Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:27

Халқаро атом энергияси агентлиги Украинада "ифлос бомба" йўқлигини тасдиқлади. Уруш хроникаси

Урушнинг 254-куни

Украина Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг босиб олинган ҳудудларидан Россия украин фуқароларини депортация қилаётганини кескин қоралади.

Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) 3 ноябрда ўз экспертлари Украинадаги объектларда “ифлос бомба” изини топмагани тўғрисида баёнот берди.

Россия Мудофаа вазирлигининг билдиришича, Украина Россияга 107 нафар асирни қайтарди. Айни пайтда Москва Украинага ҳам шунча асирни қайтарган.

Оқ уй Шимолий Кореяни Россияга яширинча “сезиларли миқдордаги” артиллерия снарядларини етказиб беришда айблади.

Разведкачиларга кўра, Россия ҳарбийлари қўмондонлик уларни эскирган БТРларда жанг қилишга мажбур қилаётганидан ғазабда. Аскарлар уларни “консерва банкалари” деб аташади.

Россия томонидан аннексия қилинган Херсонда вилоят маъмурияти биносидан Россия байроғи ечиб олинган. Бунга оид фотосурат ва видеолар маҳаллий пабликларда ёйинланди, улар Россия ОАВда ҳам чоп қилинган.

Украина расмийлари Россия инфратузилма обектларига, жумладан, Запорожье АЭС станцияси электр таъминотига зарар етказганини маълум қилган.

Америкалик тарихчи Тимоти Снайдер Украинада Shahed-136 дронларидан ҳимоя тизимини яратиш учун хайрия йиғиш билан шуғулланишини билдирди.

19:21 18.9.2022

В. Зеленский: Озод этилган шаҳарларда қийноқхоналар топилмоқда!

Харков вилояти Изюм шаҳрида топилган оммавий қабристонда эксгумация ишлари давом эттирилмоқда. Махсус идоралар экспертиза ишларини олиб бормоқда ва кунига 50га яқин мурдаларни қазиб олишмоқда.

У ерда дафн этилган одамларга нисбатан қийноқ қўлланганига оид янги далиллар топилди. Президент Владимир Зеленский ўзининг ҳар кунлик видеочиқишида Украина қўшинлари озод қилаётган турли шаҳар ва қишлоқларда ўндан ортиқ қийноқ камералари топилганини маълум қилди.

- Босқинчилар қочиб кетаётиб, қийноқ асбобларини ҳам ташлаб кетмоқдалар. Ҳатто Казачья Лопандаги оддий темир йўл станциясида қийноқлар хонасини, электр токи уриши учун қийноққа солиш асбобларини топдик. Бу шунчаки вокзал! Қийноқлар ишғол қилинган барча ҳудудларда қўлланилган. Мана бу нацистлар қилаётган иш. Мана бу рашистлар қилаётган ишлар. Улар бу қилмишлари учун жанг майдонида ва судлар залларида жавоб беришади. Биз бу қийноқларни ва вахшийликларни қилган ҳар бир шахсни кимлигини аниқлайми, - деди Зеленский.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Изюмда оммавий қабрлар топилганидан кейин Украинага ёрдамни кучайтириш зарурлигини айтди.

19:29 18.9.2022

Россия ҳарбийлари Украина ҳудудидаги аҳоли пунктларини ўққа тутишда давом этмоқда

Россия ва Украина ҳарбийлари ўртасида бир вақтнинг ўзида бир нечта ҳудудларда фаол жанглар кетяпти. Босиб олинган ҳудудлардаги украиналик партизанлар русларнинг ҳарбий техникани олиб ўтишига йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқда.

Ўтган кун давомида Россия қўшинлари 6 та ракета ва 28 та ҳаво ҳужумини амалга оширди, ракета комплекслари томонидан Украина ҳудудидаги ҳарбий ва фуқаролик нишонларига 90 дан ортиқ ҳужумларни амалга оширди. 30 дан ортиқ аҳоли пунктларининг инфратузилмаси зарар кўрди.

18 сентябрга ўтар кечаси Украинанинг Никопол вилоятига “Град” ва оғир артиллериядан уч марта ўқ узилди, уч киши яраланди. Шу кечаси Николаев, Очаков шаҳарлари ҳам ўққа тутилди.

Донецк вилоятида ўққа тутилиши натижасида Николаевка шаҳридаги Славянская иссиқлик электр станцияси ишдан чиққан.

Харков вилоятининг Стрелечие қишлоғида психиатрия шифохонасидан беморларни эвакуатсия қилиш чоғида Россиянинг ўққа тутилиши натижасида тўрт нафар тиббиёт ходими ҳалок бўлди.

Кеча Чугуев ўққа тутилганидан кейин 11 ёшли қиз ҳалок бўлган эди. Шунингдек, Синегубов сўзларига кўра, отишма пайтида яна бир аёл яраланган, унинг аҳволи ўртача оғирликда.

19:34 18.9.2022

Урушишни истамаётган рус ҳарбийлари суратлари ҳожатхонага осилди

Шарқий ҳарбий округда “махсус ҳарбий операция”да иштирок этишдан бош тортганлар учун ҳарбий гувоҳномага “хиёнат” штампи қўйилмоқда. “Озодлик” радиоси ихтиёрида шундай муҳр босилган “ҳарбий гувоҳнома”нинг сурати бор.

Москвалик адвокат Максим Гребенюк Мудофаа вазирлиги бланкасида Шарқий ҳарбий округ қўмондони вазифасини бажарувчи Алексей Ртишчев имзолаган буйруқ суратини чоп этди.

Ушбу ҳужжатда Ртишчев "Украина ҳудудида махсус ҳарбий операцияда иштирок этишдан бўйин товлаган (рад этган) ҳарбий хизматчиларнинг ҳужжатларига қўйиш" учун штампнинг ягона шаклини тасдиқлашни талаб қилади. Штамп қуйидаги матнни ўз ичига олиши керак:

"ДЕЗЕРТИР! Жанговар топшириқни бажаришдан бош тортди! ХИЁНАТГА мойил!"

Фронтда жангчилар етишмовчилигига дуч келган рус ҳарбий маъмурияти урушишдан бош товлаётган аскарларга нисбатан ғайриоддий ва кўп ҳолларда ноқонуний усулларни ҳам қўлламоқда. Масалан, мана бу ҳарбий қисмда урушишни истамаган аскарлар суратлари ва шахсий маъмулотлари ҳожатхона деворига осиб чиқилган ва фотода “Улар гвардиячилар қўшилмаларини шарманда қидмоқда!” деб ёзилганини кўриш мумкин.

Украинада жанг қилишдан бош тортган россиялик контракт аскарларининг ҳарбий чипталари ва шахсий ҳужжатларига ўрнатилган шунга ўхшаш штамплар илгари ҳам қўйилгани маълум.

19:37 18.9.2022

Қримда пропагандачи Дмитрий Киселевнинг иккита машинасига ўт қўйишди

Аннексия қилинган Қримдаги Коктебел шаҳарчасида 17 сентябрга ўтар кечаси россиялик телебошловчи, рус пропагандаси раҳбарларидан бири Дмитрий Киселевнинг уйи ёнида иккита машинага ўт қўйган номаълум шахс қидирувга берилди. Бу ҳақда қатор телеграм каналлари ёзмоқда.

Қайд этилишича, воқеа шанба куни эрталаб соат 2лар атрофида содир бўлган. Видеоназорат камераларидан олинган дастлабки малумотларга кўра, автомашиналарни тиббий ниқоб ва оёқ кийимидаги номаълум шахс ёқиб юборган.

Воқеа жойидан олинган суратларга кўра, Киселевнинг голф машинаси ва Лэнд Ровери ёниб кетган.

“Диққат, янгиликлар” хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан ўт қўйиш орқали мулкни қасддан нобуд қилиш ёки шикастлаш моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ички ишлар вазирлигининг вилоят бошқармаси ҳам Коктебел қишлоғида иккита автомобилнинг ўт қўйилгани боис, уларнинг эгасининг исми-шарифини кўрсатмай туриб, иш қўзғатилганини маълум қилди. Телебошловчи ўт қўйиш ҳақидаги хабарларга ҳозирча изоҳ бермади.

Дмитрий Киселёв "Раша Тудей" давлат медиа гуруҳини бошқаради. 2014 йилдан бери у Қримнинг аннексия қилинишини қўллаб-қувватловчи Кремл ташвиқотини тарғиб қилишдаги роли учун Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG