Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:29
 Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.
Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.

ZIMISTON-UZ: Газ портлашида Сурхондарёда икки, Сирдарёда ҳам икки киши ҳалок бўлди

📌Ҳар йилгидек, Ўзбекистонга совуқ кутилмаганда келди. Унинг кутилмаганлиги табиат инжиқлиги эмас, балки мамлакат энергетика тизимидаги муаммолар билан боғлиқ. Биринчи қордан кейиноқ мамлакат энергетик коллапсга гувоҳ бўлмоқда.

Ўтган йиллардаги каби яна бутун Ўзбекистон бўйлаб электр ва газ тақчиллиги кузатилмоқда. Аммо афтидан, вазият бу йил олдингидан ҳам ёмон. Бу йил энергетика инқирози пойтахтгача етиб келди. Тошкент ўтган йилларда, асосан вилоятларда кузатилган газ босими пасайишларию метан газга навбатларга дуч келмоқда. Аммо бу ҳали бошланиши… ҳаво янада совиши кутилмоқда.

Озодлик ўзбекистонликларнинг энергетик бўҳронга оид вазият акс этган хабарларини ZIMISTON-UZ блогига жамламоқда.

Сиз яшаётган худудда вазият қандай?

Қандай қишлаяпсиз?

Газ ва свет борми?

Хабарларингизни Озодликка Телеграм орқали + 420 724971539 рақамига йўлланг. Вазиятни биргаликда кузатамиз!

15:02 9.1.2023

Наманганда 8 яшар бола вафот этди. Ўлимга ис гази сабаб бўлиши мумкин

Наманган вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси чустлик 8 яшар бола ўлимига шу фотони илова қилган.
Наманган вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси чустлик 8 яшар бола ўлимига шу фотони илова қилган.

8 январь куни Наманган вилояти Чуст тумани «Ёрқишлоқ» МФЙда 8 ёшли бола вафот этди.

Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабарига кўра, якшанба куни «Ёрқишлоқ» маҳалласидаги хонадонлардан бирида 8 ва 3 ёшдаги ака-ука соғлиги ёмонлашгани сабаб шифохонага ётқизилган. Болаларнинг каттаси Тиббиёт бирлашмасида биринчи ёрдам кўрсатилишига қарамасдан вафот этган. Унинг укасининг аҳволи борасида маълумот берилмаган.

Ҳозирда ҳодиса бўйича терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ўлим сабаби аниқланаётгани таъкидлаган, бироқ ўлимга ис гази сабаб бўлганига ишора қилиб, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилишга чақирган. Шунингдек, бошқарма хабарига хонадонлардан биридаги печка сурати илова қилинган. Суратнинг вафот этган бола ўлимига алоқаси бор-йўқлиги очиқланмаган.

  • Агар Чустдаги 8 яшар бола ўлимига ҳам энергетик муаммолар сабаб бўлгани тасдиқланса, жорий йилда совуқ бошланганидан бери энергия инқирозидан қурбон бўлган болалар сони 19 нафарга етади, ўлган болаларнинг ёши 3 ойликдан 15 ёшгача.

Бухорода 4 бола

Жиззахда 4 бола

Андижон 3 бола

Қашқадарёда 2 бола

Хоразмда 2 бола

Наманганда 2 бола

Тошкент вилоятида 1 бола

Самарқандда 1 бола

16:26 6.1.2023

Наманган ва Андижон аэропортлари туман сабаб вақтинча ёпилди

Бугун қуюқ туман сабаб Наманган ва Андижон халқаро аэропортлари фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.

Наманган аэропортида кўриниш чегарасининг 700 метргача пасайиб кетиши сабабли Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Оренбург–Наманган–Иркутск ва Иркутск–Наманган–Тошкент йўналишлари бўйича рейслари ўзгартирилди.

Air Arabia авиакомпаниясининг Шаржа–Наманган–Шаржа, шунингдек, Red Wings авиакомпаниясининг Москва–Наманган–Москва рейслари Тошкент халқаро аэропортига кўчирилди.

Ноқулай об-ҳаво шароити сабабли (кўриш масофаси 900 метр) Андижон аэропортининг фаолияти ҳам чекланди. Тошкент–Фарғона, Фарғона–Самарқанд, Самарқанд–Фарғона ва Фарғона–Тошкент рейслари ўзгартирилган йўналиш бўйича амалга оширилиши кўзда тутилган.

Қалин туман сабабли 2022 йил 30 декабрь куни ҳам Тошкент ва Андижон халқаро аэропортлари фаолияти чекланган, парвозлар ўзгартирилган жадвалга мувофиқ амалга оширилган эди.

16:18 6.1.2023

Навоийда кучли шамол сабаб тўрт маҳалла чироқчиз қолди

Навойи вилояти Нурота тумани “Сентоб”, “Каттасой”, “Кичиксой”, "Темирқовуқ" маҳаллаларда кучли шамол сабаб 43 та симёғоч қулаб тушган.

Вилоят "Ҳудудий электр тармоқлари" идораси хабарига кўра, воқеа 3 январь куни кечга яқин содир бўлган.

Симёғочлар қулагани оқибатида 4 та маҳалладаги 550 та хонадон бир сутка давомида электр энергиясиз қолган. Ҳозирда ҳолат тўлиқ бартараф этилгани айтилмоқда.

Энергетика вазирлиги хабарига кўра, Навоийдан ташқари Жиззах ва Андижон вилоятларида ҳам кучли шамол натижасида электр тармоқларида узилишлар кузатилган.

15:51 6.1.2023

Чимёнда Россия ватандоши қор кўчкисида ҳалок бўлди

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани Чимён тоғолди ҳудудида 61 яшар Россия ватандоши қор кўчкиси тагида қолиб ҳалок бўлди.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, ҳодиса 4 январь куни соат 13:20ларда содир бўлган.

Вазирлик хабарида қайд қилинишича, 61 яшар россияликнинг ўлимига унинг қор кўчкиси хавфи тўғрисидаги огоҳлантиришларга қарамай, тақиқланган ҳудудда чанғи учгани сабаб бўлган. У чанғида учиши билан қор кўчкиси хавфини юзага келтирган ва қор уюмлари остида қолиб ҳалок бўлган. Олиб борилган қидирув ишлари давомида чанғи учувчининг жасади қор уюмлари остидан чиқариб олинган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги янги йил арафасида мамлакатнинг турли худудларида қор кўчкиси хавфидан огоҳлантирган эди. 4 январь куни Қамчиқ довони қор кўчкиси хавфи сабаб 10 соатга ёпиб ҳам қўйилди. Довонда қолиб кетган 2300 нафардан ортиқ йўловчи эвакуация қилинган, 877 та автомобиль эса хавфсиз жойга олиб ўтилгани билдирилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG