Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:02

Марказий Осиё – тамаддунлар чорраҳаси ва тўрт томонга тортқиланаётган минтақа


Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров (ўртада) ва Хитойнинг Қирғизистондаги элчиси Ду Давен (чапда) Хитой кредитлари ҳисобидан қурилган кўприкнинг очилиш маросимида - 11 ноябрь, 2021
Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров (ўртада) ва Хитойнинг Қирғизистондаги элчиси Ду Давен (чапда) Хитой кредитлари ҳисобидан қурилган кўприкнинг очилиш маросимида - 11 ноябрь, 2021

1991 йил охирида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кўп ўтмай, бу давлатлар асрлар давомида Евроосиё қитъасининг цивилизациялар чорраҳаси бўлмиш марказида жойлашганлигини дунёга эслата бошладилар.

Озод Европа- Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Панниернинг ёзишича, бу ўзини “собиқ Совет Иттифоқининг жанубий қаноти” деб эълон қилишдан кўра яхшироқ ғоя эди. Зеро бундай мақом Марказий Осиёни боши берк кўчага олиб кирган бўларди. Мустақилликдан кейинги бир неча йил давомида минтақа айни шу ҳолни бошидан кечирди.

Марказий Осиё асосан Россия билан қалин алоқаларга эга эди.

Марказий Осиё мустақилликка эришгандан 30 йил ўтиб, яна Евроосиёнинг савдо марказига айланиб бормоқда. Шу билан бирга минтақага таъсир ўтказиш учун рақобат яна кучайди.

Россия

Россия 19‑аср бошидан бери Марказий Осиёга кучли таъсир кўрсатиб келди ва бу минтақа мустақилликка эришгандан кейинги йилларда ҳам давом этди.

Марказий Осиёда кўпчилик ҳали ҳам рус тилида сўзлашади, аксарият ҳудудларида рус телеканаллари эфирга узатилади. СССР парчаланганидан бери миллионлаб меҳнат муҳожирлари Россияда ишлаб нафақат оиласига кўмак бермоқда, балки ўз мамлакатининг иқтисодий барқарорлигига ҳам ҳисса қўшмоқда.

Аммо ҳозирга келиб Хитой минтақада йирик инфратузилмавий лойиҳаларга катта миқдорда сармоя киритиб анча яқин бўлиб олди. Минтақани ҳамон Россиянинг томорқаси деб ҳисоблайдиган Россия ҳукуматидаги ирредентистлар эса бундай молиялаштиришни кераксиз деб ҳисоблайди.

Аммо Москва Қирғизистон ва Тожикистонда ҳарбий базаларига эга. Марказий Осиёнинг баъзи ҳукуматлари Россияни минтақа хавфсизлигининг кафолати сифатида кўради.

Афғонистонда Толибоннинг ҳокимиятга қайтиши Кремл учун Марказий Осиё ҳукуматларини Россия ҳарбий кўмагига ишонтириш ва бу мамлакатларда Россия таъсирини кучайтиришга қулай замин яратди.

Россия ҳарбийлари КХШТнинг "Сарҳад-2021" қўшма ҳарбий машғулотларида - Балиқчи, Қирғизистон, 9 сентябрь, 2021.
Россия ҳарбийлари КХШТнинг "Сарҳад-2021" қўшма ҳарбий машғулотларида - Балиқчи, Қирғизистон, 9 сентябрь, 2021.

Афғонистон тепасига Толибон келиши ортидан Россия бошлиқ Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (ОДКБ) унга аъзо давлатлар Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан ҳамкорлигини фаоллаштирди.

КХШТ сентябрь ойи бошида Қирғизистонда, октябрнинг иккинчи ярмида эса Тожикистонда қозоқ қўшинлари ҳам иштирок этган ҳарбий машғулотлар ўтказди.

Ўзбекистон бир вақтлар КХШТга аъзо бўлиб кейин эса уни тарк этган. Тошкент Кремлнинг қайта аъзо бўлиш ҳақидаги даъватларига ҳозирча қулоқ солмаётган бўлса ҳам, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 23 август куни бўлиб ўтган КХШТнинг виртуал саммитида қатнашди.

2021 йил июль бошида Афғонистондан хорижий давлатлар қўшинлари олиб чиқиб кетилаётган бир пайтда ва Толибон Кобулни қўлга киритишидан олдин Россия Ўзбекистон ва Тожикистон билан ҳарбий машғулотлар ўтказди.

Афғонистондаги вазият ўзгариб бориши манзарасида "хавфсизликка таҳдиднинг" ортиши Россиянинг ёрдами минтақанинг хавотирларини бир мунча енгиллаштиргандек таасурот қолдирди.

Лекин бу ёрдам бежиз берилмайди. Оёққа туришга интилаётган Марказий Осиё давлатлари хавфсизлик масаласида яна собиқ мустамлакачи Россияга суянишга мажбур бўлди.

Хитой

Хитой 1992 йилнинг бошида‑ёқ минтақадаги беш давлат билан дипломатик алоқалар ўрнатиб, уларининг мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган.

30 йилдан кейин Марказий Осиёни Хитой сармоясисиз тасаввур қилиш қийин.

Хитой Марказий Осиёнинг ҳар бир давлати учун етакчи ҳамкор бўлиб улгурди. Акс ҳолда, минтақадаги сўнгги 20 йилда амалга оширилган кўплаб йирик лойиҳалар, хусусан, инфратузилма лойиҳаларини Пекиннинг молиявий кўмагисиз амалга ошириб бўлмасди.

Оддий қилиб айтганда, Хитой Марказий Осиёга бошқа ҳеч бир давлат беришга қодир бўлмаган сармояни киритишга тайёр эди.

Пандемия глобал иқтисодиётни секинлаштиргани ортидан Хитой минтақада пул тикишга қодир кам сонли давлатлардан бири сифатида кўриниш берди. Бунинг натижаси ўлароқ Хитойнинг Марказий Осиё давлатлари учун қадри янада ортди.

Аммо бу ҳозир ўн йил аввал бўлгани каби кўп эмас.

Хитой Марказий Осиёда кўришни истаган йирик лойиҳаларнинг деярли барчаси қуриб битказилди. Фақат Туркманистон газ конларидан Марказий Осиё орқали Хитойга ўтадиган газ қувурлари тармоғининг Д линияси ва Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси ҳозирча бундан мустасно.

Хитой эндиликда Марказий Осиёдаги лойиҳаларга миллиардлаб доллар сарфлаши шарт эмас. Минтақани Хитой молиясига боғлаб қўйиш учун бундан 100 марта камроқ маблағ ҳам кифоя.

Бу Хитой учун унчалик катта бўлмаган қиймат, лекин Марказий Осиё учун, хусусан, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон каби камбағал давлатлар учун бу катта пул.

Бу уч давлат аллақчон Хитойнинг қарз ботқоғига тушиб улгурди. Масалан, Тожикистон Хитой ширкатларига тоғ конларини бериш орқали қарзининг бир қисмини тўлади

Хитойнинг Марказий Осиёга сармояси камайгани сари маҳаллий аҳолининг Хитойга нисбатан муносабати салбий тус олмоқда.

Пекиннинг ниятлари ҳақидаги хавотирлар ҳам Марказий Осиёнинг Хитойга қарши кайфиятини кучайтирган

Хитойда Марказий Осиёнинг катта қисми Хитойнинг тарихий бир қисми эканлиги акс эттирилган хариталар ва ўқув қўлланмалари пайдо бўлди. Хитой расмийлари эса буни оддий хато деб маълум қилган. Аммо бу Марказий Осиёнинг ташвишларини енгиллатмади.

Пекиннинг Хитойнинг ғарбий Шинжон ҳудудидаги мусулмонларга – асосан уйғурлар, этник қозоқ ва қирғизларга нисбатан шафқатсиз муносабати Марказий Осиёнинг ҳам ғазаб ва норозилигини уйғотмоқда.

2 ноябр куни “Central Asia Barometer” гуруҳи Қозоғистон ва Ўзбекистонда ўтказган сўров натижаларини эълон қилди. Унда иштирокчилардан қийин дамларда айнан ким биринчи бўлиб ўз мамлакатига ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида сўралган.

Қозоғистонда респондентларнинг атиги 4.9 фоизи Хитойни иқтисодий ва бошқа муаммоларни ҳал қилишда ёрдам бера олади, деб ҳисоблаган.

Ўзбекистонда респондентларнинг атиги 2.6 фоизи Хитой Тошкентга ёрдамга келади, деб ҳисоблаган.

Қозоғистонда 54.3 фоиз, Ўзбекистонда 53.9 фоиз одам бу давлат Россия дея жавоб берган.

Туркманистондан Хитойга узанган 7000 километрлик газ қувурининг рамзий кўриниши. Туркманобод, 30 август, 2007
Туркманистондан Хитойга узанган 7000 километрлик газ қувурининг рамзий кўриниши. Туркманобод, 30 август, 2007

Туркия

Туркия сўнгги йилларда Марказий Осиё билан ҳамкорликни фаоллаштирди. 12 ноябрь куни Истанбулда Туркий Давлатлар Ташкилоти (ОТТ) ташкил этилишини бунга мисол қилиб айтиш мумкин.

Ташкилот азолари Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон бўлиб, Туркманистон ва Венгрия кузатувчи давлатлар ҳисобланади.

Туркия Марказий Осиёдаги туркий тилли тўрт давлат: Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон учун табиий иттифоқчи ҳисобланади.

Бу давлатлар мустақилликка эришгандан сўнг, Анқара улар учун нафақат маданий ва тил жиҳатидан ўхшашликлари учун, шу билан бирга Туркиянинг Европа билан мустаҳкам алоқаларга, НАТО аъзоси сифатида халқаро сиёсатда ўз ўрнига эга бўлгани ҳам минтақа давлатлари учун бу давлатни энг мақбул ҳамкорга айлантирди.

Сўнгги пайтларда Туркиянинг глобал сиёсатдаги роли ошди. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг сиёсати мамлакатнинг Сурия, Ливия ва Озарбайжонда таъсирини кучайтирмоқда.

Эрдўғон Пекиннинг Шинжондаги туркийзабон мусулмонларга қарши кампанияси туфайли Сурия масаласида Россияга ва ҳатто Хитойга ҳам қарши чиқди.

Марказий Осиё молиявий ва хавфсизлик масалаларида Хитой ва Россияга тобора қарам бўлиб бораётган бир шароитда Туркиянинг халқаро майдондаги роли юқорилаши минтақанинг тўрт туркийзабон мамлакати учун ижобий бўлмаслиги мумкин.

Туркия билан дўстлик Марказий Осиё давлатига Россия ва Хитой билан муносабатларни мувозанатлашда ёрдам беради. Шу билан бир қаторда, тил ва маданий алоқалар эса Туркияни кўпчилик марказий осиёликлар учун жозибадор ҳамкорга айлантиради.

Туркия тилда сўзлашувчи давлатлар раҳбарлари саммити. Боку, 15 октябрь, 2019
Туркия тилда сўзлашувчи давлатлар раҳбарлари саммити. Боку, 15 октябрь, 2019

Марказий Осиёда динга муносабат

Марказий Осиё ислом оламининг шимолий чегарасидаги минтақа. Минтақа етакчиларининг бу борадаги қарашлари турлича. Ислом оламининг бир қисми бўлиш минтақани Россиядан ажратиб туради ва бу мустақилликдан кейинги дастлабки даврда Марказий Осиё раҳбарлари учун муҳим бўлган.

Ўшанда Совет Иттифоқи Коммунистик партияси аъзоси бўлган раҳбарларнинг ўзлари ислом ҳақида кам маълумотга эга эди ва улар тез орада диннинг халқни бирлаштирувчи кучи ўзларига Россиядан ҳам каттароқ хавф туғдириши мумкинлигини англаб етдилар.

Шундан келиб чиқиб Марказий Осиёнинг барча етакчилари бошқарувнинг дунёвий шаклини танлагани бежиз эмас.

Афғонистонда Толибоннинг ҳокимиятга қайтиши Марказий Осиё яна икки теократик режимлар билан қўшни бўлганини англатади.

Аксар аҳолиси мусулмон ва бошқарувнинг дунёвий шаклини танлаган минтақа аҳолиси сўнгги йилларда янада диндорлашиб бораётгани кўзга ташланади.

Айни пайта на Толибон ва на Эрондаги исломий деб аталадиган бошқарув модели марказий осиёликларнинг аксар кўпчилиги учун жозибали кўринмайди. Шундай бўлса-да, мамлакатларни исломий шариат қонунлари асосида бошқариш ғоясини қўлловчилар бор.

XS
SM
MD
LG