Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:33

Турк давлатлари бирлиги Москвани нега ташвишга солмоқда?


Ўтган ҳафта Миллиятчи ҳаракат партиясининг (MHP) “Twitter”даги саҳифасида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва МНР етакчиси Дaвлaт Баҳчелининг “турк дунёси” харитасини ушлаб тушган сурати эълон қилинди. Мазкур харитада Россиянинг Шимолий Кавказ республикалари, Краснодар ўлкаси, Ростов вилоятининг бир қисми, Волгабўйи, Шарқий Сибирь ва Ёқутистон ҳам акс этган. Сиёсатчилар харита юзасидан изоҳ бергани йўқ.

Унда Қозоғистон ва Марказий Осиё республикаларидан ташқари, Европадаги Болқон ҳудуди ҳамда Хитойнинг шимоли-ғарбий қисмидаги Шинжон-Уйғур мухтор ўлкаси ҳам турк дунёсининг бир қисми ўлароқ тасвирланган.

Американинг “Jamestown” фонди сайтида 11-12 ноябрь кунлари бўлиб ўтган Туркий кенгаш саммитига бағишланган мақола эълон қилинди. Унда муаллиф Москванинг туркий давлатлар бирлигидан “хавфсираши” сабабларига тўхталган, шунингдек, “турк дунёси” ва “русский мир” ғоялари кўламини таққослаган.

“Туркиянинг иттифоқчиси бўлмиш Озарбайжон Иккинчи Қорабоғ урушида (2020 йил 27 сентябрь – 9 ноябрь) ғалаба қозонганидан сўнг Туркиянинг ўз раҳбарлигида турк давлатлари иттифоқини тузишга интилиши россиялик сиёсатчиларни беҳаловат қилмоқда. Туркия илгари Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгаши номи билан танилган ташкилотни жиддий ребрендинг қилиб, Турк давлатлари ташкилотини тузгач бу безовталик янада ошди”, деб бошланади мақола.

Муаллиф Пол Гоббл айрим россиялик экпертларнинг Туркия ташқи сиёсатига оид кўзқарашларини таҳлил қилади. Хусусан, у Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғoн тимсолида “нафақат туркий давлатлар, балки туркий халқлар, жумладан, Россия Федерацияси ҳудудларида яшовчи миллат ва элатларнинг катта гуруҳини қамраб олувчи иттифоқ” тузишга уринишдек “радикал” мақсадни кўрувчи Дмитрий Родионовдан иқтибослар келтиради.

Чунончи, Родиoновнинг фикрича, Анқаранинг мазкур сиёсати аввало “Москванинг Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистонга таъсирини бўшаштиради”, иккинчидан эса, “Кремлнинг Россия Федерацияси жорий чегаралари доирасидаги туркий халқларга тегишли ҳудудлар устидан назоратини хавф остига қўяди”.

Родионовга кўра, сўнгги ойларда Москва турк давлатлари иттифоқи концепциясини тез-тез танқид қилган бўлса-да, “ғояга кўпроқ эътибор жалб этмаслик учун” унга қарши очиқ қаршилик кўрсатишдан бирмунча тийилган.

Россиялик олим назарида Туркия раҳбари ўзини ғайритурк давлатлар ҳудудларидаги “туркий тилли халқларнинг валинеъмати” деб билишини бир неча бор намойиш этган.

Масалан, деб ёзади Родионов Гоббл келтирган иқтибосда, Эрдўғoн ўтган йилнинг январида Бокуга ташрифи чоғида “Эрондаги этник озарбайжонлар” аҳволидан ташвишда эканини айтган эди.

Россиялик олим фикрича, Эрдўғoн миллионлаб озарбайжонлар истиқомат қиладиган Эронга ёки шинжонлик туркий тилли мусулмонларни “сиёсий тарбия жамлоқлари”да сақлаётган Хитойга тўғридан-тўғри таҳдид солаётгани йўқ, аммо ҳамиша “Анқара ўз давлатчилигига эга бўлмаган туркий халқларга эътиборли эканини ва турк бирлигининг ушбу икки тури ўзаро боғлиқ”лигини англатиб келмоқда.

Мақола муаллифи Гобблга кўра, Туркиянинг Россия туркий-мусулмон халқларига, айниқса, Москва Украинадан аннексия қилган Қрим яриморолида яшовчи татарларга эътибори Кремлни кўпдан бери безовта қилади.

Мақолада Нурсултондаги Туркий академиянинг яқинда Россия Узоқ Шарқида жойлашган Саха Республикасига оид баёноти ортидан туғилган безовталик ҳам эсга олинган. Баёнотда мазкур ҳудудий бирлик “дунё ҳамжамияти томонидан тан олинмаган давлатчилик тузилмаси” эканлиги айтилганди. Гоббл иқтибос олган рус олими Сергей Аксёнов бу сўзларни “Россияда турк сепаратизмини тарғиб қилишга уриниш” деб атаган.

Гоббл назарида Туркиянинг туркий халқларга нисбатан сиёсати кўп жиҳатдан Россиянинг “русский мир” лойиҳасига жуда ўхшаш. Унинг фикрича, мазкур икки сиёсат ўзаро кесишади ва Москванинг буни тан ола билмаслиги “Анқарага ўз нуфузини нафақат Кремль ўзининг “яқин хорижи” деб билувчи ҳудудларга, балки Россия ичкарисига ҳам ёйиш имконини бериши мумкин”.

XS
SM
MD
LG