Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:54

Миллиардер Алишер Усмонов ЕИ санкциялари устидан судлашмоқчи


Алишер Усмонов тоғ-кон саноати ва телекоммуникация соҳасини ўз ичига олган йирик USM Holdings конгломератига эгалик қилади.
Алишер Усмонов тоғ-кон саноати ва телекоммуникация соҳасини ўз ичига олган йирик USM Holdings конгломератига эгалик қилади.

Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов Европа Иттифоқи кенгашининг унга нисбатан санкция қўллаш қарорини бекор қилишни сўраб, Европа судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Россиянинг расмий ТАСС ахборот агентлиги 4 май куни бу ҳақда хабар қилди. Бир кун ўтиб Европа суди матбуот хизмати Усмоновдан шундай даъво аризаси ўтган ой охирида келиб тушганини тасдиқлади.

Матбуот хизмати хабарида айтилишича, даъвогар Кенгашнинг унга нисбатан эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги қарорини бекор қилишни ва суд қарори чиқарилгунга қадар тақиқловчи чораларни қўллашни тўхтатиб туришни талаб қилган.

Алишер Усмонов Россиянинг Украинага тажовузи ортидан Россиянинг президент Путинга яқин деб ишонилган бошқа олигархлари қаторида ЕИнинг санкциялар рўйхатига киритилган эди.

8 апрель куни Европа Иттифоқи Кенгаши Алишер Усмоновнинг синглиси Саодат Нарзиевани ҳам санкциялар рўйхатига киритди. Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази (OCCRP) Швейцария банкларидаги умумий қиймати 2 млрд доллардан кўпроқ 27 дан ортиқ банк ҳисобларининг ниҳоий бенефициари экани ҳақида ёзган.

"Путиннинг ҳамёни"

Европа Иттифоқи кенгаши президенти имзолаган янги санкциялар рўйхатига қўшилган Алишер Усмонов¸ “президент Владимир Путинга алоҳида яқин алоқага эга шахс” сифатида таърифланган.

Усмонов ЕИ томонидан Қримни аннексия қилиш ва Украинани беқарорлаштиришга масъул Россия ҳокимияти эгаларини моддий ва молиявий жиҳатдан фаол қўллаб келганлиги айтилади.

Санкциялар доирасида миллиардернинг Европа Иттифоқига кириши тақиқланган, Иттифоқ ҳудудидаги активлари эса музлатилган.

Украина уруши ва Путиннинг ўзбек олигархлари. Санкциялар сиртмоғи тортилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:29 0:00

Март ойи бошида Франция ҳукумати Алишер Усмоновга алоқадор 2 та вертолётни ҳибс қилди.

Шунингдек, Германия ҳукумати Гамбургдаги кемасозлик заводида Алишер Усмоновнинг 600 миллион долларлик “Дилбар” яхтасини тўсиб қўйгани хабар қилинди.

Италия нашрлари эса, Сардиниядаги Усмоновга тегишли вилла хатлангани ҳақида хабар берди.

ЕИ билан санкция устидаги суд можаролари йиллаб давом этиши ва даъвогар камдан-кам холда санкциянинг бекор қилинишига эришиши мумкин.

Британияда яшовчи ўзбекистонлик таҳлилчи Алишер Илҳомов айнан Путинга яқинлиги учун Усмоновнинг санкциялар рўйхатига киритилиши тўғри қарор бўлганини айтади.

“Усмоновнинг санкция рўйхатидан чиқишга уринишининг юридик жиҳатлари ҳақида бирон нарса айтолмайман. АҚШ ва ЕИ рус олигархларига санкция жорий қилиш орқали Путинга таъсир ўтказишга уринаётгани ҳақида айтилган. Лекин бунинг таъсирини кўрмаяпмиз. Мен масаланинг бошқа томонига эътибор қаратмоқчиман: Россия ҳукумати хорижда олигархларнинг активларидан фойдаланиб, ўз операцияларини, ҳатто ҳарбий амалиётларни молиялаши, Путин уларнинг активларидан фойдаланиши эҳтимолига. “Путиннинг ҳамёни” дейилар экан, кимнингдир номига хорижда очилган активлар тушунилади. Мен буни кенг маънода айтадиган бўлсам, Путин ёки Кремль ўз мақсадларини шу активлар орқали молиялаши мумкин. Шу маънода санкциялар авторитар режимнинг бу маблағлардан фойдаланиш имкониятларини торайтиради”, - дейди Илҳомов.

Мирзиёевнинг қудаси

Ўзбекистонда туғилган 68 яшар Алишер Усмонов президент Шавкат Мирзиëевнинг қудаси саналади.

Мирзиëев ҳокимиятга келгач Усмонов Ўзбекистондаги тоғ-кон¸ металлургия¸ телекоммуникация¸ банк ва суғурта секторидаги йирик компанияларнинг асосий ҳиссадорлари қаторидан ўрин олди.

Ўзбекистонда Усмонов Ucell уяли алоқа компанияси, мажбурий маркировкалаш бизнеси ("Центр развития перспективных технологий"), "Капиталбанк" ва Апельсин банклари, шунингдек, Марказий Осиёдаги йирик "Оҳангаронцемент" заводини назорат қилади.

Шу йил бошида Усмоновга тегишли тузилмалар Ўзбекистонда янада фаоллашгани кузатилди. Кўпгина таҳлилчилар асли ўзбекистоник олигарх шу тариқа эҳтимолий Ғарб санкциялари зарбасини камайтиришни кўзлаганига ишонади.

“У Ўзбекистон билан алоқаларини йўлга қўйишда, Ўзбекистондаги вазиятга таъсир ўтказишда маълум рол ўйнайди, ўзининг молиявий имкониятларидан, оилавий ришталаридан фойдаланиб мана шундай парда ортидаги ролни ўйнайди. Президент Мирзиёев, ҳатто Усмоновнинг самолётида Нью-Йоркка сафар қилганини ҳам биламиз. Яъни, бу ўртада маълум муносабат мавжудлигини кўрсатмоқда, - дейди Алишер Илҳомов.

Февраль ойи охирида The Guardian нашри Европа Иттифоқи санкцияларига қарамай, Алишер Усмоновнинг “Airbus A340” учоғи Мюнхендан Тошкентга учиб келгани ҳақида хабар берган эди.

Алишер Усмонов тоғ-кон саноати ва телекоммуникация соҳаси, жумладан, Россиядаги иккинчи мобил оператор бўлмиш МегаФонни ўз ичига олган йирик USM Holdings конгломератига эгалик қилади.

Forbes нашрига кўра, унинг бойлиги уруш бошланишидан олдин қарийб 18 миллиард долларга баҳоланган.

Россия Украинага бостириб кирганидан икки ой ўтиб айни нашр Усмонов активлари 11,5 миллиард долларга тушгани ҳақида хабар қилди.

XS
SM
MD
LG