Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:49

Ўзбекистонда миллий антивирус дастури тузилди


Жавоҳир Мамбетов Ўзбекистонда биринчи марта ишлаб чиқилган антивирус дастури муаллифи.
Жавоҳир Мамбетов Ўзбекистонда биринчи марта ишлаб чиқилган антивирус дастури муаллифи.

18 ёшли Жавоҳир тузган антивирус бир йил олдин пайдо бўлган, аммо мазкур дастур оммага энди ошкор қилинмоқда.

Тошкентлик 18 ёшли Жавоҳир Мамбетов Ўзбекистонда шу пайтга қадар компютер вирусларига қарши дастур ишлаб чиқилмаганини айтиб, ўзининг ихтироси ягона эканлигини иддао этмоқда:

- Ўзбекистонда нечта олим бўлса, антивирус дастурини тузиш битта олимнинг ҳам қўлидан келмаган. Антивирус тузиш жуда ҳам қийин соҳа. Унинг кўриниши, "скрин"и осон, лекин унинг ичидаги файллари, ишлаши, кенгайтмалари, қидириш методларини ишлаб чиқиш жуда ҳам қийин, -дейди ёш ихтирочи.

Жавоҳир вирусларга қарши дастур устида тўрт йил ишлаганини айтади. 2010 йил апрелида у Uz Security деб номланган вирусларга қарши дастурини тугатган.

- У ўзимизнинг ўзбек тилида яратилган. Uz Security антивируси массив бўйича қидириш методи билан вирусларни излайди. Яъни базадаги юкламаларни, ёзмаларни массивга юклайди ва текшираётган файллар сигнатураси олиниб массивга юклаб, солиштириб чиқади. Агар бир-бирига тўғри келса вирус дея қабул қилади. Хозирча Uz Securityда 150 мингдан ортиқ кенг тарқалган вирусларга қарши курашадиган база мавжуд, - деди дастурчи тилида тушунтирар экан Жавоҳир.

Жавоҳир Мамбетов ўзининг дастури машҳур компютер вирусларига қарши дастурлардан устунлигини айтади:

- Биринчидан, у Ўзбекистоннинг энг биринчи миллий дастури бўлганлиги унинг устунлигидир. Иккинчи томони, унинг базасини тўлдириш Касперски дастуридан уч баробар тезроқ амалга ошади. Учинчидан, у излаш филтри бўйича текширади, яъни Касперскидан 2-3 баробар тезроқ текширади, - дейди Жавоҳир.

Мазкур дастурни мутахассислар текшириб кўришган. 2010 йил декабрида “Келажак овози” истеъдодли ёшлар танловида ҳам Жавоҳир вирусларга қарши дастури билан ғолиб бўлган экан.

Жавоҳир Uz Security вирусларга қарши компютер дастурини Ўзбекистон ичида бепул тарқатишни режалаган. Келгусида мазкур дастурнинг инглиз ва рус тилидаги кўринишлари ишлаб чиқилади.

Жавоҳир Юнусобод машинасозлик коллежининг 3-курс талабаси. Компютер тармоқлари ва компютер системасини таъмирлаш бўлимида таҳсил олади. Коллежни тамомлаб Жавоҳир Тошкент алоқа институтига ўқишга кирмоқчи. Шу билан бирга ўзининг лабораториясини очиб, иш билан истеъдодли дастурчи ёшларни таъминламоқчи.

Ёш дастурчининг ота-онаси физика-математика фанлари бўйича олийгоҳда таълим беради.

- Саккиз ёшимда уйимизда эски бўлса ҳам, экрани қора бўлса ҳам компютер бўлар эди. Шунга қизиқиб ишлаганман. Хозир ҳам ҳар битта хонада уйимизда компютер. Ҳаётимиз компютерга боғлиқ. Ҳар куни интернетдаман, - дейди ёш дастурчи.
XS
SM
MD
LG