Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:44

Январь воқеалари. Қозоғистонни ларзага солган намойиш ва зўравонликлар силсиласи

2 январь куни Қозоғистон ғарбида жойлашган Жанаўзен шаҳрида ёқилғи нархининг икки бараварга ошишидан норозилар бошлаган акция мамлакат бўйлаб норозилик тўлқинини келтириб чиқарди.

Ёнилғи нархининг оширилишига қарши оммавий норозилик намойишлари манзарасида Қозоғистон ҳукумати истеъфога чиқарилди, Нурсултон Назарбоев истеъфога кетди.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев илтимосига кўра, КХШТ ҳарбийлари Қозоғистонга киритилди. Мамлакатда "антитеррор" тадбирлари бошланди.

Сўров: Қозоғистондаги ҳодисаларга муносабатингиз қандай?

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистондаги воқеалар юзасидан баёнот берди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 5 январь куни Қозоғистондаги воқеалар юзасидан расмий баёнот эълон қилди.

“Қардош Қозоғистонда кечаётган сўнгги воқеалар Ўзбекистонда хавотир билан қабул қилиниб, ушбу мамлакатдаги вазият ривожи диққат билан кузатиб борилмоқда.

Ишончимиз комил, донишманд Қозоғистон халқи мамлакатда беқарорлик авж олишининг олдини олишга, зўравонлик ва инсонлар орасида қурбонлар юзага келишига йўл қўймасликнинг уддасидан чиқади.

Қозоғистон халқи ўзаро ҳамжиҳатликни сақлаш, мамлакатда тинчлик ва осойишталикни тиклаш ҳамда юзага келган муаммоларни ўзи мустақил ҳал қилиш учун етарли қатъият ва иродага эгалигига ишонамиз.

Ўзбекистон Қозоғистон халқи ва раҳбариятининг мамлакат барқарорлиги ҳамда равнақи, миллат фаровонлигини таъминлаш йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатларини чексиз қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлайди”,- дейилади баёнотда.

Намойишчилар Олмаота аэропортини босиб олишди

Намойишчилар Олмаота аэропортини эгаллаб олди, аэропорт ходимлари эвакуация қилинмоқда. Бу ҳақда, гувоҳларнинг маълумотларига таянган ҳолда Orda.kz нашри хабар берди. Кейинроқ Олмаота аэропортининг матбуот хизмати бино босиб олинганини тасдиқлади.

“Дастлабки маълумотларга кўра, айни пайтда аэропортда тахминан 45 нафар босқинчи бор. Улар кириши билан ходимларимиз аэропортни тарк этишди. Бино босиб олинган пайтда терминалда йўловчилар йўқ эди”, дея маълум қилган матбуот хизмати.

Аввалроқ ТАСС агентлиги “Олмаотадаги намойишларда иштирок этаётган бир неча ўн киши шаҳар аэропорти томонга жўнаган”ини хабар қилган эди.

“Армия аэропортни ҳимоя қиляпти, учоқлар одатдаги жадвал бўйича учяпти”, деб кун бўйи йўловчиларни алдашди. Энди эса улар бизга аэропорт босиб олинганини, бугун рейслар бўлмаслигини айтишяпти”, деган Orda.kz сайтига блогер Алишер Эликбоев. У кечаси учиб кетишдан умид қилиб аэропорт ёнидаги меҳмонхонага жойлашган.

Олдинроқ Россиянинг “Аэрофлот” ширкати Москвадан Олмаотага барча парвозларни бекор қилган эди.

Тоқаев мамлакатдан кетмаслигини айтди, сиёсий ислоҳотлар ваъда қилди

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакат халқига янги телемурожаат билан чиқди. У президентлик билан бир қаторда Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимини ҳам эгаллашини айтди. Ҳозиргача бу лавозимни биринчи президент Нурсултон Назарбоев эгаллаб келаётганди.

“Нима бўлишидан қатъи назар, мен пойтахтда қоламан. Халқ билан бирга бўлиш менинг конституциявий мажбуриятим. Биргаликда биз Қозоғистон тарихидаги ушбу қора чизиқдан ўтамиз. Ундан кучли бўлиб чиқамиз. Тез орада мен Қозоғистоннинг сиёсий трансформацияси бўйича янги таклифлар билан чиқаман. Мен изчил ислоҳотлар ўтказиш мавқеимда қатъий тураман”, деб айтди Тоқаев.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG