Матбуот котибияти: Назарбоев Қозоғистонни тарк этмаган
Қозоғистон собиқ президентининг матбуот котиби Айдос Укибай Твиттерда Нурсултон Назарбоев Қозоғистонни тарк этмагани ва ҳозир пойтахтда эканини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Назарбоев “бир қатор маслаҳат учрашувлари ўтказади ва Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев билан бевосита алоқада”. Қозоғистонда суюлтирилган газ нархи ошишига қарши оммавий норозилик намойишлари бошланганидан бери Назарбоев халқ олдига чиқмаган.
"Элбоши Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида. Сиздан била туриб ёлғон ва спекулятив маълумотларни тарқатмасликни сўраймиз. Элбоши бир қатор маслаҳат учрашувлари ўтказади ва Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев билан бевосита алоқада”, деб ёзди Назарбоев матбуот котиби.
Унинг қўшимча қилишича, Назарбоев “Қозоғистонга дўст бўлган давлатлар раҳбарлари билан бир неча бор телефон орқали мулоқот қилган”.
“Элбоши барчани ҳозирги қийинчиликларни йенгиб ўтиш ва мамлакатимиз яхлитлигини таъминлаш учун Қозоғистон президенти атрофида бирлашишга чақиради”, — деб ёзади матбуот котиби.
Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев 2021 йил 28 декабрдан буён омма олдига кўриниш бермаган.
У одатда асосий мавзуларда халққа мурожаат қилган бўлса-да, мамлакатда кенг кўламли норозилик намойишлари ҳақида изоҳ берганича йўқ. Унинг касаллиги ва ҳатто ўлими ҳақидаги миш-мишлар мухолифат матбуоти ва ижтимоий тармоқларда тарқалмоқда.
6 январ куни Қирғизистон ОАВлари Бишкекдаги “Манас” аэропортига Қозоғистон биринчи президентининг оиласига тегишли эканлиги айтилаётган иккита шахсий самолёт учиб ўтгани ҳақида хабар берди.
5 январ куни эса Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раҳбари лавозимини тарк этди. Ушбу органни энди мамлакатнинг амалдаги президенти Қосим-Жомарт Тоқаев бошқаради.
Назарбоев 2019 йилда президентликдан кетганидан кейин Хавфсизлик кенгашини бошқариб келган.
"Банклар ишламаяпти, аммо ҳамма нарса етарли!"
Қозоғистоннинг турли минтақаларидаги вазият ҳақида қозоғистонликлар билан телефон орқали мулоқот.
Тоқаев Россия президенти билан узоқ суҳбатлашди
Россия президенти Владимир Путин ва Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ўртасида узоқ давом этган телефон мулоқоти бўлиб ўтди.
Бу ҳақда Кремл матбуот хизмати хабар берди.
"Январ ойи бошида норозилик намойишлари бошланган, кейинчалик тартибсизликларга айланган Қозоғистондаги вазият барқарорлашув сари ривожланмоқда”, деди республика президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот давомида.
Президентлар Қозоғистонда тартибни ўрнатиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида фикр алмашгани ҳам маълум қилинди.
"Қосим-Жомарт Тоқаевнинг сўзларига кўра, ҳозирги босқичда КХШТга аъзо давлатлар раҳбарларининг қўшма суҳбати зарур. Шу муносабат билан у ташкилотнинг амалдаги раиси сифатида Арманистон Республикаси раислигида яқин кунларда КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгашининг видеоконференциясини ўтказиш ташаббуси билан чиқиш ниятида", дейилади расмий хабарда.
Владимир Путин бу таклифни қўллаб-қувватлагани айтилди.
"Тушунтиришимиз мумкин": Қозоғистон ҳукумати ҳали ҳам Олмаота шаҳрини назорат қилмаяпти
Қозоғистон расмийлари ҳамон Олмаотадаги вазиятни назорат қилмаяпти, - дейди воқеа жойида бўлган Россиянинг “Биз тушунтира оламиз” нашри журналисти.
Унга кўра, фақат шаҳар ҳокимлиги ва президент қароргоҳи бинолари ҳамда уларнинг олдидаги ҳудуд Миллий гвардия назоратида. Журналист гувоҳлигича, баъзан улар давлат бинолари олдига яқинлашган томошабинларни отишма билан қўрқитишмоқда.
Мухбирнинг хабар беришича, ҳалок бўлганларнинг жасадлари кўчалардан олиб чиқилмаяпти, фақат милиционерлар кўчаларда тартибни сақлашга ҳаракат қилмоқда.
Аксарият аҳоли шаҳарни тарк этишга ҳаракат қилмоқда, бироқ энг яқин чегарагача бўлган такси (афтидан Қирғизистон билан) киши бошига 500 долларгача кўтарилди.
Россиянинг “Дождь” телеканали мухбири Василий Полонскийнинг айтишича, Олмаотадаги ўликхонада суратга олиш жараёнида бино қўриқчилари журналистларнинг оёқларига ҳарбий қуроллардан ўқ узишни бошлаган.
"Суратга олиш вақтида полиция ўликхонага етиб келди, қўриқчилар полицияга қурол кўрсатиб, автоматларни туширишни талаб қилишди, улар бўйсунишди", - дейди журналистнинг рафиқаси.
Бинони ким қўриқлаётгани ноаниқлигича қолмоқда.