Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:51

Маҳбус аёлни жинсий алоқага мажбурлаган ҳибсхона бошлиғига 5 йил берилди. У жазони манзил колонияда ўтайди


Жиззахнинг Зомин туманида тергов якунига қадар ҳибсга олинган аёлни жинсий алоқа қилишга мажбурлаганликда айбдор деб топилган тергов изолятори бошлиғи устидан суд ҳукми ўқилди.

Жиноят ишлари бўйича Зарбдор туман судининг 30 ноябрдаги қарори билан Ж. Ш. 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. У жазони манзил-колонияда ўташга ҳукм қилинди.

Жабрланувчи аёл Озодликка суд ҳукмидан норози эканини билдирди.

Зарбдор туман суди котибининг Озодликка билдиришича, жабрланувчи томоннинг суд ҳукми устидан шикоят аризаси билан мурожаат қилиш муддати ҳали якунига етмаган.

Жиноят ишлари бўйича Зарбдор туман суди ўзининг ёпиқ мажлисида Зомин туман ҳибсхонасида зўрланган маҳаллий аёл иши юзасидан ҳукм чиқарди.

Туман судьяси Ш.Мирзааҳмедов чиқарган ҳукмга кўра, судланувчи Ж. Ш. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 121-моддаси (Аёлни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш) 2-қисми ва 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли топилган ва унга жазоларни қисман қўшиш йўли билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Суд қарорида жабрланувчи томонга моддий ва маънавий зарарни ундириб бериш юзасидан фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи борлигини тушунтирилгани қайд этилган.

2021 йилнинг июнида Жиззах вилоят, Зомин туманида “товламачилик”да гумонланиб ҳибсга олинган М. исмли аёл Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига (ИИО ФМБ) қарашли туман Вақтинчалик сақлаш изоляторига киритилгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

21 июнь куни аёл шу изолятор бошлиғи "Ж. Ш. томонидан зўрлангани" тўғрисида прокуратурага ариза билан мурожаат қилган. Жорий йилнинг 31 августида жиноятни содир этганликда гумонланган Ж.Ш. ҳибсга олинган.

"Товламачилик" айблови билан қўлга олинган М. айблов ўз исботини топмагани сабабли тез орада озодликка чиқарилган.

Жабрланган аёлнинг отаси туман прокуратурасида айбланувчи шахснинг танишлари ва ҳамқишлоқлари ишлашини ҳисобга олган ҳолда иш ёпди-ёпди бўлиб кетиши эҳтимоли борлиги тўғрисида Озодликка берган интервьюсида айтган эди.

12 декабрь куни Озодлик билан бўлган суҳбатда М. тергов давомида айбланувчига нисбатан айблов юмшатилганига гувоҳ бўлгани ва у "атиги 5 йиллик манзил колониясига юборилганидан" ўз норозилигини билдирди.

- 31 август куни О.ни ушлашди. Унга 118- (“Номусга тегиш”- таҳр.) ва 119- (“Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш”- таҳр.) моддаларни қўллашди. Унга нисбатан 121- ва 206- моддаларнинг биринчи қисмини ҳам ишлатишди. О. билан мени юзлаштиришди, у ҳужжатларга қўл қўймади. Унинг талаби билан суд Зоминдан Зарбдорга ўтказилди. Мен судга 7 марта қатнадим! Ҳукм ўқилаётган куни суд нима асосда билмадим , 118- ва 119-моддаларни олиб ташлаб, енгил моддаларни қолдириб, 5 йилга “колонка” берди. Экспертиза хулосалари инобатга олинмади, прокурор ҳам 10 йил сўраганди, - деди жабрланган аёл.

Аёлнинг айтишича, у адвокат хизматидан воз кечган ва суд мажлисларида ҳимоячисиз иштирок этган:

- Судга дадам, онам боришди, мана шунақа аҳвол, деб тушунтиришди. “Мана бошини кўтаролмай қолди, уйдан чиқмаяпти!”, дейишди. Охирига келиб суд моддаларни олиб ташлаяпти! Мен бу иш қонуний ҳал этилишини сўрайман, суд жараёнидан норозиман! У ҳибсхонада ноҳақдан ва ҳақдан тушган аёллар бор: ҳаммасини зўрлаб келаверса... Адолат йўқда! Мен шарманда бўлдим, аҳволим ёмон, бошим касалликдан чиқмайди, овқат емайман, на уйқуда ҳаловатим бор. Одамларга қўшилолмай қолдим. “Бу қизни палончи мелиса ундай қилибди, бундай қилибди”, деган гап атрофда. У мелиса эса очиқда бемалол телефондан фойдаланиб колонияда юраркан! Ўзини ўртоғи томонидан қариндошларимга пул таклиф қилибди, олмадим.

Суд ҳукми устидан шикоят берган оила аъзолари "Президент портали ва Адлия вазирлигига ҳам суд қарори чиққанидан кейин шикоят билан чиққани, аммо ҳалигача жавоб олмаганини" билдирди.

М.нинг айтишича, унга Ж. Ш.нинг яқинлари чиқиб, аризани қайтариб олиш учун пул ҳам таклиф қилган.

Ишни олиб орган Зарбдор туман прокуратураси прокурор ёрдамчиси Б.Муратовга бу иш юзасидан қилинган мурожаатлар жавобсиз қолди.

Зарбдор туман суди котибининг Озодлик сўровига жавобан берган маълумотига кўра, жабрланувчи томон суд ҳукми устидан шикоят аризаси билан мурожаат қилиш муддати ҳали якунланмаган.

- Ш. Ж.га ҳукм ўқилди. 5 йил қамоқ жазоси берилди. 30 ноябрда ҳукм чиқарилган бўлса, жабрланувчи томон яна 4 кун вақти бор шикоят аризаси билан мурожаат қилишга, деди Зарбдор туман суди котиби.

Озодликка жабрланган М.нинг яқинларидан маълум бўлишича, суд ҳукми билан маҳбус аёлни зўрлашда айбдор деб топилган собиқ ички ишлар ходими Ж. Ш. суд ҳукмидан норози эканини билдириб, апелляция аризаси билан мурожаат қилган.

Шу йилнинг июнь ойида Жиззах вилояти Зомин туманида М. “товламачилик”да гумонланиб ҳибсга олинган эди.

Ҳибс этилган аёл Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига (ИИО ФМБ) қарашли Зомин туман Вақтинчалик сақлаш изоляторида ушлаб турилгани ва қийноқларга солинганини Озодликка гапириб берганди.

Маҳбус аёл бир ҳафтача давом этган зўрлаш ва қийноқларда туман ҳибсхонаси бошлиғи Ж. Ш.ни айблаб прокуратурага мурожаат қилган. Озодлик эълон қилган мақола ортидан эгаллаб турган лавозимидан озод этилган Ж. Ш. 2021 йилнинг 31 августида ҳибсга олинган эди.

Айни пайтда Ўзбекистон Адлия вазирлиги хотин-қизларга ҳатто гап отган ёки интим ҳаёти дахлсизлигини бузганлар жавобгарликка тортилиши мумкинлиги тўғрисида қонунчиликни кучайтирилаётганини билдирди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан қўлга олинганларга нисбатан қийноқлар қўлланилиши ва ноинсоний муносабатда бўлиниши кенг тарқалган, қийноққа солганлар жазоланмай қолмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам ўтган йили Конституция қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида суд-тергов давомида қийноқ қўллаш ҳолатларини танқид қилган эди.

Шунга қарамасдан тергов ҳибсхоналарида қийноқлар давом этаётгани ҳақидаги хабарлар оқими тўхтамаган.

Ислом Каримов бошқаруви пайтида Зангиотадага аёллар қамоқхонасида юзага келган ҳолатни мониторинг қилган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистонда зўрланган маҳбусалар сони кўпайиб бораётганидан хавотир билдирган эди.

XS
SM
MD
LG