Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раиси Карим Масимов ҳибсга олинди
“Жорий йилнинг 6 январ куни Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) томонидан Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 175-моддаси 1-қисми бўйича давлатга хиёнат бўйича судга қадар тергов бошланди. Шу куни ушбу жиноятни содир этишда гумон қилиниб, КНБнинг собиқ раиси К. Қ. Масимов ва бошқалар қўлга олиниб, вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилди. Тергов манфаатлари боис бошқа маълумотлар ошкор қилиниши мумкин эмас", - дейилади КНБ расмий сайтидаги хабарда.
Нурсултон Назарбоевнинг узоқ йиллик сафдоши бўлган 56 ёшли Карим Масимов 2016 йил сентябрида ҳукумат раҳбари лавозимидан КНБ раиси лавозимига кўчирилган эди. У 2014 йилнинг апрелидан бошлаб Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари этиб тайинлангунига қадар 2007 йилдан 2012 йиллар давомида бош вазир лавозимида ишлаган.
6 январ куни Массимов КНБ раислигидан озод этилгани маълум бўлди. Бу лавозимда унинг ўрнига Давлат қўриқлаш хизмати бошлиғи лавозимида ишлаб келган Эрмек Сагимбаев тайинланди.
"Ёввойи Арман" Жумагелдиев полиция ходимларини отганликда гумонланмоқда
“Хабар 24” давлат телеканали Қозоғистон Ички ишлар вазирлигига таяниб хабар беришича, мамлакатда 3811 киши ҳибсга олинган, улар орасида “Ёввойи Арман” лақаби билан танилган криминал авторитет Арман Жумагелдиев ҳам бор. Вазирлик маълумотларига кўра, жами “жиноий гуруҳнинг олти нафар аъзоси” қўлга олинган. Улар милиция ходимларига қарата ўқ отганликда гумонланмоқда.
5 январ куни Олмаота ҳокимлиги олдидаги норозилик намойишига йиғилганлар орасида Арман Жумагелдиев ҳам бўлгани хабар қилинган эди.
Жумагелдиев 2005 йилдан бери танилган. “Ёввойи Арман” номи билан танилган бу шахс бир гуруҳ одамлари билан бирга Чимкентдаги сиёсатчи Жармахон Туёқбой бошчилигидаги норозилик акцияси иштирокчиларига ҳужум қилишган. Кейинроқ Жумагелдиевга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, у судланган.
2008 йилда Чимкент марказидаги отишмада ҳам Жумагелдиев номи тилга олинган эди. Кейинчалик у яна бир неча марта ҳибсга олинган.
Республика бўйлаб 4 мингдан зиёд одам қўлга олинди
ИИВ маълумотларига кўра, Қозоғистонда 4000 га яқин, Олмаотада эса юзга яқин одам ҳибсга олинган.
Атирау вилояти бўйича алоҳида маълумотлар: 104 киши ҳибсга олинган. 35 нафар полициячи яраланган, бирининг аҳволи оғир экани хабар қилинди.
Ички ишлар вазирлиги, шунингдек, Толдиқўрғонда 15 нафар қуролланган шахс тергов изоляторини эгаллаб олишга уринганини хабар қилди. Ҳужум қайтарилди, ҳужумчилардан 3 нафари ҳалок бўлди, қолганлари жароҳатлангани айтилди. Шунингдек, ҳужум пайтида бир полициячи ҳалок бўлгани, икки нафари яралангани маълум.
7 январ куни маҳаллий вақт билан эрталаб соат 4:30 да полиция Ақтўбедаги майдонга йиғилган 100 дан ортиқ одамга қарата ўқ узди ва намойишни зўравонлик билан тарқатди. Ақтўбелик фаолларнинг Озодликка маълум қилишича, бир неча киши жароҳат олиб, касалхонага ётқизилган. Ўлганлар бор-йўқлиги номаълум. Ҳозирда ҳокимлик биноси полиция ҳимоясида қолмоқда.
Қарағанда вилоятининг Жезқазғон шаҳрида 7 январга ўтар кечаси намойишчилар ўз ихтиёри билан тарқалди. Бугун эрталаб шаҳарга қарашли конларда иш қайта тикланди. Бу ҳақда кончиларнинг ўзлари Озодликнинг қозоқ хизмати мухбирига маълум қилишди.
7 январга ўтар кечаси Қарағандада бир неча киши қўлга олинди. Вилоят ички ишлар бошқармаси ҳибсга олинганлар “вазиятни янада оғирлаштириш”ни мақсад қилганини айтди. Маҳаллий ҳокимият вакиллари минтақадаги вазиятни тўлиқ назорат қилаётганини айтмоқда.
Тоқаев 10 январ куни Қозоғистонда миллий мотам эълон қилди
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев тартибсизликлар қурбонлари хотирасига 2022 йилнинг 10 январ кунини республикада "умумхалқ мотам куни" деб эълон қилди.
Бу ҳақда унинг матбуот котиби Берик Уали маълум қилди.
“Мамлакатнинг бир қатор вилоятларида содир бўлган фожиали воқеалар натижасида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 2022 йил 10 январни миллий мотам куни деб эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилди”, — деб ёзди Уали ўзининг Фейсбук саҳифаси.
Унинг қайд этишича, фармон президент сайтида эълон қилинади.
Аввалроқ Тоқаев КХШТ кучларининг Нур-Султонда хавфсизлик функцияларини бажариши Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари кучларининг бир қисмини озод қилиш ва уларни Олмаотага қайта жойлаштириш имконини берганини маълум қилганди.