Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:30

Россиядаги ўрмонда ўлиги топилган ўзбек қизнинг оиласи Олий Мажлис назоратида бўлган(ВИДЕО)


Шаҳзоданинг Озодликка берган интервьюси 2021 йилнинг апрелида ёзиб олинган.
Шаҳзоданинг Озодликка берган интервьюси 2021 йилнинг апрелида ёзиб олинган.

Россия Тергов Қўмитаси 11 июль куни Ленинград вилоятидаги ўрмонда жасади топилган ўзбекистонлик 15 яшар қиз ва 20 яшар тожикистонлик йигитнинг ўлими юзасидан жиноят иши очди.

Дарахтга осилган ҳолатда топилган Шаҳзоданинг оиласи тўғрисида Озодлик шу йилнинг апрель ойида видеолавҳа эълон қилган эди. Озодлик билан суҳбатда Шаҳзоданинг онаси Нигора уй-жой масаласида ёрдам кўрсатишни сўраган.

Ўзбекистон ҳукуматидан кўмак сўраган ночор оиланинг мурожаати Олий Мажлис Сенати томонидан махсус назоратга олингани айтилган эди.

“Йигит ва қиз мурдаси битта арқонга осилган”

11 июль куни Ленинград вилоятининг Колпино тумани Понтонний қўрғони яқинидаги ўрмонда маҳаллий аҳоли вакиллари дарахтга осилган икки кишининг жасадини топишди.

Озодлик ўлганлардан бири Тошкент вилоятилик 15 ёшли Шокирова Шаҳзода Қудратилло қизи эканини аниқлади.

Нобуд бўлган қизнинг онаси Нигора Озодлик билан суҳбатда ҳодиса тафсилотлари ҳақида гапириб берди:

Шаҳзода Шокирова
Шаҳзода Шокирова

- 9 июль куни кечқурун у мендан 100 рубль пул сўради, чунки эрталаб магазинга бориб келарди одатда. Эрталаб турсам қизим йўқ. Аввалига магазинга кетибди, деб ўйладим. Кейин излашга тушдим, бормаган жойим қолмади. Охири полицияга борсам, “Қизингни расмини кўрсат”, дейишди. Кўрсатсам, “чатоқ бўлибди, қизингни ўлиги Загородний тарафдан чиқибди!”, деди, - дея йиғлади Нигора.

Муҳожир аёл охирги бир неча ой давомида Кисельня қишлоғида ўғли ва қизи билан яшаб келган, турли юмушларни бажариб кун кечирган.

Иккинчи жасад 20 яшар тожикистонлик меҳнат муҳожирига тегишли экани аниқланди. Озодликка маълум бўлишича, йигитнинг исми Жаҳон, у Тожикистоннинг Регар туманидан. Ҳодисадан бир кун ўтиб, Жаҳоннинг яқинлари ҳам топилгани маълум бўлди.

Россия Федерация Тергов Қўмитасининг Ленинград вилояти бўйича бошқармаси вакили Озодлик сўровига жавобан Жиноят Кодексининг 109 моддаси (эҳтиётсизлик оқибатида ўлимга сабабчи бўлиш) асосида жиноят иши қўзғатилганини билдирди.

Терговни олиб бораётган ходим бир қанча фаразлар, жумладан йигит ва қиз ўз жонларига келишган ҳолда қасд қилган бўлишлари мумкинлиги кўриб чиқилаётганини маълум қилди.

Ўлганларнинг яқинлари Жаҳон ва Шаҳзода ўртасида яқин муносабатлар бўлганини инкор этмаса-да, нима сабабдан улар ўз жонларига қасд қилган бўлишлари мумкинлигини ҳатто тахмин ҳам қила олмаётганликларини айтишмоқда.

Озодлик билан суҳбатда Нигора қизининг ўз жонига қасд қилмагани – уни ўлдириб кетишган, деб ишонишини айтди:

- Улар аввалига ўзлари мендан “Кимни гумон қиляпсан?”, деб сўради. “Ўзини ўлдирган десак, оёғи остида ҳеч қандай нарса йўқ эди. Дарахтга осиб кетишибди уларни. Икки йил олдин сен қизинг билан зўрланган экансизлар, аризангни кўрдик”, деди. “Ҳа, шундай бўлган. Ариза берганимга қарамай, жиноятчи очиқда юрибди”, дедим. Мен қизимни ким ўлдирганини топиб беришларини сўрадим. Полициячилар тергов яна икки ой бўлади, лекин жасадни олиб кетишимиз мумкинлигини айтди.

Ўлимидан 4 ой олдин Шаҳзода Озодликка интервью берган

Шу йилнинг апрель ойида Озодлик Шаҳзода, унинг онаси Нигора ва вояга етмаган укаси тақдири тўғрисида “Мени ва қизимни зўрлаганлар озодликда юрибди” сарлавҳаси остида видеолавҳани эълон қилган эди.

Унда Тошкентнинг Ўртачирчиқ туманидан бўлган бу оила аъзолари шахсан Ўзбекистон президентидан ўзларидан "алдов йўли билан тортиб олинган" уйни қайтариб беришни сўрашган. Бир ўғил ва бир қизни ёлғиз ўзи вояга етказаётган муҳожир аёл бошпанасиз ва маблағсиз ўз юртига қайта олмаётганини айтган эди.

Мактаб ўқитувчиси бўлган Нигора Ўзбекистонда ёлғиз ўзи икки болани боқолмасдан қийналиб кетгани боис 2018 йилда фарзандлари билан Россияга келган. Петербургда Нигора Тожикистон ватандошлари бўлган икки шахс томонидан қаттиқ калтаклангани ва қизи билан бирга кичик ўғлининг кўзи олдида зўрлангани ҳақида ҳикоя қилади.

Терговчилар жиноятда айбланган шахслар ўша пайтда 12 яшар бўлган Шаҳзодани қўрқитиб, номусига тегиб келганини аниқлаган ва уларни қўлга олган.

Санкт-Петербург шаҳар Тергов қўмитаси 25 май куни жиноятчилардан бирига нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 131 (зўрлаш) ва 127 (озодликдан ноқонуний тарзда маҳрум этиш)- моддалари асосида жиноят иши қўзғатганини хабар қилганди.

Бироқ номаълум сабабларга кўра, тез орада бу шахсларга нисбатан тергов ишлари якунланиб, улар қўйиб юборилди.

Нигора болларини олиб, Санкт-Петербургдан қочишга ва Ленинград вилоятининг Колпино туманида чекка қишлоқдаги фермада жон сақлашга мажбур бўлади.

Дарбадар оила Ўзбекистон Сенати назоратида бўлган

Озодликда эълон қилинган видеолавҳадан кейин Ўзбекистондаги жамоатчилик бу оила муаммоларига эътибори қаратди. 19 апрель куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг расмий саҳифасида “Чет элда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаросининг мурожаати назоратга олинди” сарлавҳаси остида хабар эълон қилинди.

Уйсиз-жойсиз бўлган Шокировлар оиласи иши Ўзбекистон Сенати махсус назоратида бўлган
Уйсиз-жойсиз бўлган Шокировлар оиласи иши Ўзбекистон Сенати махсус назоратида бўлган

Унда Озодликнинг “Муҳожир аёл: Мени ва қизимни зўрлаганлар озодликда юрибди” номли видеоматериалда “Санкт-Петербург шаҳрида меҳнат қилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва унинг икки фарзандига нисбатан содир этилган зўравонлик ҳаракатлари бўйича хабарлар акс эттирилгани” айтилган.

"Ушбу масала Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинди. Ҳукуматнинг тегишли вазирлик ва идораларига тезкор сўровномалар юборилди. Ўрганиш натижалари юзасидан маълумот берилади”, дейилган расмий хабарномада.

Мухбирларимиз Петербургдаги ночор аҳволда қолган ўзбекистонликлар масаласида Сенатнинг ўргангани натижалари бўйича бирор ҳисобот берилгани-берилмаганини аниқлай олмади.

Озодлик суриштирувига кўра, видеомурожаат чиқиши ортидан Ўзбекистондаги Санкт-Петербург консуллиги вакиллари улар билан алоқага чиққан, ишга жойлаштириш ва ётоқ-жой билан таъминлашни таклиф қилган.

Бироқ вақт ўтиши билан Нигора мутассадилар унинг қўнғироқларига жавоб бермай қўйгани ва унинг уй-жой масаласида қилган мурожаати яна пайсалга солиниб, оила Ленинград вилоятида қолиб кетганини билдирди:

- Ўшанда мени уйимни қайтариб беришганда ва мен Ўзбекистонга кетганимда, болам ўлмаган бўларди! Менга Самидулло исмли қанақадир партия вакили чиқиб, “Бизни шарманда қилмасдан, қайтиб келавер!” деганди. Мен иккита болам билан қаерга қайтиб бораман, уйим бўлмаса?! Мен уларга уйим йўқ десам, улар менга “Қайтиб келавер!”, дейверади. Мана, ҳозир ҳам тожикистонликлар пул йиғиб беряпти жасадни моргдан олиб чиқишга, - деди Нигора.

Колпино туманида яшовчи бир гуруҳ тожик муҳожирлари Шаҳзоданинг жасадини ўликхонадан олиб чиқишга маблағ йиққанлари маълум бўлди.

Озодлик билан суҳбатда Жавлон исмли меҳнат муҳожири ўликни олиб чиқишга йиғиб қўйган охирги 40 минг рублини сарфлаганини билдирди.

- Мен охирги 40 мингимни болани ўликхонадан олиб чиқишга бердим. Лекин менда бошқа пулим йўқ: жами 61 минг рублча кетаркан моргга. Ўзбекистон консуллиги фақат майитни жўнатишга кўмаклашамиз, деяпти. Нигора ўзига самолётга билетни ўзи сотиб олиши керак экан. Бу қанақаси, ахир – болани Ўзбекистонда ким кўмади, ёлғиз онаси боролмаса? Шунга сизлардан ҳам ёрдам беришингизни сўрайман, - деди тожик муҳожири.

Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги консулхонасининг ўзини Мансур деб таништирган расмийси вазиятдан хабардор эканликлари ва Шаҳзода Шокирова жасадини Ўзбекистонга жўнатиш бўйича барча зарур ҳужжатлар ҳозирланаётганини маълум қилди:

- Бугун менга чиқишди, улар билан ҳозир алоқам бор. Ҳужжатларни ҳаммасини Россия идораларига бериб келдик. Майит жўнатиш битта қоғоз билан битмайди. Шу, қоғоз расмиятчилиги бор бироз. Худо хоҳласа, жўнатворамиз. Ҳозирча майит билан бирга онаси жўнатиладими, йўқми – хабарим йўқ.

Ҳали 16 ёшга кирмаган Шаҳзода Шокированинг жасади ҳозирча ўликхонада қолмоқда. Россия Тергов қўмитаси икки ёш муҳожир ўлими юзасидан тергов-суриштирув ишларини давом эттираётгани айтилади.

XS
SM
MD
LG