Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:51

Халқаро атом энергияси агентлиги Украинада "ифлос бомба" йўқлигини тасдиқлади. Уруш хроникаси

Урушнинг 254-куни

Украина Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг босиб олинган ҳудудларидан Россия украин фуқароларини депортация қилаётганини кескин қоралади.

Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) 3 ноябрда ўз экспертлари Украинадаги объектларда “ифлос бомба” изини топмагани тўғрисида баёнот берди.

Россия Мудофаа вазирлигининг билдиришича, Украина Россияга 107 нафар асирни қайтарди. Айни пайтда Москва Украинага ҳам шунча асирни қайтарган.

Оқ уй Шимолий Кореяни Россияга яширинча “сезиларли миқдордаги” артиллерия снарядларини етказиб беришда айблади.

Разведкачиларга кўра, Россия ҳарбийлари қўмондонлик уларни эскирган БТРларда жанг қилишга мажбур қилаётганидан ғазабда. Аскарлар уларни “консерва банкалари” деб аташади.

Россия томонидан аннексия қилинган Херсонда вилоят маъмурияти биносидан Россия байроғи ечиб олинган. Бунга оид фотосурат ва видеолар маҳаллий пабликларда ёйинланди, улар Россия ОАВда ҳам чоп қилинган.

Украина расмийлари Россия инфратузилма обектларига, жумладан, Запорожье АЭС станцияси электр таъминотига зарар етказганини маълум қилган.

Америкалик тарихчи Тимоти Снайдер Украинада Shahed-136 дронларидан ҳимоя тизимини яратиш учун хайрия йиғиш билан шуғулланишини билдирди.

14:47 21.9.2022

Латвия сафарбарликдан қочган русларни қабул қилмайди

Латвия ташқи ишлар вазири Эдгарс Ринкевичнинг маълум қилишича, Рига армияга сафарбарликдан қочган Россия фуқароларига гуманитар визалар бермайди, Шенген визаси борларга ҳам чегарадан ўтишига рухсат бермайди.

Латвия буни "хавфсизлик сабаблари" билан изоҳламоқда.

19 сентабрдан бошлаб Болтиқбўйи давлатлари, жумладан, Латвия ҳам Шенген визаси бор Россия фуқаролари учун чегарани ёпди. Хусусан, давлат томонидан таъқиб қилиниш таҳдиди остида бўлган одамларга бериладиган инсонпарварлик визалари давом этиши аввалроқ маълум қилинган эди.

15:00 21.9.2022

Чехия бош вазири: Путин урушни янада кучайтиришга уринмоқда

Чехия бош вазири Петр Фиала Путин эълон қилган қисман сафарбарликни Украинадаги урушни янада кучайтиришга уриниш деб атади. Ва бу Россия бутун вазиятда ягона тажовузкор эканлигининг яна бир далилидир, деди Фиала.

Унинг таъкидлашича, ҳозирда Украинага ёрдам беришда давом этиш жуда муҳим ва бу, жумладан, Чехия Республикасининг ўз манфаатларига мос келади.

Чехия Россия босқинидан кейин Украинани оғир қуроллар билан таъминлаган биринчи давлат бўлди ва уруш пайтида ҳам Украина Қуролли кучларини танклар, вертолётлар ва артиллерия тизимлари билан таъминлашда давом этди.

15:33 21.9.2022

Польша бош вазири: НАТО иттифоқчилари Украинани дастаклашда давом этиши керак

Польша Бош вазири Матеуш Моравецкий, мамлакати Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишини айтди.

"Биз НАТО бўйича иттифоқчиларимиз билан биргаликда Украинани янада кўпроқ қўллаб-қувватлашимиз керак ва ўзини ҳимоя қила олиши учун ҳамма нарсани қиламиз. Қисман сафарбарлик ҳақидаги хабарлар тасдиқланди. Россия Украинани йўқ қилишга ва унинг ҳудудининг бир қисмини эгаллаб олишга ҳаракат қилади. Биз бунга йўл қўймаслигимиз керак", деди Моравецкий.

Айни дамда Моравецкий Польша, АҚШ ва Буюк Британия иттифоқчи кучларининг Польша шарқидаги қўшма машғулотларида иштирок этмоқда.

15:39 21.9.2022

Россияда чақирув қоғозлари кела бошлади

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари сафарбарлик эълон қилингандан кейин ҳарбий комиссарликка чақирув қоғози олинган суратларни жойлаштирмоқда. Бошқалар қаторида шифокорлар хизматга чақирилмоқда.

Россияда чақирув қоғозлари кела бошлади.
Россияда чақирув қоғозлари кела бошлади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG