Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:29

"9 май Путин учун муҳим сана". Ҳарбий эксперт Украинадаги урушнинг бориши ҳақида


Владимир Путин Москвадаги Номаълум аскар ёдгорлигига гулчамбар қўйиш маросимида. Москва, 8 май, 2012
Владимир Путин Москвадаги Номаълум аскар ёдгорлигига гулчамбар қўйиш маросимида. Москва, 8 май, 2012

Пентагон фикрича, ҳозирда Россия қўмондонлиги Донбассни босиб олишга устуворлик бермоқда. Чунончи, рус армиясининг Харьков вилояти бўйлаб олға силжиётгани шундан далолат беради. Америка ҳарбийларига кўра, Россия шу тариқа УҚК қисмларини қуршовга олишни мўлжаллаган ёки Донбассга ҳужумни кейинги музокараларда “кузир карта” сифатида қўлламоқчи.

Россия, умуман олганда, ҳарбий стратегияни ўзгартирган бўлиши мумкин, чунки қўшинлар Киевга ҳануз ҳужум қилмаяпти, дейишяпти Пентагонда. Британия разведкаси эса, Украина қўшинининг қарши ҳужумларига қарамай пойтахт ҳамон хавф остида, деб ҳисоблайди.

New Geopolitics Research Network тадқиқот маркази директори Михаил Самусь “Настояшчее время” телеканалига урушдаги айни вазият, унинг давоми ва муҳтамал натижалари ҳақида сўзлаб берди.

– Ишончим комилки, Путин ҳам, Россия генераллари ҳам бу урушнинг бош вазифаси – Украинани давлат сифатида буткул йўқ қилишдан воз кечмаганлар. Шу боис ҳозирда улар сиз тилга олган йўналишларда муайян муваффақиятсизликлар туфайли муайян мақсадларни тактик жиҳатдан ўзгартиришлари мумкин. Бу аввало Киевга, шунингдек, Николаев ва Одессага ҳужумлар, Украинанинг бутун ҳудудини қамраб олиш муаммолари билан боғлиқ. Ҳолбуки, ўз ҳужумларида Беларусь ҳудудидан тўлалигича фойдаланишаётганини ҳисобга олганда, назаримда, улар жуда яхши имкониятга эга эди. Қарийб 800 минглик шахсий таркиби, минглаб зирҳли техникаси ва бошқа қуроллари бор армия 1800 чақиримлик фронтни “эплаши”, ҳужумда муваффақият қозониши мумкин эди. Аммо уларга вазиятга оқилона баҳо бера олишмагани ва ўз имкониятларидан оқилона фойдалана олишмагани панд берди. Натижада бугун улар Украина бунёд эттган мудофаа марраларига бошлари билан келиб урилиб, мажақланишяпти.

Украиналик ҳарбий эксперт Михаил Самусь.
Украиналик ҳарбий эксперт Михаил Самусь.

Умуман, тарихга назар ташласак, Россия ҳамиша шунақа урушади: вазифани омилкорлик ва сифат билан эмас, шахсий таркиб ва техника сони ҳисобига бажаради.

– Сизнингча, шахсий таркиб йўқотишларига доир қайси маълумот ҳаққонийроқ? Россиянинг ўзи 1300 аскар йўқотдик, демоқда, Украина эса Россия армиясининг инсон талафотларини 17 мингдан ортиқ деб кўрсатяпти. Орада катта тафовут бор.

– Фақатгина интернетда пайдо бўлган видеоларга кўра баҳолаган тақдиримизда ҳам Россиянинг йўқотишлари 1300 дан анча кўплиги аниқ. Менимча, Украина тарафи бераётган маълумот ҳақиқатга яқинроқ. Аслида ҳар бир рус аскарини ҳеч ким санаб чиқа олмайди. Ҳар бир аскари қаердалигини ҳозир Россия қўмондонлиги ҳам билмаса керак.

Вазиятга Россия пропагандачилари кўзи билан эмас, реал қарайдиган бўлсак, Россия қўшинлари таъминот марказларидан узоқда, Украина ҳудуди ичкарисида – масалан, Киев ва Чернигов вилоятларида, Суми ва Харьковда қолиб кетгани яққол кўриниб турибди. Яъни, тайинли логистика ва алоқадан маҳрум бўлишгани сабабли у ёки бу бўлинманинг ўлик-тириклиги номаълум. Буни улар билан ҳар куни жангда рўпара келаётган украин ҳарбийларигина билишади. Шундай экан, талафотларга доир аниқ рақамларни уруш тугаганидан сўнг – Украина ўз ерларини тозалаб, техника ва жасадларни санаб чиққач эшитамиз.

– Россия талафотлардан сўнг шахсий таркибни тўлдиришга ҳаракат қилади, яширин тарзда қисман ёки тўлиқ сафарбарлик уюштиради, деб ёзгандингиз. “Яширин сафарбарлик” нима дегани?

– Ўйлашимча, Путин, ундан ҳам аввал генераллари ўз ҳисоб-китобларида адашганларини, амалиётни барбод қилишганини тан олишмайди. Улар 2-3 кунда ҳаммаси ҳал бўлишига ва ушбу амалиётни бажариш учун 150 минглик шахсий таркиб етарли эканига кафолат бергандилар. Биз – украин ҳарбий таҳлилчилари Россия разведкаси Путинга реал маълумотни етказишидан умидвормиз, дея бир неча йил такрорлаб келдик. Шунда Путин 150 минглик қўшин билан Украинага ҳужум қилишга журъат этмайди, деб ўйладик. Бунча куч билан бунақа амалиётни бажариш зотан имконсиз нарса. Кутганимизнинг тескариси бўлди. Россия армияси шунақа аҳволга тушишини сира тахмин қилмагандик.

Бинобарин, шахсий таркибни яна 150-200 минг кишига кўпайтириб, сўнгра Украинага ҳар тарафдан ҳужум қилмагунча россияликлар ҳеч иш чиқаришолмайди. Шу боис улар яширин тарзда сафарбарлик ўтказишади, очиқ ўтказа олишмайди – акс ҳолда ишлари пачавалигини тан олган бўлишади. Очиқ сафарбарлик ташкил қилинса, “шунақа таҳдид бор, Украина жанг қилишни билар экан”, дея изоҳ беришларига тўғри келади. Улар эса буни тан олишни исташмайди. Ҳаммаси режа бўйича кетяпти, деб алдаб ётишибди-ку? Режа бўйича кетаётган бўлса, сафарбарлик нимага керак, деб сўрайдиганлар бўлади-да ахир.

Натижада улар ёпиқ сафарбарлик ўтказишга, яъни ҳарбий хизматда бўлган, пулга муҳтож ва у ёки бу сабабга кўра Украинага қарши урушга боришни хоҳловчи ёки шунга мажбур одамларни топиб, тўғридан-тўғри суҳбат қилишади. Россия шахсий таркибдаги талафотлари ўрнини фақат шу йўл билан қоплаши мумкин, деб ўйлайман.

Ҳарбий техникага келсак, улар шу пайтгача “қурол ва ҳарбий техникаларимизнинг 70 фоизи модернизация қилинган”, деб лоф уриб келишганди. Биздаги маълумотларга кўра, мақталган барча техникалари аллақачон утилга чиққан. Улар ҳозир шоша-пиша сақлаш базаларидан 20 йил ва ундан ортиқ вақтдан бери чанг босиб ётган техникаларни чиқариб, эпақага келтириб, Украинага жўната бошлаганлар. Икки, уч, беш танкни сочиб ташлаб, яроқли қисмларидан битта танк ясашяпти. Муаммо шундаки, бу техникалар эскириб бўлган: двигателлари алмисоқдан қолган, қуролни бошқариш тизимлари ва электрон жиҳозлари йўқ. 70-йиллардан қолган темир-терсаклар, қисқаси. Бунақа эски матоҳлар билан Украина Қуролли кучларини енгиш – хомхаёл.

– Кимёвий қурол ҳақида нима дейсиз? Сизда Россия уни ишга солишига доир бирон маълумот борми? Ва бу ҳал қилувчи омил бўлиши мумкинми?

– Қўрқаманки, Россия урушда туб бурилиш қилиш учун ҳар қандай оммавий қирғин қуролини қўллашга тайёр. Аввалги барча ҳисоб-китоблари чиппакка чиқди, шу боис генераллар яқин орада бу масалани ҳал этишга ҳаракат қилишади. Россия давлат мафкураси илоҳийлаштирган 9 май санаси Россия генералларига ва Путиннинг ўзига ҳам кучли таъсир қилади, деб ўйлайман. Ҳар ҳолда, Украинада ишлари пачава бўлгани ҳолда Путин 9 май куни мавзолей ёнида турганча Россия армиясининг ғалабаларидан лоф уришини тасаввур қилиш қийин. Шунинг учун ҳам улар апрелда урушда бурилиш ясашга уринишади. Оддий воситалар билан бунга эриша олишмайди, ноилож қолишгач, кимёвий қуролни, ҳатто ядровий қуролни ишга солишлари эҳтимоли катта.

Бу ерда гап ядровий қуролнинг тактик қўлланиши ҳақида боряпти, Қўшма Штатлар билан Россиянинг бир-бирига ядровий зарбалар бериши ҳақида эмас. Ядро каллакли “Калибр” ракетасини Украинанинг бирон ҳудудига ташлашлари мумкин. Украина учун бу, табиийки, фожиавий оқибатларга олиб келади. Россия эса ҳам Украина раҳбариятига, ҳам Қўшма Штатлар ва НАТОга босим ўтказиб, президент Зеленский капитуляция актини имзолашини талаб қилади. Воқеалар шу йўсин ривожланиши мумкинлигини мен сира истисно этмайман.

XS
SM
MD
LG