Олмаота аэропорти 9 январгача ёпилди
Олмаота аэропорти 9 январгача ёпилди ва ани пайтда аэропорт фақат ҳарбий учоқларни қабул қилмоқда, деб хабар берди “Sputnik Казахстан”.
Аввалроқ “Турк ҳаво йўллари” ширкати Қозоғистоннинг Нур-Султон, Олмаота ва Ақтау шаҳарларига парвозларни 9 январгача тўхтатгани маълум қилинганди.
Айтилишича, ҳозирда Истанбул аэропортида ватанига қайтишни кутаётган юзлаб Қозоғистон фуқаролари бор.
Қозоғистоннинг “Эйр Астана” ширкати ҳам Туркиядан Қозоғистонга рейсларни вақтинча тўхтатди. Айни чоғда Истанбулдан Чимкентга парвоз одатий тартибда амлага оширилмоқда.
Uzbekistan Airways ширкати Қозоғистон шаҳарларига 8–13 январь кунларига белгиланган парвозларни бекор қилганини маълум қилди.
Латвия фуқаро авиацияси агентлиги авиаширкатларга Қозоғистон ҳаво ҳудудидан фойдаланмасликни тавсия этди.
Олмаотада тўқнашувлар пайти вайрон бўлган полиция машиналари
Назарбоевнинг собиқ маслаҳатчиси: Олмаота аэропортига ҳужум олдидан қўриқчи аскарлар йиғиштириб олинган
“Иш шу қадар пухта ташкил қилинганки, ҳокимиятнинг юқори бўғинларидаги хоинларсиз буни амалга ошириб бўлмасди. Мендаги маълумотга кўра, аэропортга ҳужум уюштирилишига 40 дақиқа қолганда уни ҳалқа тарзида ўраб қўриқлаётган аскарларни йиғиб олишга буйруқ берилган. Бунақаси мамлакат хавфсизлигига жавобгар шахсларнинг ижозати билангина бўлиши мумкин. Бу давлатга хиёнат”, дея Ермуҳамет Ертисбаевнинг сўзларини келтирган Informburo.kz.
Ертисбаев иддаосича, Миллий хавфсизлик қўмитаси Қозоғистон тоғларида машғулот лагерлари ташкил қилингани ҳақидаги маълумотни сир тутган.
“Миллатга хиёнат ва фитна шуки, бир неча йил давомида тоғларда машғулот лагерлари бўлган. Вақти-вақти билан у ёки бу гуруҳни зарарсизлантирган МХҚ кўпдан-кўп бунақа лагерлар ҳақида сукут сақлаб келган”, деган Ертисбаев.
Қозоғистонда КХШТ кучларига генерал Сердюков раҳбарлик қилади. У Қримни аннексия қилишда қатнашган
Қозоғистонда КХШТ контингентига Россия Ҳаво десанти қўшинлари қўмондони генерал-полковник Андрей Сердюков раҳбарлик қилади. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенковга таяниб, РИА Новости хабар қилди.
Россия Қозоғистонга ҲДҚнинг 45-бригадаси, 98-дивизияси ҳамда 31-алоҳида бригадаси бўлинмаларини йўллаган. Мудофаа вазирлиги барча ҳарбий хизматчилар жанговар тажрибага эгалигини урғулаган.
Сердюковнинг таржимаи ҳолига кўра, у Биринчи ва Иккинчи чечен урушларида, Россиянинг собиқ Югославиядаги ва Суриядаги ҳарбий амалиётларида қатнашган.
2014 йилда эса у Қримни Россияга қўшиб олишда иштирок этган ва шу туфайли Украина томонидан санкциядаги шахслар рўйхатига киритилган. Хусусан, “Известия” газетаси уни Қрим воқеаларининг “ажойиб ташкилотчиси” деб атаган.
ҲДҚ қўмондони III ва IV даражали “Ватан олдидаги хизматлари учун” орденлари ҳамда “Россия қаҳрамони” унвони билан тақдирланган.