Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:33

Ҳайдовчига "пистолет" қадаган монополия: АЁҚШларда қиммат бензинга навбат камаймаяпти


Тошкентдаги монопол "Ўзбекнефтгаз" давлат ширкатига қарашли АЁҚШ яқинида номаълум рассом - Inkuzart чизган граффити бир кун ўтиб ўчирилди.
Тошкентдаги монопол "Ўзбекнефтгаз" давлат ширкатига қарашли АЁҚШ яқинида номаълум рассом - Inkuzart чизган граффити бир кун ўтиб ўчирилди.

Жорий йил бошидан бери бензин нархи 72 фоизга ошган Ўзбекистонда сўнгги икки ҳафтада ёнилғи тақчиллиги кучайгани кузатилмоқда.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси бензин муаммосида монопол ширкатларни айблади.

"Ўзбекнефтгаз" вакили Озодликка ширкат раҳбарияти бензин нархларини пасайтириш устида иш олиб бораётганини маълум қилди.

Бир вақтнинг ўзида мамлакат бўйлаб автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида ҳам метан газ тақчиллиги кузатилмоқда. Бу ҳар йили куз-қиш мавсумида кузатиладиган ҳолат.

Ҳайдовчилар“байрами”: Навбатимиз келди!

Ижтимоий тармоқларда тарқаган видеолардан бирида, афтидан, метан газ шохобчасида навбати келган ҳайдовчиларнинг хурсандчилиги акс этган.

Ҳайдовчилар “байрами”: Навбатимиз келди!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:32 0:00

“Навбатимиз келди”, деб номланган ушбу видеода ёнилғига навбатда туриб чарчаган ҳайдовчиларнинг навбати келганини карнай-сурнай чалиб нишонлаётгани акс этган.

“Кеча навбатга тургандик, бугун мана очередимиз келди”, дейди видеони тасвирга олаётган йигит.

Видеода ўнлаб машиналар ҳали навбатда турганини кўриш мумкин. Айни пайтда Озодликка бўлаётган мурожаатлардан маълум бўлишича, фақат газ заправкалар эмас, мамлакат бўйлаб АЁҚШлар олдида шу каби навбатлар кузатилмоқда.

"Кеча Қўйлиқдаги заправкада 2,5 соат очередда турдим. АИ-80 бензинни 8800 сўмдан олдим. "Яп-янги Ўзбекистон"даги аҳвол бу. Бир йил олдин бензин 4000 сўм эди”,- дейди тошкентлик ҳайдовчилардан бири.

Фейсбукдаги “Водители Ташкента” саҳифаси фойдаланувчиларининг ёзишича, айрим АЁҚШларда соатлаб навбат кутиб ҳам бензин олиб бўлмаяпти, сабаби навбат етгунча, бензин тугаб қолмоқда.

“Энг мазза қилган жойи шунча кутиб етиб борсам, АИ -80 йўқ”,- дея ёзғирди Bakhodir Kudratov исмли юзер. Тармоқ фойдаланувчиси Mirakbar Zohidov эса “Uzgazoil da 14:00 dan kegin 80 qolmayabti”-, дея нолиди.

Деворда акс этган бензин нархи

“Ўзбек Бэнксиси” номи билан кўпчиликка танилган стрит-арт рассом Inkuzart ҳам бензин билан боғлиқ муаммога эътибор қаратди.

Рассом 19 ноябрга ўтар кечаси Тошкент шаҳри, Учтепа туманидаги "Катта қани" кўчасида жойлашган АЁҚШ олдидаги деворга бензин муаммоси акс этган графиттини чизди.

Inkuzart ўз асарида дўппи ва чопон кийган эркакни қўлида ёнилғи қуйиш "пистолети" билан акс эттирган.

Рассом ушбу граффити орқали бензин нархининг ошиши ўзбекистонликларни “ўлдиришига” ишора қилгани айтилди.

Inkuzart тахаллуси остида деворий расмлар чизаётган тошкентлик рассом ўз асарларига изоҳ бермаслиги ва унинг асарларини кўрган ҳар бир одам ўзи хулоса чиқариши тарафдори эканини айтиб келади.

19 ноябрнинг ўзида граффитини ўчиришга ҳаракат қилинди, аммо пировардида расм бутунлай ўчмади – деворда сурат излари қолди.

Учтепа туман ҳокимлиги мулозими Inkuzart чизган сурат махсус буйруқ билан ўчирилганини билдирди, бироқ мулозим бу буйруқ ким томонидан берилгани ва граффитини ўчириш сабабини очиқламади.

Inkuzart чизган олдинги суратлари тақдири ҳам шундай бўлган, жумладан, унинг "ЎзАвто Моторс" монополиясини акс эттирган граффитиси бир кун ўтиб ўчирилганди.

Inkuzart'нинг "UzAuto" монополиясига қарши сурати ўчириб ташланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:55 0:00

Бензин бир йилда 72,1 фоизга қимматлади

2020 йил 1 майдан бошлаб АИ-80 маркали автомобиль бензини ва дизель ёқилғиси чакана нархларини давлат томонидан тартибга солиш амалиёти бекор қилинди. Нефтни қайта ишлаш заводлари бензинни фақат биржа савдолари орқали амалга ошириши белгиланди. Шундан буён энг харидоргир саналган АИ-80 маркали бензин нархи муттасил ошиб бормоқда.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси маълумотига кўра, бензин нархи жорий йил бошидан буён 72, 1 фоизга қимматлаган.

"Ўзбекнефтгаз" идорасининг Озодлик 22 ноябрь куни боғланган мулозими ширкатга қарашли АЁҚШлардаги навбатларни шундай изоҳлади:

"Ўзбекнефтгаз" АЖга қарашли АЁҚШларда навбатлар кўпайгани рост, буни айнан АИ- 80 бензинининг нархи қолган АЁҚШларга қараганда 1200-1500 сўм атрофида арзонлиги билан изоҳлашимиз мумкин", деди исмини очиқлашни истамаган мулозим.

"Бензин қимматлашига монопол ширкатлар айбдор"

Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Фаррух Қорабоев 16 ноябрь куни АОКАда ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистонда бензин нархининг кўтарилишини жаҳондаги нархларнинг ўсишига боғлади. Мулозимнинг айтишича, ички бозорда бензинга талабнинг ортиши ҳам нархларнинг ўсишига таъсир қилган.

Айни пайтда Қорабоев мамлакатдаги бензин монополияси ҳам нарх ошишига сабаб бўлганини эътироф этди.

Унга кўра, биржада бензинни катта миқдорда сотилиши сабаб уни йирик компанияларгина харид қилган ва монопол мавқега эга ширкатлар бензин нархини сунъий оширишга йўл қўйиб келган.

Антимонополия қўмитасининг ушбу баёнотидан сўнг биржада бензинни кичикроқ ҳажмда ҳам сотиш йўлга қўйилгани ва натижада АИ-80 бензини нархи 9 фоизга арзонлагани хабар қилинди.

Ўзбекнефтгаз мулозимига кўра, Қозоғистон 6 ойдан бери бензин экспортини тақиқлаб қўйгани ҳам Ўзбекистонда бензин қимматлашига сабаб бўлган.

"Жорий йил январь-июль ойларида 72 минг тонна Аи-80 дан Аи-92 гача тайёр бензин импорт қилинган бўлса, август-октябрь ойида бори-йўғи 310 тонна бензин олиб келинган", дейди Ўзбекнефтгаз мулозими.

Антимонопол қўмитасига кўра, ҳозирда Ўзбекистон бензинни, асосан, Россиядан харид қиляпти.

"Бу ерда ҳам айрим трейдерлар вазиятдан фойдаланиб нархларни оширишга ҳаракат қиляпти. Шу сабаб бошқа йўналишларда импорт географиясини ҳам кенгайтиришимиз керак", дейди қўмита мулозими Қорабоев.

"Бензин арзонлайди"

Айни пайтда "Ўзбекнефтгаз" мулозими ширкатда бензин заҳираси етарли эканини билдирди:

“Бензин захираси яратиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бемалол айтиш мумкинки, бензин танқислиги юзага келмайди. "Ўзбекнефтгаз" заводларида етарли миқдорда хом ашё захираси яратилган. Масалан 6,7 минг тонна махаллий нефть, 40,5 минг тонна маҳаллий газконденсати, 3,8 минг тонна маҳаллий газойль, 8,5 минг тонна импорт нефть, 23,3 минг тонна импорт газойль бор".

Мулозим бензин нархини тушириш ҳаракатлари бўлаётганини ҳам таъкидлади:

"Бензин нархини арзонлаштириш учун йирик лотларда Бухоро заводи омборидан 2 220 тонна, нефт база омборидан 840 тонна шунингдек майда лотларда нефт база омборидан 600 тонна 1 тоннали лотларда биржа савдоларига қўйиб бориш тизими йўлга қўйилди. Яъники, кичик лотлар орқали хусусий тадбиркорлар ҳам бемалол биржа савдоларида қатнашиб, истеъмолчиларга етказиб беришига кенг имкон яратилмоқда".

Бензин ва газ учун километрга чўзилган навбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:45 0:00

Аввалроқ Spot.uz нашри бензин ва ўртача маош нисбатига доир рақамларни келтирган эди. Унга кўра, Ўзбекистонда ўртача маошга 317 литр бензин сотиб олиш мумкин, 2020 йилда бу кўрсаткич 330 литрни ташкил этган.

Муқояса учун - Россияда аҳоли ўртача иш ҳақига 938 литр бензин харид қилиши мумкин.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG