Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:22
Киев вилоятидаги Ирпень шаҳри орқали эвакуация қилинаётган тинч аҳоли.
Киев вилоятидаги Ирпень шаҳри орқали эвакуация қилинаётган тинч аҳоли.

Россия Украина шаҳарларини вайрон қилмоқда. Урушнинг ўн иккинчи куни

  • Россиянинг Украинага босқини давом этмоқда. БМТга кўра, Россия босқини бошланганидан бери Украинани тарк этганлар сони 1 миллиондан ошган.
  • БМТга аъзо 193 давлатдан 141 таси Россиянинг Украинага босқини қораланган резолюцияни қўллаб овоз берди. Ўзбекистон овоз беришда қатнашмаган.
  • Сингапур Россия банкларига қарши санкциялар киритди ва икки томонлама маҳсулотларни экспорт қилишни тақиқлади.
    Samsung Россияга маиший техника,телефонлар ва чиплар етказиб беришни тўхтатди.
    "Роскомнадзор" Facebook ва Тwitterни блоклади.
  • АҚШ, ЕИ, Буюк Британия ва бошқа кўплаб мамлакатлар Москвага қарши янги-янги иқтисодий санкцияларни жорий қилмоқда. Европа рус учоқларига осмонини ёпди, Туркия эса Босфор бўғозини Россия ҳарбий кемалари учун ёпиб қўйди.​
  • Германия Европа Иттифоқи санкцияларига тушган асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг 156 метрли яхтасини ҳибс қилди.​
  • 38 давлат Украинадаги эҳтимолий уруш жиноятларини тергов қилишни сўраб Ҳаагадаги Халқаро жиноят судига мурожаат қилган.

Россияда урушга қарши норозилик акциясига чиққан қарийб 5 минг одам қўлга олинди

Россиянинг 69 та шаҳрида 6 март куни Россиянинг Украинага бостириб киришига қарши норозилик акциялари бўлиб ўтди. Мазкур акциялар чоғида, “ОВД-Инфо” лойиҳасининг сўнгги маълумотига кўра, камида 4949 киши (жумладан Москвада 2360 нафардан зиёд, Санкт-Петербургда эса қарийб 1250 нафар одам) қўлга олинган.

Шу тариқа Россиянинг энг янги тарихида норозилик намойишига чиққан одамларни тутиб кетиш бўйича рекорд янгиланди. Ҳатто Россия тарихида энг оммавий акция ҳисобланган 2021 йил 23 январидаги Навальнийнинг тутиб кетилиши муносабати билан ўтказилган норозилик чиқишида ҳам бу қадар кўп одам ушланмаган эди.

Россияда урушга қарши акциялар россиялик ҳарбийлар Украинага бостириб кирган илк кундан, яъни 24 февралдан бери ўтказиб келинмоқда. Расмийлар рухсат бермаганига қарамай, якшанба куни энг оммавий акция ўтказилган.

Рим папаси Россия билан Украина ўртасида музокараларни қайта бошлашга чақирди

Рим папаси Франциск якшанба куни Ватиканда диндорларга қилган мурожаати чоғида Россиянинг Украинага бостириб кириши масаласига тўхталган.

“Украинада қон ва кўз ёши дарё бўлиб оқмоқда. Бу шунчаки ҳарбий амалиёт эмас, бу ўлим, вайронагарчилик ва қашшоқлик келтирувчи урушдир”, деган у.

Папа Франциск ўз сўзида Россия билан Украина ўртасидаги музокараларни қайта тиклашга чақирган.

“Бу сўлғин ўлкада ҳар соатда гуманитар дастакка зарурат ортиб бормоқда. Уруш ақлсизликдир. Илтимос, тўхтанг”, деган у.

Аввалроқ Рус православ черкови раҳбари патриарх Кирилл якшанба кунги маърузасида Украинадаги уруш одамлар Донбассда гей-парадлар бўлишини истамагани учун кетаётганини билдирган эди.

Британиялик вазир Россиянинг Интерполдан чиқарилишини талаб қилди

Буюк Британия ички ишлар вазири Прити Пател Россияни Интерпол (Халқаро полиция) ташкилотидан чиқариб ташланишини талаб қилди.

Мулозима фикрича, Россиянинг хатти-ҳаракатлари инсонлар хавфсизлиги ҳамда ҳуқуқ-тартибот органларининг халқаро ҳамкорлиги учун тўғридан-тўғри таҳдид туғдирмоқда.

Пентагон: Россия Украинага бостириб киришда чегара олдига йиғилган кучларининг 95 фоизини ишга солди

Россия Украинага ҳужумда шу кунгача икки давлат чегарасида босқиндан аввал йиғилган ҳарбий куч ва воситаларнинг 95 фоизини ишга солган. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлигининг юқори лавозимли мулозими 6 март куни бўлиб ўтган брифингда билдирган.

Унга кўра, ўтган кеча-кундузда Пентагон Россия қўшинларида сезиларли ҳаракатланишни сезган эмас. Киев яқинидаги 64 километрли колонна ҳали ҳам аввалги жойида турибди (бошқа кузатувчилар мазкур “уруш карвони”нинг лойга ботиб қолгани ёки бутун ёқилғисини сарфлаб бўлганини тахмин қилишмоқда).

Пентагон вакилига кўра, Россия ҳарбий-космик кучлари ҳали ҳам Украина ҳаво ҳудудини ўз назорати остига ололмаган. Украина жанговар учоқлари ва вертолётлари ҳали ҳам парвозларни амалга оширяпти, ҳавога қарши мудофаа тизими ишлаяпти. Айни пайтда ҳар икки томон ҳам жангларда учоқлари, вертолётлари ва ҳавога қарши мудофаа тизими воситаларида айрилганлар.

Айни пайтда мулозим АҚШ Мудофаа вазирлиги Россия томонидан Украинада кассетали бомбалардан фойдаланилганига оид ҳодисаларни тасдиқлай олмаслигини билдирган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG