26 намойишчи ҳалок бўлган, 18 нафари яраланган
Қозоғистондаги норозилик намойишлари иштирокчиларидан 26 киши нобуд бўлди, 18 киши яраланди ва 3000 дан ортиқ киши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда республика ИИВга таяниб “Хабар 24” телеканали маълум қилган.
Намойишчилар билан тўқнашувлардан полиция ва Миллий гвардиянинг 18 ходими ҳалок бўлган ва 748 нафари жароҳат олган.
Хабар қилинишича, мамлакатдаги барча шаҳар ва туман акиматлари ҳамда полиция бўлимлари ҳукумат кучлари томонидан назоратга олинган. 7 январь куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев республиканинг барча минтақаларида конституцион тартиб тикланганини эълон қилди.
Айни чоғда ОАВ хбарларига кўра, Олмаотада ҳарбийлар билан намойишчилар ўртасида қуролли тўқнашувлар давом этмоқда: ўқ овозлари эшитиляпти, кўчаларда жасадлар ва ўқдан илма-тешик бўлган автомашиналар бор. Шаҳарда “Олмаота” телеканали тасвирга олиш гуруҳи ўққа тутилиб, ҳайдовчи ҳалок бўлган ва журналист яраланган.
Тоқаев намойишчиларга қарата огоҳлантиришсиз ўт очишга буйруқ берди
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 7 январь куни мамлакат фуқароларига мурожаат қиларкан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва армияга намойишчиларга қарата огоҳлантиришсиз ўқ узишга буйруқ берганини айтди.
“Чет элликлар муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилиш учун музокара олиб боришга даъват қилишмоқда. Бекор гап! Жиноятчи ва қотиллар билан қанақа музокара бўлиши мумкин? Биз қуролланган ва махсус ҳозирлик кўрган маҳаллий ва ажнабий бандитларга қарши курашяпмиз. Айнан бандит ва террорчилар билан. Уларни йўқ қилиш лозим. Тез орада йўқ қиламиз ҳам”, деди Тоқаев.
ОАВ: Назарбоевнинг жияни Самат Абиш қўлга олинди
Олмаотада Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни, Миллий хавфсизлик қўмитаси ўринбосарининг собиқ биринчи ўринбосари Самат Абиш ҳибсга олинди. Бу ҳақда ORDA портали ўз манбасига таянган ҳолда хабар қилган. Ушбу маълумот расман тасдиқланганича йўқ.
Шунингдек, ORDA хабарига кўра, Назарбоев ва унинг қизлари ўз оилаларини олиб Қозоғистонни тарк этганлар. Мамлакатда фақат унинг акаси Болат Назарбоев қолган.
Орадан бироз ўтиб, ORDA ушбу хабарни ўчириб ташлади ва манбаси адашганини айтиб, узр сўради.
Олмаота аэропорти ҳукумат назоратига ўтди
Россиялик ҳарбийлар, Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан бирга Олмаота аэропортини эгаллашди. Бу ҳақда, Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенковга таянган ҳолда ТАСС хабар қилди.
Шунингдек, Олмаотадаги Россия бош консулхонаси ва бошқа объектлар ҳам ҳарбийлар назоратига ўтган. Конашенков КХШТ ҳарбий миссиялари, Қозоғистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан бирга мамлакатда тартиб ўрнатишга сафарбар этилганини иддао қилган.