Украина Мудофаа вазирлиги: Россия қўшинлари Киевнинг шимолий томонига чиқишга уринмоқда
Украина Мудофаа вазирлиги россиялик ҳарбийлар Киевнинг шимолий томонига чиқишга уринаётганини билдирди.
Вазирликнинг 3 мартдаги ҳисоботида Россия қўшинлари Нежин, Лебедин, Ахтарка, Чернигов ва Сумини эгаллаб олишга муваффақ бўлолмаганлари, бироқ Киевнинг шимолий ҳудудига етиб боришга уринаётганлари айтилган.
Слобожанск йўналиши бўйлаб улар Золочев, Харьков ва Балаклеяга ҳужумлар уюштиришмоқда. Новий Айдар, Волноваха ва Мариуполга ҳам ҳужумлар тўхтагани йўқ.
Мудофаа вазирлиги хабарномасида россиялик ҳарбийлар яна тунда йирик шаҳарларнинг турар-жой мавзеларини ўққа тутиш тактикасини ишга солаётганлари билдирилган.
Сўров: Украинада респондентларнинг 88 фоизи Россия хуружи даф қилинишига ишонади
“Рейтинг” социологик гуруҳи 1 март куни Украинанинг турли ҳудудларида ўтказилган сўров натижаларини эълон қилди. Мазкур маълумотларга кўра, Украина жамиятида мисли кўрилмаган ватанпарварлик руҳи ҳоким.
Сўровда иштирок этганларнинг 88 фоизи Украина Россия ҳужумини даф қилиш имкониятига эга, деб ҳисоблайди. 98 фоиз респондент Украина Қуролли кучлари хатти-ҳаракатини ижобий баҳолаган. Сўралганларнинг 93 фоизи президент Владимир Зеленскийни, 84 фоизи эса маҳаллий маъмурият раҳбарларини дастаклашини билдирган. 80 фоиз одам қўлида қурол билан ўз мамлакатини ҳимоя қилишга тайёрлигини айтган (2020 йилда бу саволга сўралганларнинг 59 фоизи мусбат жавоб берган).
Айни пайтда Украинанинг Европа Иттифоқи ва НАТОга киришини қўллаганлар сони рекорд даражага етган: сўралганларнинг 86 фоизи ўз мамлакатининг ЕИга, 76 фоизи эса НАТОга қўшилишини исташини билдирган.
“Газпром” назорати остидаги директорлар кенгаши “Эхо Москви”ни ёпиш қарорига келди
Директорлар кенгаши кўпчилик овоз билан “Эхо Москви” радиоси ва сайтини тугатиш ҳақида қарор қабул қилган. Бу ҳақда “Эхо Москви”нинг бош муҳаррири Алексей Венедиктов ўз Телеграм-канали орқали маълум қилди.
Россия расмийлари маҳаллий ОАВ олдига Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни “уруш” деб атамаслик талабини қўйган. Россия нашрларидан қўшни мамлакатдаги воқеалар ҳақида фақат расмий манбалардан олинган ҳамда уларнинг лексикасида фойдаланган ҳолда хабар қилиш талаб қилинмоқда.
Бу талабни бузгани учун 1 март куни “Эхо Москви” радиостанцияси эфири узиб қўйилган, сайти эса блокланган. Шу каби чора “Дождь” телеканали, The Village нашри, DOXA талабалар журнали сайтларига нисбатан ҳам қўлланилган. “Новая газета” таҳририятининг эса нашр ҳомийларининг овоз беришидан кейин цензурага рози бўлишдан бошқа чораси қолган эмас.
Киев ва Москва музокараларининг иккинчи раунди бошланиши кутилмоқда
Россия ва Украина делегациялари ўртасида Беларусда бўлиб ўтадиган музокаралар 3 март куни Москва вақти билан соат 15:00 (Тошкент вақти билан 18:00) да бошланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Путиннинг ёрдамчиси Владимир Мединский маълум қилди. У Россия делегациясига раҳбарлик қилмоқда.
Аммо Киев расмийлари ҳозирча бу борада маълумот бермади.
Москва Украинадан Қрим Россия ҳудуди эканини, россияпараст исёнчилар назорати остида ўзларини “ДХР” ва “ЛХР” деб номлаб олган ҳудудлар мустақил давлатлар эканини тан олишни талаб қилмоқда.
Украина Россиянинг бундай ултимат талабларини бажармаслигини ва музокаралар тенг ҳуқуқли асосда ўтказилиши шартлигини билдирган.