Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:53
Киев вилоятидаги Ирпень шаҳри орқали эвакуация қилинаётган тинч аҳоли.
Киев вилоятидаги Ирпень шаҳри орқали эвакуация қилинаётган тинч аҳоли.

Россия Украина шаҳарларини вайрон қилмоқда. Урушнинг ўн иккинчи куни

  • Россиянинг Украинага босқини давом этмоқда. БМТга кўра, Россия босқини бошланганидан бери Украинани тарк этганлар сони 1 миллиондан ошган.
  • БМТга аъзо 193 давлатдан 141 таси Россиянинг Украинага босқини қораланган резолюцияни қўллаб овоз берди. Ўзбекистон овоз беришда қатнашмаган.
  • Сингапур Россия банкларига қарши санкциялар киритди ва икки томонлама маҳсулотларни экспорт қилишни тақиқлади.
    Samsung Россияга маиший техника,телефонлар ва чиплар етказиб беришни тўхтатди.
    "Роскомнадзор" Facebook ва Тwitterни блоклади.
  • АҚШ, ЕИ, Буюк Британия ва бошқа кўплаб мамлакатлар Москвага қарши янги-янги иқтисодий санкцияларни жорий қилмоқда. Европа рус учоқларига осмонини ёпди, Туркия эса Босфор бўғозини Россия ҳарбий кемалари учун ёпиб қўйди.​
  • Германия Европа Иттифоқи санкцияларига тушган асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг 156 метрли яхтасини ҳибс қилди.​
  • 38 давлат Украинадаги эҳтимолий уруш жиноятларини тергов қилишни сўраб Ҳаагадаги Халқаро жиноят судига мурожаат қилган.

«Шимолий оқим-2» оператори Ғарб санкциялари ортидан ўзини банкрот деб эълон қилди

Россиянинг «Шимолий оқим-2» газ қувурлари оператори¸ Ғарб давлатлари жорий қилган санкциялар ортидан ўзининг банкрот бўлганини эълон қилди.

Бу ҳақда Швейцариянинг SRF нашрига Цуг кантони Иқтисод вазири Сильвия Тальманн-Гут маълум қилди.

«Ходимлар ишдан бўшатилгани ҳақида билдириш олди. Ҳозир биз уларга ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтираяпмиз. Тез орада бошқа компанияларнинг ҳам шундай вазиятга тушишини эҳтимолдан соқит қилмайман”¸ деган Швейцария нашри билан суҳбатда Иқтисод вазири.

22 февраль куни Германия канцлери Олаф Шольц Россия Донецк ва Луганскдаги сепаратчилар режимини мустақил давлат деб тан олганига жавоб тариқасида «Шимолий оқим-2» газ қувурлари лицензияси тўхтатилганини билдирган эди.

23 февраль куни АҚШ «Шимолий оқим-2» оператори Nord Stream 2 AG компаниясига санкция киритди. Бу компания акцияларининг 51 фоизи Россиянинг давлатга қарашли Газпром компаниясига тегишли.

Болтиқ денгизи остидан ўтувчи 1230 километрлик бу газ қувури Россиянинг Усть-Луга порт шаҳрини Германиянинг Грайфсвальд шаҳри билан боғлайди. 2021 йил сентябрда қуриб битирилган мазкур лойиҳа нархи қарийб 11 миллиард долларни ташкил этади.

Бу лойиҳага Европанинг Engie, OMV, Shell, Uniper ва Wintershall Dea каби компаниялари миллиардлаб доллар сармоя киритган.

2021 йил сентябрида Россия Украина чегарасида ўз қўшинларини жойлаштира бошлаши ортидан АҚШ¸ Украинага уруш қилган тақдирда¸ Россия ҳукуматининг бу лойиҳасини тўхтатишдан бир неча бор огоҳлантирган эди.

Nord Stream AG компанияси акционерлари қўмитаси раиси Германия собиқ канцлери Герхард Шрëдер. 77 яшар Шрëдер Россиянинг давлатга қарашли Роснефть компаниси раиси ҳамдир. Ғарб давлатларининг Россияга қарши санкцияларига қарамай собиқ канцлер бу лавозимлардан кетишни истамаëтир.

1 март куни немис нашрлари Шрëдернинг сукунатига норозилик тариқасида унинг командаси ëппасига ишдан кетиш ҳақида ариза ëзганини хабар қилди.

Путиннинг яқин дўсти бўлган Шрëдер ҳозиргача Россиянинг Украинага бошлаган босқинига муносабат билдирмади. Украина ҳукумати Германия собиқ канцлери “Путиннинг дунëдаги энг қудратли лоббичиси” деб атаган.

АҚШ президенти Жо Байден Тошкент вақти билан тонгги соат 7 да АҚШ халқи ва Конгрессига йиллик ҳисобот беради.

Россиянинг Украинага давом эттираëтган босқини фонида қилинадиган мурожаатида Байденнинг жорий халқаро вазият ва хавфсизлик масаласига алоҳида тўхталиши кутилмоқда.

Оқ уйнинг билдиришича¸ Байден ўз маърузасида украиналикларнинг ҳарбий жиҳатдан таққослаб бўлмас даражада кучли Россия ҳарбий агрессиясига қарши давом эттираëтган курашига юксак баҳо беради.

Оқ уй раҳбарининг шунингдек¸ Америка ва иттифоқчилари иқтисодий ва молиявий санкциялар воситасида демократик қадриятларни ҳимоя қилиш позициясида қатъийлигини таъкидлаши кутилмоқда.

Сўнгги ижтимоий сўров натижаларига кўра¸ америкаликларнинг учдан икки қисми украиналикларга хайрихоҳ ва Байден Россияга жорий қилган санкцияларни қўллаб-қувватлайди.

Байденнинг Конгрессда қиладиган йиллик маърузасига таклиф этилган Украинанинг АҚШдаги элчисига алоҳида эҳтиром кўрсатилади ва у Америка биринчи хоними Жилл Байден ëнида ўтиради.

Путин Россиядан 10 минг доллардан кўп маблағ олиб чиқиб кетишни тақиқлаб қўйди

Россия президенти Владимир Путин мамлакатдан 10 минг АҚШ долларидан кўп бўлган нақд валютани олиб чиқиб кетишни тақиқлаб қўйди. Бунга оид фармон Кремль сайти орқали ёйинланган.

Мазкур тақиқ 2 мартдан бошлаб кучга киради. Аввал 10 минг доллардан кўп маблағни олиб чиқиб кетиш учун декларация тўлдириш кифоя эди.

Путин фармони билан “дўст бўлмаган мамлакатлар”дан келган норезидентларга ва улар назорати остидаги тузилмаларга қимматбаҳо қоғозлар ва кўчмас мулк савдосини амалга ошириш, хорижий инвестициялар устидан назорат бўйича ҳукумат комиссияси розилигисиз рублда кредит олиш ҳам тақиқланган.

Фармон матнида Путин бу вақтинча чораларни “АҚШ ҳамда унга қўшилган хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг дўстона бўлмаган ва халқаро ҳуқуққа зид бўлган хатти-ҳаракатлари туфайли” киритишга қарор қилгани айтилган.

Нобель мукофоти лауреатлари Россиянинг Украинага бостириб киришини қоралашди

Нобель мукофоти совриндорларидан 162 нафари Украина қўллаб-қувватланган мактуб остига имзо чекишди. Унда Путиннинг Украинага ҳужуми ўтган асрдаги Гитлер тажовузи билан қиёсланган.

“Нацистлар Германияси шу каби найранглар ва сохта провокациялардан фойдаланган ҳолда 1939 йилда Польшага ва 1941 йилда Совет Иттифоқига бостириб киргани каби президент Путин етакчилигидаги Россия Федерацияси ҳукумати оқлаб бўлмас ҳарбий тажовузни бошлаб юборди – бу қўшни давлат бўлмиш Украинага қарши очилган урушдан бошқа нарса эмас”, дейилган мактубда муаллифлар бу ўринда ҳар бир сўз диққат билан танлангани, чунки улар бу агрессияда Россия халқининг роли борлигига ишонмасликларини урғулаганлар.

“Биз ҳаммамиз бу ҳарбий ҳаракатларни ҳамда президент Путин томонидан Украина мавжудияти легитимлилиги рад этилаётганини қоралаймиз”, деб ёзишган Нобель мукофоти соҳиблари.

Уларга кўра, мунозараларни тинч ҳал қилиш йўли ҳар доим бўлган.​

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG