Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:00

Говорит Москва:"Алишер Усмоновнинг Ўзбекистон ҳукуматига таъсири юқори"


Говорит Москва: “Россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг Ўзбекистон ички сиёсатига таъсири ошиб бораётир”. Россия оммавий ахборот воситаларида кенг тарқатилаётган бу иддаода Ўзбекистонда вақтинчалик президентлик вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев мустақил сиёсат юргизишига шубҳа билдирилмоқда.

“Алишер Усмоновнинг Ўзбекистон ҳукуматига таъсири ошди”

Россия нашрларида келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик тадбиркор Алишер Усмоновнинг Ўзбекистон ҳукуматига ошиб бораётган таъсири тўғрисида миш-мишлар кенг тарқала бормоқда.

Россия ОАВи А.Усмонов ҳақида гапирмоқда
Россия ОАВи А.Усмонов ҳақида гапирмоқда

Бу гап-сўзларга кўра, Ўзбекистоннинг навбатдаги президенти ўз сиёсатини мамлакат ичкарисидаги “кланлар” раҳбарлари - Миллий хавфсизлик хизмати бошлиғи Рустам Иноятов ва Бош вазир муовини Рустам Азимовдан ташқари россиялик бизнесмен Алишер Усмонов билан ҳам келишган ҳолда олиб бориши лозим бўлади.

Бевосита Алишер Усмоновга тегишли мазкур маълумотлар 13 октябрда Reuters ахборот агентлиги нашр қилган ​ “Exclusive: New Uzbek leader to share power due to clan rivalries” (Эксклюзив: Янги ўзбек етакчиси ҳокимиятни маҳаллий қарамақаршиликлар туфайли тақсимлашга мажбур) мақоласидан узиб олинган.

Қозоғистонлик муаллиф Олжас Ауэзов ўз мақоласида келтираётган “эксклюзив” маълумотларни “икки нафар дипломатик манба ва ўзбек бизнесменига” таяниб келтирган.

“Номаълум дипломатлар” фикрича, Мирзиёев ўз қарорларини “ўзбек кланлари раҳбарлари” билан келишган ҳолда қабул қилади.

Айни пайтда, мақолада Алишер Усмоновга тегишли маълумотлар “исми сир қолишини сўраган ўзбек тадбиркори” номидан келтирилган.

Бу манба охирги пайтларда Алишер Усмоновнинг хусусий учоғи охирги пайтларда тез-тез Тошкентда пайдо бўлаётганини ўз сўзларига далил сифатида келтирган.

“Ўзбек бизнесмени” Flightradar24 сайти орқали Алишер Усмоновнинг 350 миллион долларга баҳоланган “Бурҳон” ҳаво кемаси Тошкентга келиб кетгани қайд этилганини билдирди.

Шунингдек, келиб чиқиши Ўзбекистондан бўлган миллиардернинг мамлакат Бош вазири Шавкат Мирзиёев билан қариндошлик ришталари боғлаб тургани ҳам ёдга олинмоқда.

Октябр ойи бошларида рус олигархининг ўзининг шахсий Airdus-ида Тошкентда шахсий ошпази тўйини уюштиргани ва унга таниқли россиялик санъаткорлар, жумладан Алла Пугачева, Сосо Павлиашвили ва бошқаларни олиб келгани ҳам Россия матбуоти эътиборидан четда қолмади.

Россия оммавий ахборот воситаларида тилга олинаётган мақоладаги айнан Алишер Усмоновга тегишли “компромати”га жамоатчилик эътибори тортилаётгани кўзга ташланмоқда.

Шу билан бирга Россия оммавий ахборот воситаларида сўнгги бир ойда Алишер Усмоновнинг Россия ва Ўзбекистон ўртасида воситачилик аҳамияти борасида кўп маротаба гапирилди. Уларда тадбиркорнинг ҳатто Ўзбекистон президентлигига номзод бўлиши мумкинлиги тахминлари жиддий оҳангда янгради.

Усмонов иддаоларни рад этди

Усмоновнинг матбуот хизмати Россиянинг нашрлари жамоатчиликда тарқатилаётган бу хабарни расман рад этиб чиқди.

“Биз бир неча маротаба таъкидлаганимиздек, А.Б.Усмонов Ўзбекистон сиёсий ҳаётида иштирок этмайди. Бу мавзуга доир миш-мишларнинг тарқалиши конъюнктура характерига эга ва ҳақиқатдан йироқдир. Жаноб Усмонов Ўзбекистонда кўплаб таниш ва қариндошларга эга. Агарда мамлакат раҳбарияти бирор ёрдам сўраб мурожаат қилса – у фойдаси тегишидан мамнун бўлади. Жаноб Усмонов ўз тарихий юртига муваффақиятлар ва гуллаб-яшнашни тилаб қолди”, дейилади эълон қилинган Алишер Усмоновнинг расмий жавобида.

Озодлик бу масалада Алишер Бурхоновичга тегишли “Металлоинвест” ширкати матбуот хизмати орқали изоҳ сўраб мурожаат қилди.

Нима ҳақида гап кетаётганини эшитган матбуот хизмати вакили гўшакни зудлик билан ташлаб юборди ва кейинги қўнғироқларга жавоб бермади.

Ўзбекистон Каримов ташқи сиёсатини давом эттиради..ми?

Москвадаги МДҲ институтининг Марказий Осиё бўлими директори Андрей Грозин Россия нашрларига берган интервьюсида Шавкат Мирзиёевни марҳум Ислом Каримовга ўхшатди.

- У Каримов клони эмас, аммо мамлакат ва жаҳонда вазиятни олдинги президентга ўхшаш тарзда қабул қилувчи одамга жуда ўхшаб кетади. Ундан Россия ёки бошқа тарафга оғиб кетишини ҳеч ким кутмаётир, дея хулоса қилди Андрей Грозин.

Алексей Малашенко
Алексей Малашенко

Москвадаги Карнеги тинчлик жамғармасининг Марказий Осиë бўйича етакчи мутахассиси Алексей Малашенко вазиятга баҳо бериб, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги Алишер Усмоновнинг воситачилик аҳамиятини инкор этмасдан, унинг мамлакат ичкариси ва ташқарисидаги сиёсатга таъсирини юқори баҳоламасликни сўради.

Алексей Малашенко билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:47 0:00
Бевосита линк

- Мен Усмонов таъсири юқорилиги тўғрисида гапирмаган бўлардим. Аллақандай алоқалар, учрашувлар бўлишини инкор этмайман, аммо унинг бизнеси нуқтайи назаридан ва бошқа сабабларга кўра Усмонов Ўзбекистон ташқи сиёсатида катта ўзгаришларни қила олишига жиддий шубҳам бор. Ўзбекистон Каримов даврида олиб борилган кўпвекторли сиёсатни давом этади, деган фикрдаман. Айниқса Россиянинг Украина ва МДҲ ҳудудида олиб бораётган сиёсатини кўриб турган ўзбеклар ўзини Кремль кучоғига отади, деб ўйламайман. Усмонов Кремлнинг воситачиси бўлиши турган гап, аммо Тошкентда Россия билан яқинлашишга қарши бўлган сиёсатчилар ҳам жуда кўплигини инобатга олинг, деди Алексей Малашенко.

XS
SM
MD
LG