Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:27

"Янги Ўзбекистон" Конституцияси. Мирзиёев янги асосий қонун қачон қабул қилинишини айтди


Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Конституциясининг янги лойиҳаси тайёрланади ва у 2022 йили, Асосий қонуннинг 30 йиллик байрами нишонланадиган кунларда қабул қилинади.

Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Конституциянинг 29 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табригида билдирди.

Ўзбекистоннинг 1992 йил 8 декабрида қабул қилинган асосий қонунига ўтган 29 йил давомида 15 марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Президент ўз табригида мамлакат Конституциясини таҳрир қилиш зарурати ҳақидаги фикрларини баён этди.

Шавкат Мирзиёевнинг фикрича, ,бу заруратлар қуйидагилардан иборат:

  • илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш;
  • иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлаш бош мезон бўлиши кераклиги;
  • фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини мустаҳкамлаш;
  • оила институтини ривожлантириш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш;
  • ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлаш;
  • “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилни конституциявий қоида сифатида муҳрлаш;
  • болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлар, кексалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш;
  • боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш.

Конституцияга ўзгартириш киритиш тўғрисида Шавкат Мирзиёев биринчи марта ўтган ойда, президентликнинг иккинчи муддатига сайланганганидан сўнг гапирган эди.

6 ноябрь куни ўзининг инаугурацион нутқида "конституцияни такомиллаштириш" ҳақида гапирган Мирзиёев асосий қонуннинг айнан қайси бандлари ўзгартирилишини очиқламаган.

“Агар дунё тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, туб бурилиш даврида кўпгина давлатларда конституциявий ислоҳотлар амалга оширилганини кўрамиз. Шу сабабли, аввало, сенатор ва депутатларимиз, кенг жамоатчилигимиз, халқимиз билан яна бир бор маслаҳат қилиб, жаҳон конституциявий тажрибасини ўрганиб, пухта ўйлаган ҳолда бугунги ва келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган Асосий қонунимизни такомиллаштириш масаласини ҳам кўриб чиқишимиз керак”, деган эди Президент 6 ноябрда.

Мирзиёев эълон қилган "конституцион ислоҳотлар" президент муддати ўзгартирилиши ҳақидаги фаразларга етаклаган.

Ўзбекистоннинг амалдаги Конституциясига мувофиқ, бир шахс 5 йилдан фақат икки муддат президент лавозимини эгаллаши мумкин.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси 24 октябрдаги президент сайловида 64 яшар Шавкат Мирзиёев 80,1 фоиз овоз билан иккинчи муддатга қайта сайланганини эълон қилган.

Шавкат Мирзиёев мустақил Ўзбекистоннинг 30 йиллик тарихидаги иккинчи президентидир. Унинг салафи Ислом Каримов 2016 йилнинг сентябрида вафот этгунига қадар 4 марта президентликка сайланган ва бир марта умумхалқ референдуми ўтказиш йўли билан президентлик ваколатлари муддатини узайтирган эди.

Ўзбекистоннинг 1992 йилнинг 8 декабрида қабул қилинган асосий қонунига ўтган 29 йил давомида 15 марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бўлиб, дунё бўйича бу каби қисқа муддатда энг кўп ўзгартирилган конституциялардан бири ҳисобланади.

234 йиллик тарихга эга АҚШ конституцияси ўтган давр мобайнида жами 27 марта ўзгартирилган.

2016 йил сентябрида вафот этган Ислом Каримов конституциядаги икки муддат ўрнига 4 марта президентликка сайланган ва бир марта референдум орқали муддатини узайтирган эди.

Президент ўзи томонидан берилган эркинликка шаъма қилди

“Юртдошларимиз учун мамлакатнинг хоҳлаган ҳудудида эмин-эркин яшаш, уй-жой ва кўчмас мулк сотиб олиш, фуқароликка эга бўлиш, билим олиш, меҳнат қилиш, тадбиркорлик билан шуғулланиб, даромад топиш, турли давлат хизматларидан фойдаланишга оид кенг имкониятлар яратилмоқда. Энг муҳими, бундай ўзгаришларни ҳар бир инсон кундалик ҳаётида кўрмоқда, ҳис этмоқда” деди президент.

Прописка тизимининг қисман бекор қилиниши, ватандошлик ҳуқуқи (фуқаролик) олиш шартларининг юмшатилиши ҳамда иқтисодий ислоҳотларга шаъма қилган президент Ўзбекистон ватандошларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳатто хорижда ҳам таъминлаётганига урғу берди.

Конституция байрами арафасида президент ўзининг сайловдаги мухолифи, “Миллий тикланиш” партияси номзоди Алишер Қодиров томонидан ғайри конуституциявий амалиёт экани иддао қилинадиган “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” терминларига тўхталиб, унинг реал ҳаётдаги афзалликларига тўхталди.

Ўзини Черчиллдек ҳис этмоқдами?..

Анъанавий байрам табригида замон ўзгаришлари, Учинчи Реннесанс ва демократик жамият қуриш йўлидаги талаблар ҳақида гапира туриб, давлат ва сиёсат арбоби Уинстон Черчиллнинг “Яхши бўлиш учун – ўзгариш керак, яхшиларнинг яхшиси бўлиш учун эса янада кўпроқ ўзгариш керак”, деган сўзларини эслайди.

Табрик контекстида ислоҳотлар локомотивини ҳаракатлантирувчи куч ўзининг ташаббуслари эканига урғу беради.

Қутловдаги ҳар бир сатр моҳияти биринчи ва кейинги президентлар давридаги ўзаро фарқни таққослашга қаратилган кўз илғамас қиёсларга қурилганини кўриш мумкин.

Анъанавий эътироф: инсон ҳуқуқлари...

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ жараёнда оламшумул ислоҳотлар амалга оширилганини эътироф этган Шавкат Мирзиёев суд-ҳуқуқ тизимидаги ўзгаришларни санаб ўтишдан чарчамади.

Хусусан, судларда назорат инстанцияси бекор қилиниб, фуқаролар ва адвокатларнинг шикоятлари тўғридан-тўғри кўриш тартиб ўрнатилганини айтди.

“Илк бор мансабдорларни ноқонуний ҳаракатлардан тийиб турадиган маъмурий судлар фаолияти йўлга қўйилиб, улар орқали жорий йилнинг ўзида 6,5 мингдан ортиқ фуқаро ва тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланди.

Иқтисодий ва фуқаролик судларида прокурорнинг иштироки чекланди, жиноят ишларини асоссиз равишда суддан чақириб олиш билан боғлиқ амалиётга барҳам берилди” деди президент.

Шавкат Мирзиёевга кўра, адвокатларнинг ваколатлари кенгайтирилган, Омбудсман институти қошидаги жамоатчилик гуруҳлари ўз вазифасини самарали амалга оширмоқда.

2021 йилда 4 мингдан ортиқ шахс суд залидан озод қилиниб, 8 мингга яқин фуқарога нисбатан асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилган, 859 нафар шахс оқланган.

Шунингдек, президент байрам табригида диний эркинликлар таъминлангани, коррупцияга қарши кескин кураш олиб борилаётгани ва бошқа оламшумул ислоҳотлар амалга оширилаётганини иддао қилади.

XS
SM
MD
LG