Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:50

Тезлиги паст интернет ва сохта сертификат. "Бир миллион дастурчи" қандай тайёрланмоқда?


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Андижон вилоятидаги ўрта мактабларда ишлайдиган информатика ўқитувчилари “Бир миллион дастурчи” лойиҳасига ўқувчиларни аъзо қилиш, лойиҳа сертификатини олиб бериш билан боғлиқ бутун юк уларнинг зиммасига тушаётганини айтмоқда. Ўқитувчилардан бирининг иддао қилишича, у ишлайдиган мактабда “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси сертификатини олган 540 нафар ўқувчининг ҳаммаси учун лаборатория ишини ўқитувчи бажариб берган.

Озодликка сиздирилган ҳужжатдан англашилишича, вилоят бўйлаб “Бир миллион дастурчи” лойиҳасига мактаб ўқувчиларини аъзо қилиш ва лойиҳа сертификатини олиш режаси мавжуд ва унинг ижроси ҳар куни назорат қилинади.

Вилоят Халқ таълими бошқармаси мулозими бундай режа борлигини тасдиқлади. Мамлакат бўйлаб “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси сертификатини олиш “пойгаси” авжга чиқиши президент Мирзиёев “Бирорта мактаб “Бир миллион дастурчи” лойиҳасидан четда қолмаслиги керак”, деганидан кейин кузатилмоқда.

2017 йилда БААда ишга туширилган One Million Arab Coders лойиҳасидан нусха кўчирилган “Бир миллион ўзбек дастурчилари” лойиҳасига 2019 йилнинг кузида старт берилганди.

Андижондан келган хатлар

“Андижондан мурожаат қиляпман. Мактабда илмий бўлим мудири бўлиб ишлайман. 13 сeнтябрь куни мактаб дирeкторларига Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Zoom йиғилиши ўтказди. Унда “Бир миллион дастурчи” лойиҳасида қатнашаётган ўқувчилар сонини кўпайтириш топширилди”.

“Андижон вилоятида “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси бўйича айрим ўқитувчилар кечаси билан ухламасдан ишламоқда. Чунки бу сайт кундузи ишламайди, кечаси 01:00 дан тонгги 5:00 га қадар ишлайди. Ишламаган сайт учун талаб кучли бўляпти”.

Андижон вилоятидан Озодликка ўтган ойда келган бу икки хабарни бирлаштирувчи нуқта “Бир миллион дастурчи” лойиҳасию унда қатнашаётган ўқувчилар сонини кўпайтириш талабидир.

Қуйидаги хабар эса, куни кеча келди ва у ҳам Андижон вилоятидан:

“Ҳозир мактаб директорларининг аксарияти сайлов участкасида масъул қилиб тайинланган. Ҳар куни дастлаб Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси раҳбарияти йиғилиш ўтказади. Йиғилишларнинг асосий мазмуни – “Бир миллион дастурчи” ва битирувчиларнинг олий таълимга кирганлик кўрсаткичларини ошириш”.

Ўқитувчи: Ўқувчиларим учун мен "ўқияпман"

Озодлик бу уч хатдан бирининг муаллифи билан боғланди. Исми ва мактаби номи айтилмаслик шарти билан гапирган, ёши 30 лардаги суҳбатдошимиз 2000 га яқин ўқувчи таълим оладиган йирик мактабнинг юқори синфларида информатика ўқитувчиси бўлиб ишлашини айтди.

“Бир миллион дастурчи" лойиҳаси 2019 йили бошланган. Аввалига биров шошилтираётган эмасди. Бироқ янги ўқув йилидан бошлаб раҳбарларимизнинг топган гапи “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси бўлиб қолди”, - деди ўқитувчи.

Информатика муаллимининг айтишича, у ишлайдиган мактабнинг информатика дарси ўқитиладиган юқори синфларида жами 700 нафар атрофида ўқувчи бор ва шу кунгача уларнинг 540 нафари One Million Uzbek Coders лойиҳаси сертификатини олган. “540 ўқувчидан қанчаси сертификатни ўз кучи билан олди”, деган саволга ўқитувчи “Ҳеч ким”, деб жавоб берди.

Ўқитувчининг айтишича, uzbekcoders.uz сайтига кириб, талаб қилинадиган уч ойлик таҳсилни олишлари учун ўқувчиларнинг на уйларида, на мактабда имконияти бор:

“Мактабимизда битта компьютер синфи бор, холос. Унда 2009 йилда ишлаб чиқарилган 16 та компьютер бор. Интернет тезлиги ўта паст. Uzbekcoders.uz сайтига тунги 01:00 дан тонгги 5:00 га қадар кириб ишлаш мумкин, холос. Бу ёқда раҳбарлар бир миллиончини кўпайтир, деб қўймайди. Натижада ўқувчилар учун ўзимиз ўқиб, ўзимиз лаборатория иши бажариб, ўзимиз сертификат оляпмиз”.

Ўқитувчининг айтишича, у ишлайдиган мактаб учун камида учта компьютер синфи, юқори тезликдаги Интернет, узлуксиз электр таъминоти керак.

Ҳокимлик талаби

Андижондан келган хатлар ҳамда информатика ўқитувчисининг иддаолари юзасидан Андижон вилоят халқ таълими бошқармасидан расмий изоҳ олиб бўлмади. Бироқ ўзини “бошқарма етакчи мутахассиси”, деб таништирган мулозим Озодликка “13 сентябрь куни вилоят ҳокими (Шуҳрат Абдураҳмонов) вилоят таълим бошқармаси бошлиғига битирувчиларни олий таълимга киришини кўтарасан ва бошқа параметрларингни ҳам, шу жумладан “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси бўйича кўрсаткичларингни тўғрилайсан, деб топшириқ берган”, деб ёзди.

Режа ва унинг ижроси

“Бир миллион дастурчи” лойиҳасига ўқувчиларларни жалб қилиш масаласи вилоят Халқ таълими бошқармасининг кундалик назоратида эканлиги Озодликка келган маълумотномадан англашилади.

"Бир миллион дастурчи" лойиҳаси бўйича Андижон вилояти бўйича кўрсаткичлар, 2021, 20 сентябрдаги ҳолат.
"Бир миллион дастурчи" лойиҳаси бўйича Андижон вилояти бўйича кўрсаткичлар, 2021, 20 сентябрдаги ҳолат.

Жорий йилнинг 20 сентябригача бўлган ҳолат акс этган Маълумотномага кўра, вилоятдаги 764 та мактабнинг 7 – 11 синфларидаги 225625 ўқувчи “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси бўйича сертификат олиши режалаштирилган. Бу режа вилоят бўйлаб 20 сентябргача 26,7 фоизга бажарилган.

Режа бажарганга "Спарк"

Мактаб ўқувчиларини “дастурчи” қилиш режаси нафақат Андижон, балки бутун мамлакатда қулоч ёйгани маҳаллий матбуот хабарларидан маълум. «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида битирувчилар салмоғи катта бўлган Қўнғирот туманидаги (Қорақалпоғистон) 39-сон умумтаълим мактабига Ўзбекистон президенти совғаси - «Спарк» автомобили топширилгани тўғрисида 7 апрелда oper.uz Телеграм канали хабар қилган эди.

Қорақалпоғистон. Қўнғирот туманидаги 39-мактабга “Бир миллион дастурчи” лойиҳасида юқори кўрсаткичларга эришгани учун топширилган Президент совғаси.
Қорақалпоғистон. Қўнғирот туманидаги 39-мактабга “Бир миллион дастурчи” лойиҳасида юқори кўрсаткичларга эришгани учун топширилган Президент совғаси.

Худди шундай совға 8 апрелда Навоий вилоят, Кармана туманидаги 2-сон умумтаълим мактабига раҳбарлик қилаётган Турсуной Халиловага “Бир миллион дастурчи” лойиҳасида мактаб ўқувчилари қайд этган юқори натижалари учун берилгани тўғрисида Халқ таълими вазирлиги хабар қилган эди.

Президент Мирзиёев 10 сентябрда ўтказган видеоселектор йиғилишида “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 567 минг ўғил-қиз бепул сабоқ олгани, уларнинг 79 фоизи мактаб ўқувчилари эканлигини қайд этган, 2 мингдан ортиқ мактабнинг бирорта ҳам ўқувчиси бу лойиҳада иштирок этмагани кўрсатиб ўтган, “Бирорта мактаб “Бир миллион дастурчи” лойиҳасидан четда қолмаслиги керак”, – деб тайинлаган эди.

"Концептуал" оқсаш

Андижонлик ўқитувчининг “ўқувчилар мустақил равишда «Бир миллион дастурчи» лойиҳасида иштирок этиб, сертификат олишлари учун моддий-техник ва технологик имконият етарли эмас” деган иддаосида қанчалик жон бор?

Бу савол жавобини топиш учун мактабларнинг компьютерлар билан таъминланиш даражасини билиш лозим. Очиқ манбаларда бу ҳақда маълумот кўп эмас.

Ўзбекистон президенти 2019 йилнинг 29 апрелида имзолаган фармонга илова қилинган “Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясининг мақсадли кўрсаткичларида” мамлакат бўйлаб 9863 та компьютер синфи мавжудлиги эътироф этилган (фармон имзоланган вақтдаги кўрсаткич).

Халқ таълими вазирлигига кўра, 2019 йили мамлакат бўйлаб 9942 та умумий ўрта таълим мактаби бўлган.

Агар давлат раҳбари фармони билан тасдиқланган концепция кўрсаткичларига эришилган бўлса, бу йил мактабларни замонавий компьютерлар билан таъминлаш даражаси 30% га ортган бўлиши керак. Концепцияда бу кўрсаткични 2030 йилга бориб 100% га етказиш режалаштирилган. Яъни андижонлик ўқитувчи ишлаётган, ҳозирда 2009 йили чиққан 16 та компьютерли битта компьютер синфи бор мактабда, у орзу қилаётган “замонавий копьютерлар ўрнатилган камида 3 та компьютер синфи” 2030 йилда ҳам пайдо бўлмайди.

Вазирликлар деди, демади...

Умумтаълим мактабларининг моддий-техник ва технологик имкониятлари етарли эмас экан, информатика ўқитувчиларини қийнашдан, уларнинг қўли билан ўқувчиларни сертификатли қилишдан нима наф?

Озодликнинг икки кун давомида Халқ таълими вазирлигидан бу саволга жавоб олиш уринишлари зое кетди - вазирлик матбуот хизмати қўнғироқларга жавоб бермади.

Озодлик айни саволлар билан Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизматига боғланди.

Вазирлик матбуот котиби Назокат Азим “Инновацион ривожланиш вазирлигининг “Бир миллион дастурчи” лойиҳасига бевосита алоқаси йўқлиги, бироқ вазирлик дастурчиларни қўллаб-қувватлаб келиши, “Бўлажак олим” танлови доирасида IT соҳасида ишлайдиган ёшлар ҳам бор”лигини айтди. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида вазирлигимиз имконияти чекланган фуқаролар учун махсус курс очган”, деди Назокат Азим. Унинг айтишича, "Инновацион ривожланиш вазирлигининг мактабларни компьютерлар билан, Интернет билан таъминлашга алоқаси йўқ".

IT мутахассиси: Дастурчилик - ноёб ҳунар

Дастурчилик ҳар бир мактаб ўқувчиси ўрганса бўладиган ҳунарми? Озодлик бу саволни ўзини Али Валиев деб таништиришни сўраган IT-мутахассисга берди.

“Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида таклиф қилинаётган курслар дастурчиликнинг пойдеворидир. Бироқ шу дастлабки кўникмаларга эга бўлиб олиш учун ҳам ресурслар етарли бўлиши керак. Айниқса, қишлоқлардаги мактабларда бундай ресурс бор, деб ўйламайман. Энг аввало Интернет бор-йўқлиги масаласи бор. Қолаверса, ҳамма ҳам дастурчи бўлиб кета олмайди. Бировда бор бунга қобилият, кўпчиликда йўқ. Лекин лойиҳа таклиф қилаётган элементар билимни эгаллаб қўйса, зарар қилмайди, бола мантиқий фикрлашга ўрганади”, деди IT-мутахассиси.

“Бир миллион дастурчи” қандай лойиҳа?

Ўзбекистонда “Бир миллион дастурчи” (One Million Uzbek Coders) дастурчиларни тайёрлаш лойиҳасига 2019 йилнинг ноябрида старт берилган. Дастурни ишга тушириш маросими Тошкентдаги Инха университетида бўлиб ўтган, унда Бош вазир Абдулла Арипов иштирок этган эди.

“One Million Uzbek Coders лойиҳасининг амалга оширилиши аҳолининг кенг қатламларини АКТ соҳасидаги янги касбларни ўзлаштиришга жалб қилиш, ёшларни, шу жумладан ногиронлиги бўлган кишиларни ишга жойлаштиришга имкон беради”, — деган эди ҳукумат раҳбари.

2017 йилда БААда ишга туширилган One Million Arab Coders лойиҳасига ўхшаш лойиҳа Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Dubai Future Foundation жамғармаси, Тошкентдаги Инҳа университети, IT-академиялар, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги IT-мактаб билан ҳамкорликда амалга оширилиши айтилган.

Лойиҳа рақамли технологиялар бўйича мутахассисларнинг янги авлодини тайёрлаш мақсадида UzbekCoders.uz махсус портали орқали аҳолининг кенг қатламларини дастурлашга масофадан ўқитишни назарда тутади.

Унинг биринчи босқичида ўзбек тилида глобал меҳнат бозоридаги тўртта энг талабгир мутахассислик — Data Analysis, Android Programming, Full-Stack Development ва Frontend Development қамраб олинади. Умумий курс 120 соатни ташкил этади. Ҳар бир даража якунларида лаборатория ишлари амалга оширилиб, тегишли сертификатлар берилиши айтилган.

XS
SM
MD
LG