Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:57

Ўзбекистон масжидларида ҳам сайловда қатнашиш тарғиб қилинди


Ўзбекистонда президентлик сайлови арафасида мамлакат жоме масжидларида жума кунги намозларда аҳолини сайловга чиқишга чорловчи ваъзлар ўқилди.

Баъзи имомлар сайловда қатнашиш мусулмон учун "вожиб амал" эканини айтиб, тармоқларда "сайловга бормаслик ҳақида ҳар хил бидъат тарқатиб юрганларга ишонманг" дея даъватлар қилди.

22 сентябрь куни Тошкентдаги "Ҳазрати Али" жоме масжидига жума намозига борган тошкентликликлардан бири бу ҳақда Озодликка айтди.

"Кеча жума ваъзи тўлалигича сайлов ҳақида бўлди. Имом ҳатибимиз сайловда қатнашиш ҳар бир мусулмонни бурчи эканини айтиб, ҳар хил мухолиф гуруҳларни сайловга бормаслик ҳақидаги гапларига ишонманг, деб ваъз ўқияпти", деди исми сир қолишини истаган тошкентликлардан бири Озодлик билан суҳбатда.

Озодлик Ўзбекистондаги бошқа масжидларда ҳам ўхшаш чақириқлар бўлганини аниқлади.

Тармоқларда тарқалган видео тасвирларда имомлар жума намозида мусулмонларни сайловга чиқишга ундовчи чақириқлар айтаётганини кўриш мумкин.

Ўзбекистонда дин давлатдан ажратилган эса-да, кузатувчиларга кўра, мамлакатдаги диний муассаса ва ташкилотлар фаолияти ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қаттиқ назорат қилинади.

24 октябр кунига белгиланган сайловларда Ўзбекистоннинг жорий президенти ҳамда мамлакатда расман қайддан ўтган яна тўрт сиёсий партиядан номзод қатнашади.

Номзодларнинг барчаси жорий ҳукумат сиёсатини маъқуловчилардир.

Ўзбекистондаги президентлик сайловини кузатаётган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг кузатувчилар миссияси оралиқ ҳисоботида номзодлар ўртасида рақобат йўқ, юзма-юз мунозара кураши кўзга ташланмайди, деб билдирган.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясига кўра, мамлакат бўйлаб 14та сайлов округларида 10 мингга яқин, шу жумладан Ўзбекистоннинг хорижий дипломатик ваколатхоналаридаги сайлов участкалари сайловчиларни қабул қилишга шай ҳолатга келтирилган.

Мухолифатдаги "Эрк" партияси сайловни "амалдаги президентни ҳокимиятда қолиши учун уюштирилган томоша" деб атаб, уни бойкот қилишга чақирган.

XS
SM
MD
LG