Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:51

"Ўзкомназорат" раҳбари ишдан олинди. Тармоқларга чеклов тергов қилинади - Асадов


"Ўзкомназорат" 3 ноябрь куни Ўзбекистонда деярли барча ижтимоий тармоқлар фаолиятини чеклаган.
"Ўзкомназорат" 3 ноябрь куни Ўзбекистонда деярли барча ижтимоий тармоқлар фаолиятини чеклаган.

Ўзбекистонда 3 ноябрь куни ижтимоий тармоқлар фаолиятининг чекланиши юзасидан тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилади.

Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўзининг Телеграм-каналида маълум қилди.

Аввалроқ Бош вазир Арипов "Ўзкомназорат" раҳбари Ғолибшер Зияевни ишдан бўшатгани хабар қилинганди.

Асадовнинг маълум қилишича, Зияев Президент Мирзиёевнинг топшириғига асосан лавозимдан четлатилган.

"Президент топшириғига асосан Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғи Ғолибшер Зияев нотўғри ва келишилмаган хатти-ҳаракатлари учун эгаллаб турган вазифасидан четлатилди, рўй берган ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилади.

Суриштирув якунлари бўйича рўй берган ҳолатда айбдор бўлган барча мутасадди раҳбарларга нисбатан тегишли жавобгарлик чоралари кўрилади", дейилади Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг баёнотида.

Расмий баёнотда "Ўзкомназорат" раҳбари Ғолибшер Зияев тармоқларга чеклов масаласида "нотўғри ва келишилмаган хатти-ҳаракатлар" қилгани айтилади.
Расмий баёнотда "Ўзкомназорат" раҳбари Ғолибшер Зияев тармоқларга чеклов масаласида "нотўғри ва келишилмаган хатти-ҳаракатлар" қилгани айтилади.

Аввалроқ матбуот котиби Президент Шавкат Мирзиёев "Ўзкомназорат"нинг қарорини "бир томонлама ва ўйланмай қилинган ҳаракат" деб баҳолаганини айтган эди.

Президент матбуот котибининг Тошкент вақти билан 21.37 да эълон қилинган баёноти ортидан ўзбекистонлик фойдаланувчилар 3 ноябрь куни чекланган Telegram, YouTube, Instagram ҳамда Facebook ижтимоий тармоқ сайтлари фаолияти тиклана бошлагани ҳақида ёзишди. Айни пайтда шу йил июлида блокланган Тwitter, ТikTok ҳамда Вконтакте фаолияти чекланганича қолмоқда.

Воқеалар ривожи

3 ноябрь куни Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси – "Ўзкомназорат" Ўзбекистонда Telegram, YouTube, Instagram, Facebook, Одноклассники ижтимоий тармоқлари фаолиятини чеклагани маълум қилинганди.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, "Ўзкомназорат" мазкур тармоқларни шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрига киритган.

Июль ойида "Ўзкомназорат" TikTok, Twitter, Skype, ВКонтактенинг Ўзбекистондаги фаолиятини чеклаган эди.

Ўзбекистонда 16 апрелдан бошлаб “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга янги қўшилган 27-1 модда кучга кирган эди. Бу моддага кўра, Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотлар жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган серверларда сақланиши талаб қилинади.

Ўзбекистон қонунчилигига биноан оператор, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсий маълумотларини қайта ишлаш пайтида, уларни йиғиш, тизимлаштириш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жисмоний жойлашган техник воситалар базаларида (белгиланган тартибда Шахсий маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилиши) сақлашни таъминлаши шарт.

Ўтган ой АҚШдаги Freedom House ташкилоти Ўзбекистонни интернет эркин бўлмаган давлатлар қаторида қолдирганди.

“Ўзбекистонда Интернет эркинлиги, биринчи навбатда мамлакат бўйлаб Интернетга уланиш имконияти кенгайтирилгани ортидан, бир оз ўсгани кузатилди. Бироқ ҳукумат онлайн муҳит устидан назоратни сусайтиргани йўқ. Ҳукумат веб-сайтларни блок қилиш ва танқидчиларни қўлга олиб, уларни узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилишда давом этмоқда”,-дейилган ҳисоботда.

Freedom House га кўра, Ўзбекистон ҳукумати шахсий маълумотларни Ўзбекистон ичида сақлаш тўғрисидаги қонундан ижтимоий тармоқларга чекловни оқлаш учун фойдаланган.

Польшалик журналист Агниешка Пикулицка Ўзбекистонда тармоқларга чекловлар президент Шавкат Мирзиёев иккинчи муддатга қайта сайланганидан бир ҳафта ўтиб юз бераётганига эътибор қаратди.

"Президент Мирзиёев қайта сайланганидан бир ҳафта ўтиб, Ўзбекистонда барча ижтимоий тармоқ сайтлари расман чекланди. Аммо хавотирланишга ҳожат йўқ, @k_allamjonov да VPN бор ва аминманки, у ўзининг сўз эркинлиги билан бизни сийлашда давом этади. Ҳаммамиз ундан ўрнак олишимиз ва хавфсиз VPN га эга бўлишимиз керак", деб ёзди журналист ўзининг Твиттер саҳифасида.

Озодлик шу йилнинг 20 майидан бошлаб Ўзбекистондаги давлат органлари ва ташкилотларида “ўрнатилган ҳимоя тўсиқларини четлаб ўтиш мақсадида анонимайзер ва “VPN” хизматларидан фойдаланиш тақиқлаб қўйилгани ҳақида ёзган эди.

Ушбу чеклов 14 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппаратида ташкил қилинган ишчи гуруҳ тарафидан бутун республика бўйлаб жорий қилинган.

Озодлик Ўзбекистон ҳукумат идоралари ва ташкилотлари порталларидаги бутун маълумотлар Россия ҳудудидаги серверларда сақланишини аниқлаган.

Озодлик суҳбатлашган Информацион технологиялар маркази ходими иддаосига кўра¸ IT-Parkнинг бутун маълумотлари Россия серверида сақланади. Суҳбатдошга кўра¸ бу қонунга ва хавфсизлик шартларига зиддир:

“Серверда маълумотларни сақлаш бўйича 355-сон қарор чиққан. Унда маълумотлар Ўзбекистон ҳудудидаги серверларда сақланиши аниқ белгиланган. Лекин IT-Parkнинг ўзлари бу қонунга амал қилишмаган. IT-Park ўқувчилари ва ўқитувчилари, резидентларининг бутун маълумотлари Россиядаги серверда турибди".

Озодлик суҳбатлашган Информацион технологиялар маркази ходими иддаосига кўра¸ ҳукуматнинг VPN ни тақиқлашидан мақсад давлат мулозимларининг блокланган сайтларга киришини минималлаштиришдир.

“Ëпиқлик тарафдорлари учун доим баҳоналар тайëр. Кибератака бўлмасин, деб VPN тақиқланди. Бу билан ҳукумат чет элдаги тўсилган сайтларни ëриб ўтиш каналини ëпишни ҳам ният қилган.”

Чекловлар тарихи

2021 йилнинг июнь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ТiкТок фойдаланувчиларини Амир Темур ва шоир Алишер Навоийга қўйилган тарихий обидаларни ҳақорат қилганликда айблаб, уларни танқид қилганди.

- Яқинда ижтимоий тармоқларда кўрсатилган хунук воқеалар, яъни жойлардаги Алишер Навоий, Амир Темур, “Мотамсаро Она” ҳайкаллари ёнида айрим тарбиясиз ёшлар томонидан содир этилган номаъқул ҳаракатлар мени ниҳоятда ранжитди, деган эди президент.

Бунинг ортидан, Ўзбекистон Ахборотлаштириш ва телекоммуникация соҳаси назорати бўйича давлат инспекцияси “Ўзкомназорат” "шахсий маълумотларни қайта ишлашдаги қонунбузарликлар" сабабли баъзи ижтимоий тармоқларнинг ишини чеклаб қўйганини расман эълон қилди.

Ўзбекистонда қатор ижтимоий тармоқлар секинлаштирилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:39 0:00

Ижтимоий тармоқларни сазойи қилишга бошқа давлат амалдорлари ҳам киришди.

Бунинг ортидан Ўзбекистонда VPN иловаларини Интернетдан кўчириб олиш кескин кўпайганди.

Шу йилнинг 16 апрелидан бошлаб “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга янги қўшилган 27-1 модда кучга кирди. Бу моддага кўра, Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотлар жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган серверларда сақланиши талаб қилинаётгани тўғрисида Озодлик олдинроқ хабар қилган эди.

Қонун кучга киргач, “Ўзкомназорат” Ўзбекистонда оммабоп бўлган интернет-сервислар маъмуриятларига огоҳлантириш хатлари юборган.

“Ўзкомназорат” шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрини юритиб келади. Унга Odnoklassniki, YouTube, LinkedIn, Instagram, Facebook, Telegram ва бошқа ижтимоий тармоқлар киради.

“Ўзкомназорат” ижтимоий тармоқларга июнь ойида тақдимнома юборган ва уларнинг фаолиятини 2021 йилнинг 2 июль куни чеклаган. 2 ноябрь куни инспекция тақдимнома юборган ва уларнинг фаолиятини 3 ноябрь куни чеклаган.

Бундан олдинроқ, май ойида «Ўзкомназорат» Mail.ru Group (ВКонтакте), Twitter ва Tencent (WeChat) ижтимоий тармоқлари эгаларига «Шахсий маълумотлар тўғрисида»ги қонуннинг 27−1 моддасига риоя қилиш бўйича кўрсатмалар берганди, яъни ҳукумат Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари қайта ишланадиган серверларни мамлакат ичида жойлаштириш талаб қилган эди.

Кейинроқ ушбу платформалар қаторига Хитойнинг WeChat ижтимоий тармоғи ҳам қўшилганди.

Расмийларга кўра, олиб келиниши талаб қилинаётган шахсий маълумотлар сирасига фуқаролар тармоқда рўйхатдан ўтиш учун ишлатадиган исм-фамилия, телефон рақами ва паспорт маълумотлари кабилар киради.

Эксперт: Интернет тармоқларини чеклаш – авторитар давлатларга хос

Кузатувчилар охирги пайтларда Ўзбекистонда Мирзиёев ҳукумати томонидан Интернетга тўсиқ қўйиш учун жорий этган қонун ва қарорларни Россия ҳукумати қонунчилигидан кўчирма, дея баҳоламоқда.

Россияда Интернет эркинлиги учун курашиб келаётган “Роскомсвобода” жамоатчилик ташкилоти мутахассислари Интернет яхлитлигини бузиш ҳолатлари бирқанча авторитар давлатларда кузатилишини айтиб келади.

“Роскомсвобода” эксперти Вадим Мисбах-Соловьев Озодлик билан суҳбатда VPN ва унинг соддароқ кўриниши бўлган проксилар МДҲ мамлакатлари ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бораётганидан афсус билдирди:

"Ҳақиқатан, турли VPN технологияларидан мобил мосламаларда фойдаланиш нафақат Ўзбекистонда, Хитой, Россия, Беларусь каби давлатларда кенг тарқалмоқда. Бу давлатлар ҳукуматлари Интернет душманларига айланиб бормоқда. Аслида VPN технологияси конкрет вазифаларни бажаришга қаратилган, жумладан блокланган сайтларни айланиб ўтишга. Афсуски, улар ҳаётимизнинг бир қисмига айланиб бормоқда. Трафик таҳлили, секинлатиш ва блоклаш учун профессионал қурилмалар жуда қиммат туради ва уни ошхонангизда ясай олмайсиз. Қизиғи, бу маблағлар ўша давлатда Интернетни ривожлантиришга катта ҳисса қўшган бўлиши мумкин эди.

Ўзбекистонда жорий этилаётган тармоқларни чекловчи қонунлар муаллифлари уни Россиядан сўзма сўз кўчираётгани ва айрим ҳолларда, керакли қонунлар қўл остидаги депутатлар орқали қабул қилинаётганини мутлақо инкор этмайман", - деб айтган IT-технологиялари мутахассиси.

XS
SM
MD
LG