Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:50

Январь воқеалари. Қозоғистонни ларзага солган намойиш ва зўравонликлар силсиласи

2 январь куни Қозоғистон ғарбида жойлашган Жанаўзен шаҳрида ёқилғи нархининг икки бараварга ошишидан норозилар бошлаган акция мамлакат бўйлаб норозилик тўлқинини келтириб чиқарди.

Ёнилғи нархининг оширилишига қарши оммавий норозилик намойишлари манзарасида Қозоғистон ҳукумати истеъфога чиқарилди, Нурсултон Назарбоев истеъфога кетди.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев илтимосига кўра, КХШТ ҳарбийлари Қозоғистонга киритилди. Мамлакатда "антитеррор" тадбирлари бошланди.

Норозилар Назарбоев ҳайкалини бузиб ташлади

Интернетда тарқалган видеолардан бирида Қозоғистоннинг Талдиқўрғон шаҳрида норозилик намойишлари иштирокчилари собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг ҳайкалини бузишга ҳаракат қилаётгани акс этган.

Мамлакат бўйлаб давом этаётган намойишларда норозилар собиқ президент Нурсултон Назарбоевга қарата “Чол, кет!” дея ҳайқирмоқдалар. Шунингдек, намойишчилар “Назарбоевларсиз!” деб ёзилган баннерлар билан кўчага чиқишди.

Қозоғистонда интернет бутунлай ўчирилди

“Қазақтелеком” оператори бутун мамлакатда интернетни узиб қўйди. Бу ҳақда тармоқдаги блоклашларни мониторинг қилувчи GlobalCheck сервиси маълум қилди.

Интернет мобил операторларда ҳам, симли алоқа операторларида ҳам ишламаяпти. Қозоғистонда интернет буткул блоклаб қўйилганини дунёда интернетнинг ҳолатини кузатиб борувчи NetBlocks ширкати (Буюк Британия) ҳам тасдиқлади.

Чет элдаги қозоғистонликлар Нур-Султон ва Олмаотадаги қариндошлари билан телефон ва оммабоп мессенжерлар орқали базўр алоқа боғлашаётганини айтишмоқда. Қозоғистонга оид қатор сайтлар, жумладан машҳур медиалар сайтлари айни пайтда очилмаяпти.

Айрим шаҳарлар интернетдан узиб қўйилгани ҳақида 4 январь, сешанба куни маълум қилинганди.

Қозоғистон пойтахтида ҳам фавқулодда ҳолат жорий этилди

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев Нур-Султон шаҳрида фавқулодда ҳолат тартибини жорий этди. У маҳаллий вақт билан 5 январь соат 16 дан 19 январга қадар давом этади.

Аввалроқ Олмаота шаҳри, Манғистау ва Олмаота вилоятларида ҳам айни муддатга фавқулодда ҳолат эълон қилинганди.

Фавқулодда ҳолат даврида пойтахтда комендантлик соати амал қилади. Нур-Султон коменданти этиб пойтахт полиция бошқармаси бошлиғи Эржон Саденов тайинланди.

Фавқулодда ҳолат тартиби фуқаролар ҳуқуқларини чеклаб, комендантга кенг ваколатлар беради. У аҳолининг ҳаракатланиш эркинлигини чеклаши, ҳужжатлар текшируви ва шахсий тинтувлар ўтказиши, шаҳарга кириш ва чиқишни чеклаши мумкин.

Шунингдек, фавқулодда ҳолат шароитида тинч йиғилишлар, иш ташлашлар ва бошқа оммавий норозилик чиқишларини ўтказиш тақиқланади.

“Фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш учун” Нур-Султонга Қозоғистон ҳукумати захираларидан маблағ ажратилади.

Шу тариқа бугун Қозоғистонда фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудлар сони тўрттага етди: Манғистау ва Олмаота вилоятлари ҳамда, республика аҳамиятига эга Олмаота ва Нур-Султон шаҳарлари.

Бугун, 5 январь куни Қозоғистоннинг айрим ҳудудларида ҳукуматга қарши намойишлар давом этмоқда. Хусусан, Олмаотада вазият жиддий: минглаб намойишчилар акимат биносини эгаллаб олишган. Бинода ёнғин бўлмоқда, дераза ва эшиклар синган.

Шаҳарда, шунингдек, Бош прокуратуранинг ҳуқуқий статистика ва махсус ҳисоб қўмитаси Олмаота бошқармаси биносида ва “Нур Отан” партияси шўъбаси офисида ҳам ёнғин бўлаётгани ҳақида хабарлар бор.

Норозиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ишлатилди

Ақтўбеда полиция акимат биносига ёриб киришга уринган намойишчиларга нисбатан кўздан ёш оқизувчи газ қўллади.

Туни билан вилоят акимати биноси қаршисида қолган одамлар 5 январь кундузи бино ойналарини синдириб, ичкарига киришга ҳаракат қилишганида кучишлатар ходимлар уларни тарқатиш учун махсус воситалардан фойдаланди.

Акимат биноси ёнига тез ёрдам машиналари етиб келган. Озодликнинг қозоқ хизмати мухбири оёғидан яраланган бир неча кишини кўрди. Полиция резина ўқлардан ҳам фойдаланган бўлиши мумкин.

Чоршанба куни эрталаб намойиш иштирокчилари уларнинг ҳузурига Ақтўбе вилояти акими Ўндасин Ўразалин чиқишини талаб қилишди. Бироқ аким кўринмади.

Ақтўбеда жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилган. Бошқа шаҳарларда бўлгани каби, мобил алоқа ва интернет чеклаб қўйилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG