Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:57
 Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.
Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.

ZIMISTON-UZ: Газ портлашида Сурхондарёда икки, Сирдарёда ҳам икки киши ҳалок бўлди

📌Ҳар йилгидек, Ўзбекистонга совуқ кутилмаганда келди. Унинг кутилмаганлиги табиат инжиқлиги эмас, балки мамлакат энергетика тизимидаги муаммолар билан боғлиқ. Биринчи қордан кейиноқ мамлакат энергетик коллапсга гувоҳ бўлмоқда.

Ўтган йиллардаги каби яна бутун Ўзбекистон бўйлаб электр ва газ тақчиллиги кузатилмоқда. Аммо афтидан, вазият бу йил олдингидан ҳам ёмон. Бу йил энергетика инқирози пойтахтгача етиб келди. Тошкент ўтган йилларда, асосан вилоятларда кузатилган газ босими пасайишларию метан газга навбатларга дуч келмоқда. Аммо бу ҳали бошланиши… ҳаво янада совиши кутилмоқда.

Озодлик ўзбекистонликларнинг энергетик бўҳронга оид вазият акс этган хабарларини ZIMISTON-UZ блогига жамламоқда.

Сиз яшаётган худудда вазият қандай?

Қандай қишлаяпсиз?

Газ ва свет борми?

Хабарларингизни Озодликка Телеграм орқали + 420 724971539 рақамига йўлланг. Вазиятни биргаликда кузатамиз!

15:34 6.1.2023

Совуқ сабаб мактаб ва олийгоҳларда қишки таътил бир ҳафтага узайтирилди

Ўзбекистонда аномал совуқ сабаб мактаб ва олийгоҳларда қишки таътил муддати яна бир ҳафтага узайтирилди.

Белгиланган тартибга кўра, мактаб ўқувчилари учун қишки таътил 11 январга қадар, олийгоҳларда эса 9 январга қадар давом этиши керак эди. Эндиликда ўқиш жараёнлари 18 январь, чоршанба кунидан бошланади.

Бу борадаги қарор "ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши даврида аҳоли ўртасида, айниқса таълим ташкилотларида мавсумий грипп касаллигининг кескин кўпайишининг олдини олиш мақсадида” қабул қилингани қайд қилинди.

“Ўзгидромет” хабарига кўра, 10-15 январь кунлари мамлакат шимолида кечалари 17-22 даража совуқ, Устюрт ва чўл ҳудудларининг баъзи жойларида кечаси 25-27, кундуз кунлари 7-10 даража совуқ бўлиши кутилмоқда.

17:14 4.1.2023

Тошкентда ҳам портлаш: 84 яшар қария жабрланди

Портлашга газ-ҳаво аралашмаси чақнаши сабаб бўлгани айтилди
Портлашга газ-ҳаво аралашмаси чақнаши сабаб бўлгани айтилди

Тошкентда ҳам янги йил арафаси газ портлаши бўлди. 30 декабрь куни пойтахтнинг Миробод тумани Содиқ Азимов кўчасида жойлашган кўп қаватли уйдаги хонадонларнинг бирида газ-ҳаво аралашмаси чақнаши юз берган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, ҳодиса оқибатида 84 ёшли бир қария жабрланган.

Ўтган йили газ портлаши оқибатида келиб чиққан ёнғинларда ўлганларнинг аниқ сони маълум эмас. Ички ишлар вазирлиги фақат ис газидан қурбон бўлганларга оид маълумотни очиқлади холос.

Вазирликка кўра, Ўзбекистонда 2022 йилда 90 дан ортиқ ис гази билан заҳарланиш ҳолати қайд этилган. Оқибатда 146 нафар одам вафот этган, 50 киши жабрланган.

Расмийлар ис гази билан боғлиқ ҳодисаларга фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик, қўлбола ясалган печлардан фойдаланиш сабаб бўлаётганини айтишади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқароларни техника хавфсизлик чораларига амал қилиш ҳақида огоҳлантириб келади, аммо бу каби ҳолатларда фуқароларга товон тўлаш ёки моддий ёрдам кўрсатиш кўзда тутилмаган.

17:13 4.1.2023

Гулсумнинг қарзи сабаб уйи электрдан узилди

Қашқадарё вилояти Ғузор тумани Қоракўл маҳалласи Шўртан қўрғончасидаги ёғоч уйда уч ёш фарзанди ва касалманд кекса онаси билан совуқдан қийналиб яшаётган Гулсум Номозова яна Озодликка шикоят қилди. Гулсумнинг айтишича, у электр энергиясидан қарзини тўлай олмагани учун светини бутунлай узиб қўйишган.

Гулсум Зимистон-уз блогига дастлабки мурожаатидан сўнг маҳаллий раҳбарлар босимига учраганини айтади. У газ-свет муаммосидан шикоят қилгани учун ижара уйидан чиқариб юборилганига норозилик билдириб, 22 декабрь куни Тошкентга, Вазирлар Маҳкамасига борганди.

Ғузор туман ҳокимлиги Номозовани Тошкентдан қайтаришга муваффақ бўлган ва унинг ижара уйида қолишига рухсат берилган эди.

Гулсум турмушидан ажрашган. У ишсиз. Оила фақат “бола пули” ва онасининг нафақасига кун кўради.

17:10 4.1.2023

Вазирлик ваъдасининг устидан чиқмади: Янги йилда ҳам свет ўчди

Энергетика вазирлиги хабарига кўра, Навоий, Жиззах, Андижон вилоятларида кучли шамол натижасида электр тармоқларида узилишлар кузатилмоқда.

Энергетика вазирлиги байрам кунлари мамлакатда чироқ ўчмаслигини ваъда қилиб, ҳатто электр ва газдан қарз бўлганлар ҳам байрамда тармоқдан узилмаслигини билдирган эди. Бироқ вазирлик бу ваъдасининг устидан чиқа олмаган. Кўпчилик вилоятларда аҳоли байрам куни ҳам чироқсиз ўтирганидан шикоят қилишди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG