса якшанба куни кечқурин Қўштепа тумани «Ўқчи» МФЙ ҳудудида содир бўлган.

Ўт ўчирувчилар ёнғинни ўчиришга муваффақ бўлган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқлиги айтилди.

Дастлабки тахминларга кўра, трансформатор ортиқча кучланишни кўтара олмай ёниб кетган.

15:50 9.1.2023

ССВ: Аномал совуқда кексалар ва болалар кўчага чиқмасин

Бугундан бошлаб Ўзбекистонга Волгабўйи ҳудудларидан совуқ ҳаво массаси кириб келиши бошланди.

Гидрометеорология хизмати маълумотларига кўра, бунинг натижада 10-15 январь кунлари Ўзбекистонада аномал совуқ кузатилади. Мамлакат жанубида ҳаво ҳарорати кечалари -12-17 даража совуқ бўлади. Шимолда эса вазият жиддийроқ: кечаси -17-22 даража, Устюрт ва чўл ҳудудларининг баъзи жойларида эса -25-27 даража совуқ бўлиши кутиляпти.

Соғлиқни сақлаш вазирилиги совуқдан сақланиш бўйича тавсияларни эълон қилди.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Баситханова аномал совуқда оч юрмасликни таъкидлаб, алкоголь ва тамаки истеъмол қилмасликка чақирди. Унга кўра, ичиш ва чекиш қон томирларини кескин торайтириб, қўл ва оёқнинг қисқа муддатда музлашига сабаб бўлиши мумкин.

Аномал совуқ кунлари очиқ ҳавода камроқ бўлиш, болалар ва кексаларнинг кўчага чиқмаслиги тавсия этилди.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Баситханова:

— Қаттиқ совуқда кўпинча қон томирларининг кескин торайиши кузатилади. Айниқса, гипертония, бош мия қон томирлари атеросклерози, инсульт ва инфарктдан кейинги ҳолат, стенокардия каби касалликлар билан оғриган беморларга бундай ноқулай об-ҳаво салбий таъсир кўрсатади. Уларни бош ва юрак соҳасидаги оғриқлар безовта қилади. Шунингдек, бронх ва ўпка хасталиклари, хусусан, бронхиал астмага чалинган беморларда касалликнинг фаол давридаги асоратлар зўраяди. Яъни уйдан кўчага чиққанда, бронхоспазм ёки стенокардиянинг хуруж қилиш хавфи ортади. Шу сабабли бундай инсонлар шифокор тавсияси билан ёнида доимий ичиб юрадиган дориларини олиб юриши шарт.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG