Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:22

Хиралаштирилган сурат. Ўлимидан 5 йил ўтиб, Каримов даврига ҳануз сиёсий баҳо йўқ


Ислом Каримовнинг Тошкент кўчаларидан бирида ташлаб кетилган портрети. (Ижтимоий тармоқ)
Ислом Каримовнинг Тошкент кўчаларидан бирида ташлаб кетилган портрети. (Ижтимоий тармоқ)

2 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев Биринчи президент Ислом Каримовнинг Тошкентдаги ҳайкали пойига гулчамбар қўйди, унинг хотирасига бағишланган расмий маросимга етакчилик қилди.

Бундан беш йил муқаддам шу куни Ўзбекистон давлат телевидениеси қарийб бир ҳафта давом этган сиёсий мавҳумликдан сўнг 78 яшар Ислом Каримов вафотини расман эълон қилган эди.

Мамлакатда 2 сентябрь Ислом Каримовни хотирлаш куни сифатида нишонланади. Шавкат Мирзиёев "Янги Ўзбекистон" деб эълон қилган мустақил Ўзбекистоннинг сўнгги беш йилдаги тарихи худди шу кундан бошланади.

Ўтган вақт мобайнида сиёсий меросхўрликнинг муҳимлиги ва ўтганларни ёмонламаслик ҳақида гапириб келаётган Мирзиёев марҳум президентнинг кўпгина зиддиятли ва репрессив қарорларини бекор қилган, иқтисодий ва ижтимоий тартибни ўзгартириш сари қадамлар қўйган.

Айни пайтда сиёсий соҳада бу каби изчиллик кўзга ташланмайди, жумладан, дунёдаги энг репрессив тузумлардан бирига асос солган Каримовнинг меросига сиёсий баҳо берилганича йўқ.

Mahalla телеканалаи Каримов портретининг хиралаштирилганини "техник хатолик" деб атади
Mahalla телеканалаи Каримов портретининг хиралаштирилганини "техник хатолик" деб атади

Каримов шахсига муносабат трендда

Мустақилликнинг 30 йиллик санаси арафасида давлат телевидениеси биринчи президент Ислом Каримовнинг хира тортилган суратини намойиш этди. Mahalla телеканали раҳбарияти сериалда кўриниб қолган суратнинг хиралаштирилишини “техник хатолик” деб атади.

Маҳаллий блогерлар эътиборини тортган ушбу кичик эпизод ўзбек жамиятидаги каттароқ бир тренд - Ислом Каримов шахси ва унинг бошқаруви даврига муносабат мавзусини кун тартибига чиқарди.

Каримовнинг миллионлаб нусхада чоп этилган ва мактаб ҳамда олий таълим дарсликларига киритилган китобларининг тақдири ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. Пойтахт кўчаларида Ислом Каримовнинг "қанотли иборалари" битилган шиорлар буткул йўқолганига анча вақт бўлди. Аммо буларнинг ҳаммаси расмий изоҳсиз, ими-жимида амалга оширилди.

2018 йилнинг 22 июнида Озодлик Ўзбекистон телеканалларида Ислом Каримов исмини айтмаслик талаб қилингани ҳақида хабар берганди. Шу билан бирга, Каримов акси туширилган тақвимлар, портретлар ва бошқа буюмлар йўқолди.

Ўшанда ЎзМТРК таркибига кирувчи "Ëшлар" телеканали журналистлари Озодликка “Кадрда Ислом Каримов расми¸ ҳайкали ëки исми ëзилган лавҳалар кўриниб қолишига нисбатан ҳам тақиқ жорий қилинган”ини айтганди.

Мирзиёев: Ўтган даврдаги ишларни ёмонламаймиз!

Президент Шавкат Мирзиёев 30 август куни Кўксаройда Мустақиллик байрами муносабати билан кўплаб ўзбекистонликларга мукофотларни топширди. Президент Мустақиллик байрами муносабати билан тақдирлаш маросимида Ислом Каримов “тарихнинг энг мураккаб ва оғир даврларида” Ўзбекистонни бошқарганини таъкидлаб, собиқ президент Каримов ҳақида ҳам фикр билдирди.

У ҳеч қачон Ислом Каримов амалга оширган ишларни ёмонланмаслигини гапирди.

- Вақт шиддат билан ўтяпти. Мустақиллик онларида туғилган фарзандларимиз бугун 30 ёшга киряпти. Биринчи Президентимиз томонидан қилинган улкан ишлар бугун ёдимизда турибди. Биз ҳеч қачон ўтган даврдаги ишларни ёмонламаганмиз, келгусида ҳам бундай қилмаймиз, деди Шавкат Мирзиёев.

Каримов тузумини аёвсиз танқид қилаётганига қарамай, Мирзиёев жамоатчилик кўзида марҳум президент хотирасига ҳурмат бажо келтиришни канда қилмаяпти
Каримов тузумини аёвсиз танқид қилаётганига қарамай, Мирзиёев жамоатчилик кўзида марҳум президент хотирасига ҳурмат бажо келтиришни канда қилмаяпти

Каримов вафотидан кейин Мирзиёев президентлик сайлови кампанияси чоғида ўзбеклар биринчи президентнинг "тарихий хизматларини" эслашга мажбур эканлигини айтган. У пойтахт марказида Ислом Каримовга майдон ва ҳайкал очишга ваъда берди.

Тошкентда Каримовга ҳайкал 2017 йилнинг август ойида очилган эди. Унинг вафотининг бир йиллигида Қарши ва Самарқандда ёдгорликлар, кейинчалик Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси ёнида Ўзбекистоннинг биринчи президентнинг ҳашаматли ҳайкали очилди.

Ислом Каримов шахси эмас, даври танқид остида!

Шавкат Мирзиёев Каримов даврини юксак минбардан туриб танқид остига олган биринчи амалдор ҳамдир.

Ўзбек блогерлари унинг гаплари амалдагидан катта фарқ қилаётганига эътибор қаратмоқда.

Блогер Отабек Бакиров ўзининг Телеграм-каналида ўзбек жамиятида Ислом Каримовга нисбатан ностальгия йўқолмаётгани сабабларига тўхталди.

"Каримовга унинг атрофида жамланган айрим сиёсатчи отарчилар, отарчи сиёсатчилар, ёлғончилар, ўғри иккиюзламачиларнинг берган баҳоси, назаримда, бу бузуқ баҳо. Эшитган одамни ижирғантиради. Унга Халқ, у билан бир замонда яшаган, ундан жабр, ситам, қўрқув, зулм, марҳамат, ишонч кўрган Халқ баҳо берган ва бундан кейинам Халқ баҳо беради”, деб ёзди блогер.

Айни пайтда Каримов давридаги кўплаб қарорларни бекор қилгани ва қайта кўриб чиқаётганига қарамай, президент Мирзиёев ва унинг ҳукумати ҳозирча биринчи президентнинг меросига очиқ сиёсий баҳо беришдан қочмоқда.

Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов жорий маъмурият ва президент Мирзиёевнинг Ислом Каримов шахси ва у олиб борган сиёсатга икки нуқтадан иборат ёндашув кузатилаётганини айтади.

- Биринчи ёндашув – Ўзбекистон ҳокимияти англайдики, Ислом Каримов шахсияти дунё ўзбекларини бирлаштирувчи эмас, ажратувчи, улар ўртасидаги зиддиятларга сабабчи омил. Авторитар усуллар билан бошқараётган шахсга ва маъмуриятга жамият ичкариси ва оламда салбий муносабат салмоқли бўлади. Ҳозир Каримов тарафдорлари ҳам, уни танқид қилувчилар салмоғи кўп. Шу нуқтадан келиб чиқиб, Ислом Каримов шахсини танқид қилмаслик ва имкон қадар ижобий образда кўрсатиш ва уни шу талқинда кўрсатишга мойиллик кузатилади.

Иккинчи муҳим нуқта - Каримовдан қолган ўта салбий ва оғир меъросдан тезроқ ва чуқурроқ воз кечиш сиёсати. Яъни, Ислом Каримов шахсини қораламаган ҳолда, унинг сиёсий меросидан воз кечиш ва бу орқали Ўзбекистонни нормал демократик очиқ рақобатбардош ҳуқуқий давлатга айлантиришга интилиш кузатилади, - дейди Камолиддин Раббимов.

Мирзиёев ўз президентлик фаолиятини Ислом Каримовдан қолган сиёсий мерос-бошқарув тизими, ижтимоий тартиб ва марказлашган иқтисод ҳамда коррупция, шунингдек, ички ва ташқи сиёсатни аёвсиз танқид қилишдан бошлаганини кўпчилик яхши эслайди.

У марҳум президент таянган ўзбек куч тизимларини “керак бўлса, столбани ҳам қамаган” дея танқид қилган эди.

Мирзиёевнинг Фарғонани "дабдала қилиб кетган каламушлар" тўғрисидаги сўзлари эса, ўша пайтдаги биринчи оила шаънига қаратилган кескин танқид дея талқин қилинган.

Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда Мирзиёевнинг ўзи раҳбарларга қарата “кўприклар ёнгани” ва “эски ҳаммом ва эски тос қайтмаслиги”ни айтган эди.

Кейинчалик Каримов танқидига расмий матбуот ҳам қўшилди.

2017 йилнинг 30 июль куни эфирга узатилган “Таҳлилнома” кўрсатувида марҳум президент Ислом Каримов сиёсати кескин танқид қилиниб, у “қўшнилар билан кимўзар мусобақа ўйнаб”, “Сен зўрми, мен зўр” қабилида хўрозлангани” қораланган эди. “Қўшниларга тўмтайиш” натижасида чигаллашиб кетган муаммоларни бугунги кунда Мирзиёев ҳал қилаётгани таъкидланди.

Айни пайтда, Ўзбекистонда Ислом Каримов ва унинг даврини танқид остига олаётган жамоатчилик намояндалари сони ҳам ошиб бормоқда.

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова “Миллий” телеканалининг “Инсон қадри” кўрсатувига берган интервьюсида норасмий тақиқлар сабаб Каримов даврида ўзидан ташқари оила аъзолари ҳам зулм чеккани ҳақида сўзлаб, кўзига ёш олди.

Ислом Каримов даврида Юлдуз Усмонова унинг сиёсатини баралла қўллаб-қувватлаган, унга ва оила аъзоларига қўшиқлар бағишлаган санъаткорлардан биридир.

Шахсга сиғинишнинг янги кўриниши?

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Каримовнинг шахсига сиғиниш давом этаётганини гапиради:

- “Маҳалла”да Каримов суратининг ўчирилиши, албатта, техник камчилик эмас: бу-биринчи президентга қарши зимдан кураш олиб бораётган шахснинг кўрсатмаси бўлиши мумкин. Президент эса, 30 август куни мукофотлар топшириш маросимида бирдан “Ўзимиздан олдин ўтган раҳбарларни ёмонламаймиз, улар ишларини қораламаймиз. Шунинг учун Ислом Каримовга нисбатан муносабатимиз доимо яхшилигича қолади”, деди. Бу жамиятга ўзига хос сигнал бўлди. Аммо Ислом Каримов хотирасини йўқ қилишга қаратилган кучлар ҳам бор. Аммо ҳозирги давр нуқтаи назаридан Ислом Каримов хотирасига эҳтиром жуда кучли, айниқса, биринчи шахс Мирзиёев томонидан. Кўпчиликнинг эсида – Мирзиёев иқтидорга келган пайтда бош вазир ўринбосари Рустам Азимов у кишини “Каримовнинг сиёсий валиаҳди” деб атаган эди ва президент ўшанга яраша иш олиб боряпти, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Айни пайтда марҳум президент шахсига сиғинишнинг камайиши манзарасида амалдаги президент шахсини улуғлаш оҳанги тобора кучайиб бораётганини кўриш мумкин.

Бу айниқса, сайловлар йили бўлган жорий йилда яққол кўзга ташланди.

Ўзбекистон парламенти ижтимоий тармоқларда президентни танқидлардан ҳимояловчи ва айни пайтда сўз эркинлигини чеклаши айтилган махсус қонунни қабул қилди. Шу ой бошида Мирзиёевни очиқча танқид қилган ва сайловчиларни унга овоз бермасликка чақирган жиззахлик блогер Валижон Калонов суд қилиниб, жаримага тортилди.

Марҳум Ислом Каримов ҳаëти ва фаолиятига бағишланган фотокўргазма
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:23 0:00

Аммо афтидан, Ўзбекистон парламенти бу борада фақат ижтимоий тармоқларни чеклаш билангина кифояланмоқчи эмас.

Парламентнинг ҳар икки палатасини намоён қилган икки юқори мартабали мулозим Шавкат Мирзиёевни “Миллат сардори” деб аташни таклиф қилди. Улардан бири, Қонунчилик палатаси вице спикери Акмал Саидов ўз мақоласида амалдаги президентни тўғридан тўғри Миллат сардори деб атади ҳам.

Айрим таҳлилчилар Мирзиёевга яқин мулозимлардан чиқаётган бу хитоблар яқин орада конкрет қонунчилик ташаббусига айланиши ва қўшни давлатларда бўлгани каби давлат раҳбарининг расмий титулига айланишига шубҳа қилмайди.

Уларнинг шубҳа қилаётгани – бу каби ташаббуслар яқин ўтмишда қаттиқ авторитар бошқарув ва сиёсий репрессияларга таянган, сўнгги беш йилда бир қадар юмшаган Ўзбекистондаги тузум ва мамлакат имижи учун қандай яхшилик олиб келишида.

Тошкентлик сиёсий фаол, шоира Дилором Исҳоқова охирги йилларда Ислом Каримов хотирасига ўзбек жамиятида турлича қарашлар шаклланаётганига эътибор қаратади:

- Каримов хотирасини абадийлаштиришда жамият якдил эмас. Жамиятда 2-3 фоиз одамдан “Каримов ундоқ-бундоқ эди!” ёки “Додамиз зўр эди!” деган гапларни эшитаман. Жамиятнинг асосий қисми эса, Каримовга муносабатда мутлақо бефарқ! Уларга Каримов ҳақида нима гапирилишининг фарқи йўқ. Лекин бошқа бир қисмида давлат миқёсида унинг қилган жиноятларининг тан олиниши талаби бор. Бу масала ҳал этилмагунча, кун тартибига чиқиб олаверади: вақти келади ва Каримов даври ўз баҳосини олади, деб ўйлайман. Унинг диктатор экани, миллатга қарши қилган жиноятлари ҳаммаси очилади, тан олинади ва жабр кўрганлардан узр сўралади, дейди Дилором Исҳоқова.

Мирзиёев ҳукумати Каримов даврида қамоққа ташланган ўнлаб сиёсий ва диний маҳбусларни озодликка чиқарган, аммо халқаро инсон ҳақлари ташкилотларининг уларни реабилитация қилиш ҳақидаги чақириқларини жавобсиз қолдириб келади.

Жумладан, 2019 йил 10 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати 24 йил қамоқда сақланган собиқ сиёсий маҳкум, Ўзбекистон Олий Кенгаши собиқ депутати Самандар Қўқоновнинг реабилитация қилишни сўраб ёзган аризасини қаноатлантирмаган.

“Қўқоновга очилган жиноят ишидаги эпизодларнинг барчаси ўз исботини топгани, далилий ашёлар ва гувоҳлар билан етарлича асослангани учун қондирилмади”¸ дейилган Олий суд ажримида. Фаолларга кўра, Олий суднинг собиқ сиёсий маҳкумлар тақдирига муносабати Каримов давридаги тузум ўзгармасдан қолаётганини кўрсатади.

XS
SM
MD
LG