Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:14

Бизнесмен-амалдорлар. Тошкент вилоят ҳокимлиги мулозимлар бизнеси ҳақида сукут сақламоқда


Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан маҳаллий ҳокимлар қудратининг ошиши баробарида коррупция ва манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар кўпайганини айтилади.
Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан маҳаллий ҳокимлар қудратининг ошиши баробарида коррупция ва манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар кўпайганини айтилади.

Тошкент вилоят ҳокимлигида ишлайдиган бир қатор юқори лавозимли амалдорларнинг ўзлари назорат қилаётган соҳада хусусий бизнеси мавжудлигига оид маълумотлар ижтимоий тармоқларда эълон қилинди.

Ҳокимлик расмийлари бу маълумотларни шарҳлашни истамади.

Таҳлилчилар фикрича, давлат амалдорларининг хусусий бизнес билан шуғулланиши коррупциянинг авж олишига, тадбиркорлар орасида ва умуман жамиятда тенгсизликка сабаб бўлмоқда.

Мамлакат президенти шу йилнинг июлида имзолаган фармонда илк бор “манфаатлар тўқнашуви” тушунчасига аниқлама берилди.

Телеграмдаги Mufasa канали («Mirsaid Akbarovich» блоги) 13 сентябрда эълон қилган маълумотларда Тошкент вилоят ҳокимлигининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича котибият мудири Фаррух Рахматуллаев, вилоят Молия бошқармаси бошлиғи Олимжон Халикулов, вилоят ҳокимининг шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, ободонлаштириш ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Барҳаёт Мелиев, вилоят ҳокими матбуот котиби, ахборот сиёсати масалалари бўйича ҳоким маслаҳатчиси Ҳамза Жумаев ва бошқаларнинг хусусий бизнесига оид маълумотлар келтирилган.

Исмлари келтирилган давлат амалдорларининг хусусий бизнеси улар эгаллаб турган амалида назорат қилаётган соҳаларга оид эканлиги билан эътиборни тортади.

Масалан, туризм ва спортни ривожлантириш масалаларини назорат қилувчи Фаррух Рахматуллаев туристик агентликлар фаолияти билан шуғулланувчи «RELAX TOUR» МЧЖнинг 100 фоиз улушига эга.

Ўзбекистон Республикаси Ягона давлат реестри маълумоти.
Ўзбекистон Республикаси Ягона давлат реестри маълумоти.

Вилоят ҳокимлигининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича котибияти мудири Фурқат Қодиров «DARHON AGRO KLAST» фермер хўжалигининг раҳбари ҳисобланади ва унинг 100 фоиз улушига эгалик қилади.

Ўзбекистон Республикаси Ягона давлат реестри маълумоти.
Ўзбекистон Республикаси Ягона давлат реестри маълумоти.

Вилоят ҳокими матбуот котиби Ҳамза Жумаевнинг эса, «ASAXIY FILMS» МЧЖнинг 50 фоизи соҳиби.

Ўзбекистон Республикаси Ягона давлат реестри маълумоти.
Ўзбекистон Республикаси Ягона давлат реестри маълумоти.

Хусусий бизнесингиз эгаллаб турганингиз давлат лавозимидаги ишингизга ҳалақит бермайдими? Манфаатлар тўқнашуви масаласини қандай ҳал қилгансиз? Озодлик бу саволларни бериш учун исмлари тилга олинган амалдорлар билан боғланишга уринди.

Вилоят Молия бошқармаси бошлиғи Олимжон Халикуловнинг телефонини кўтариб, ўзини “Халиқуловнинг ёрдамчиси” деб таништирган ходим бошлиғининг хусусий бизнесидан хабарсиз эканлигини билдириш билан чекланди.

Озодлик ўз саволларига Тошкент вилоят ҳокими ёрдамчиси Олим Тўлагановдан ҳам жўяли жавоб ололмади. “Сиз айтаётган ходимларнинг хусусий бизнеси борлигидан хабарим йўқ, афсус бу масалада ёрдам беролмайман”, деди ҳоким ёрдамчиси. У киши мурожаат қилишни тавсия вилган ҳокимлик юристи ва хусусий бизнеси бор матбуот котиби кун давомида қўғнғироқларга жавоб бермади.

Тошкентлик иқтисодчи, 90- йиллар бошида тузилган “Иқтисодчилар” норасмий гуруҳи аъзоси Ғуломқодир Турсунов Тошкент вилоят ҳокимлиги амалдорларининг хусусий бизнеси ҳақидаги маълумотлардан хайрон қолмади.

“Камбағалларнинг қашшоқлашиб, бойларнинг янада бойиб кетаётгани шундан эмасми? – деб бошлади фикрларини иқтисодчи, – кичик ва ўрта бизнеснинг ривож топмаётгани сабабини балки шу ердан излаш керакдир, ахир ҳар бир амалдор ўзи назорат қилаётган соҳада ишхона очиб олса, бошқа тадбиркорга кун борми?”

Жавоблари фақат саволлардан иборат бўлган иқтисодчи ўз фикрларини давом эттирар экан, масалага фалсафий ёндошиб, “миллат энг аввало нафсини тийишни ўрганиши керакка ўхшайди”, деди.

Тадбиркорлик ривожи йўлидаги тўсиқлардан бири айнан давлат амалдорлари эканлигини ҳукумат аъзолари ҳам яхши тушуниб турганга ўхшайди. Ҳар ҳолда, Адлия вазири Русланбек Давлетов шу йилнинг июнида қилган чиқишида тадбиркор ишига давлатнинг аралашувини минималлаштириш зарурлиги ҳақида гапирган эди.

Ҳуқуқшунос Умид Давлетов “шу пайтгача у ёки бу давлат амалдорининг хусусий бизнеси билан боғлиқ маъмурий ёки жиноий иш очилгани тўғрисида эшитмаганини” билдирди.

Ҳуқуқшунос фикрича, мамлакат президенти шу йил 6 июлда имзолаган қарор ва фармон бу соҳадаги камчиликларни бартараф этишга хизмат қилиши мумкин.

Президент 6 июлда имзолаган фармонда илк бор “манфаатлар тўқнашуви” тушунчасига аниқлама берилган:

“Қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган лавозимни эгаллаб турган шахснинг бевосита ёки билвосита шахсий манфаати мансаб (хизмат) мажбуриятларини объектив ва холис бажаришига таъсир кўрсатувчи ёки шундай таъсир кўрсатиши мумкин бўлган вазиятлар манфаатлар тўқнашуви ҳисобланади”, дейилган фармонда.

Яъни кинони назорат қилаётган амалдор киностудия эгаси бўлиши, винони назорат қилаётган амалдор винзавод эгаси бўлиши манфаатлар тўқнашувидир.

Президент фармонига кўра, “бундай вазиятларни ошкор қилиш ва уларнинг олдини олиш бўйича ўз вақтида чора кўрмаганлик ўрнатилган тартибда жавобгарликни келтириб чиқаради”.

Бироқ кузатувчилар фикрича, президентнинг 6 июлдаги қарори давлат амалдорларининг тадбиркорлик билан шуғулланишига етарлича тўсиқ бўла олмайди. Ҳужжатнинг шу йил 23 июнда жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган вариантида, Kun.uz нашрининг хабар қилишича, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши қатъиян тақиқлаб қўйиладиган давлат амалдорлари рўйхати тузилиши назарда тутилган эди. Бироқ қарорнинг имзоланган вариантида бу меъёр юмшатилган.

Қарорнинг 2- банди:

"Адлия вазирлиги Бош прокуратура ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 октябрга қадар коррупцияга, шу жумладан манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда тузилган шартномаларни ҳақиқий эмас деб топиш, давлат хизматчилари томонидан тадбиркорлик фаолиятида иштирок этганлигининг ҳуқуқий оқибатларини белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин".

Президентнинг коррупцияга қарши курашга, хусусан манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга қаратилган қарор ва фармони дарров ишга тушиб кетадиган ҳужжатлар эмас: ундаги чора-тадбирларнинг баъзилари келаси йили амалга оширилади.

Ҳокимият мулозимларининг бизнес билан шуғулланиши Ўзбекистон учун янги кўриниш эмас. Аммо маҳаллий таҳлилчилар Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан маҳаллий ҳокимлар қудратининг ошиши баробарида коррупция ва манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар кўпайганини айтишади.

Сўнгги пайтларда маҳаллий матбуот Жиззах вилоят ҳокими ҳамда мамлакат Қурилиш вазирининг яқинларига тегишли ширкатлар уларнинг ўзлари томонидан назорат қилинадиган тендерларда кўп миллиардлик шартномаларни қўлга киритгани ҳақида ёзган. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бу ҳолатларни текширишини айтган, аммо уларга ҳуқуқий баҳо берилмаган.

Мансабдор шахсларнинг даромадлари ва мол-мулкларини декларация қилиш тартиби эса шу йил ёзида яна 6 ойга кечиктирилди. 2022 йил 1 январга қадар давлат хизматчиларидан мол-мулки ва даромадларини келиб чиқиш манбасини тасдиқлаш талаб этилмайди. Аксилкоррупция агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов амалдорларнинг бунга қадар топган даромадларини легаллаштиришга имкон берилаётгани ҳақидаги танқидларни рад этган. Унинг шу йил июнида берган АОКАда ўтган брифингда айтишича, фақат 2022 йил 1 январигача олган мол-мулки ва даромадларини келиб чиқиш манбасини тасдиқлаш талаб этилмайди.

"Яъни барча мол-мулкни декларация қилиш — мажбурий, фақатгина келиб чиқиш манбасини тасдиқлаш — мажбурий эмас, деган тамойил назарда тутилмоқда. Бу бирор давлат амалдорининг ҳозиргача топган ноқонуний даромадини легаллаштириш дегани эмас", деб айтган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари.

XS
SM
MD
LG