Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:47

Тошкент Толибон билан ҳамкорликка тайёр. Толиблардан қочаётган афғонлар тақдири эса мавҳумлигича қолмоқда


Тошкентдаги маҳаллий аэропорт Германия ҳаво кучлари эвакуацияси учун ажратилди (Германия Мудофаа вазирлиги)
Тошкентдаги маҳаллий аэропорт Германия ҳаво кучлари эвакуацияси учун ажратилди (Германия Мудофаа вазирлиги)

Шу кунларда Ўзбекистоннинг Афғонистонга туташ чегараси бўйлаб жойлашган қишлоқлар аҳолиси қўрқув ичида яшамоқда.

Озодлик гаплашган термизликларга кўра, кунора чегара тарафдан ўқ овозлари эшитилади, афғонистонликлар чегарани ажратиб турган Амударёдан сузиб бўлса ҳам қочиб ўтишга уринаётгани кузатилмоқда.

Озодлик манбалари ўзбек-афғон чегараси мутлақ Тошкент расмийлари назоратида қолаётгани, вазиятга доир маълумотлар сир сақланаётганини айтмоқда.

Ўзбекистоннинг Афғонистондаги консуллиги мамлакатда 2 минг атрофида афғонистонлик виза билан қолаётганини маълум қилди. Булар асосан, ишбилармон ва талабалардир.

Айни пайтда Германия ўз фуқаролари ва улар билан бирга ишлаган маҳаллий ходимларни Тошкент орқали эвакуация қилишни бошлади. Тошкент расмийлари эса тез орада, Толиблар назоратига ўтган Кобул билан савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш режасини эълон қилди.


Термизликлар хавотирда

Озодлик гаплашган термизликларга кўра, ўзбек-афғон чегарасидан кунора ўқ овозлари эшитилмоқда, Термиз осмонида Ўзбекистон ҳарбий вертолёт ва самолётлари парвози тез-тез кузатилмоқда.

Термиз шаҳридаги ресторанлардан бирида ишлайдиган Шоҳиданинг айтишича, 17 август куни оқшом яна қаттиқ ўқ овозлари эшитилган:

“Мен “Ҳайратон” кўпригидан 10 километрча узоқда яшайман. Кеча кечаси соат 11 яримларда роса кучли отишма эшитилди. Ора-орада шунақа эшитилиб турибди. Айниқса, кечаси самолётлар тез-тез учяпти. Ким келяпти, ким кетяпти - ҳеч ким билмайди. Афғонистонлик қочқинлар роса Ўзбекистонга келишга ҳаракат қиляпти, дейишяпти одамлар. Дарёдан сузиб ўтаётганлар ҳам кўпайибди”.

Шоҳиданинг айтишича, шу кунда термизликларнинг асосий қайғуси қўшни давлат тепасига Толибларнинг келганидир.

“Ресторанга келган одамларнинг ҳаммаси шу Афғонистонни гапиряпти. Уйга борсанг, яна ҳаммани оғзида Афғонистон, толиблар. Қўрқув бор одамларда, мендаям қўрқув бор. 10 километр нарида дарё, дарёнинг у ёғида уруш - қўрқади-да одам. Лекин бизнинг армиямиз кучли. Мен армиямизга ишонаман!”, дейди Шоҳида.

Қочқинларга қурилган лагер ўраб олинган

Термиз туманидаги давлат ташкилотларидан бирининг ишчисига кўра, Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ходимлари фавқулодда вазиятга тайёр туришга чақирилган.

“Чегарада бирор фавқулодда вазият бўлиб қолса, исталган пайтда ишга чақирилишингиз мумкин, тайёр туринг, дейишган. Ҳозирча ҳамма жим, штатний режимда ишлаб турибмиз. Кўприк тинч, қочқинлар палаткалари ҳам тайёр. Лекин, у ерда қочқинлар борми, бўлса қанча - биз билмаймиз. Ҳар куни военний техника, қора жиплар қатнаб турибди чодирлар томонга. Буферний зона қилиб, ўраб олишган”, дейди бу ишчи.

Айни пайтда Ўзбекистондаги қатор нашрлар Сурхондарё вилояти Термиз туманига юздан ортиқ афғонистонлик қочқин жойлаштиргани ҳақида хабар қилди.

Жумладан, “Газета.uz”нинг ёзишича, қочқинлар учун чодир-лагер ташкил этилган. Sputnik нашри эса, ўз манбасига таянган ҳолда лагерда 150 қочқин борлиги, улардан 17 нафари аёллар ва болалар эканини ёзди.

Хабарда Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий полигон яқинида ташкил этилган ковид- марказга ҳам Афғонистондан Ўзбекистонга самолётда қочиб ўтган 650 ҳарбий жойлаштирилгани айтилган. Расмийлар ҳозирча бу хабарларни шарҳламади.

Аҳолига асл вазият очиқланмаётир

Термизликлар шундоқ яқинидаги чегарада ҳукм сураётган асл вазиятдан бехабарлигини айтмоқда.

Озодлик гаплашган суҳбатдошларга кўра, маҳаллий аҳоли барча маълумотларни ижтимоий тармоқлардан, асосан Телеграм-каналлардан олмоқда:

“Телевизорда бирорта аниқ гап йўқ, газеталар жим. Ҳокимиятлар жим. Ҳамма шу ижтимоий тармоқлардан ўқиб биляпти чегарадаги аҳволниям, Афғонистондаги урушниям. Бугун Тўра Боболов чегарадаги қишлоқларга борипти. Маҳаллий каналлар кўрсатди. “Хавотирга ўрин йўқ, чегарамиз қаттиқ қўриқланяпти”, деяпти, бори шу”.

Вилоят ҳокимлигининг расмий хабарида айтилишича, ҳоким чегара кучайтирилган тартибда қўриқланаётгани, Термизда хавфсизлик идоралари раҳбарлари ва давлат ҳокимияти органлари вакилларидан иборат тезкор штаб ишлаётганини айтган.

Чегарани Тошкент расмийлари штаби бошқармоқда

Термиз тумани ҳокимият идораларидан бирида ишлайдиган мулозимга кўра, чегарага катта миқдорда ҳарбий куч сафарбар қилинган, назорат эса тўғридан-тўғри Тошкентдан амалга оширилмоқда.

Мулозимнинг айтишича, айнан чегара чизиғи ва чегараолди ҳудудига оид аниқ рақам ва маълумотлар ҳатто ҳокимликларда ҳам йўқ.

“Мудофаа, Давлат хавфсизлиги, ФВВ, ИИВ - шу ташкилотлар вакилларидан иборат махсус штаб ишлаяпти. Бизни яқинлаштиришаётгани ҳам йўқ. Ҳар куни Тошкентдан расмийлар келади, қора зирҳли машиналарда. Кейин яна Тошкентга қайтиб кетади”, деди исми сир сақланаётган мулозим.

Бу мулозимнинг айтишича, маҳаллий ҳокимлик органларига аҳолини тинчлантириш, огоҳликка даъват қилиш ва кундалик ишлардан чалғимасликка чақириш топширилган.

“30-40 километр нарида нотинчлик доим бўлган. Термизликлар бунга кўникиб ҳам кетган. Бу ерда ҳаёт давом этади, дала ишлари бор, чорва бор, ёз тугаяпти, қиш келяпти. Чегарани армиямиз бемалол қўриқлайди, ваҳимага ўрин йўқ”, деди исмини ошкор қилмаётганимиз мулозим.

Ўзбекистон ҳукуматига яқин яна бир манба, пойтахтдаги бир неча ҳарбий билим юртлари курсантлари ҳам Сурхондарёдаги ҳарбий полигонларга олиб кетилганини айтди.

Унинг айтишича, курсантлар ҳарбий машғулот учун олиб кетилган:

“Автобусларга босиб олиб кетишди. Ўтган шанба куни. Катта курсдаги курсантлар. Ҳарбий полигон амалиётига, деб олиб кетишди. Тошкент, Самарқанддаги курсантлар. Ҳаво яхши, ёз - полигонда машғулот ўтказишга қулай пайт. Айни пайтда, ҳарбий қувват ҳам кўрсатиб қўйиляптида, биз бормиз, деган ишорат бериляпти”.

Ҳозирча бу маълумотни Мудофаа вазирлиги, Сурхондарё вилояти расмий идораларидан тасдиқлатишнинг имкони бўлмади.

2 мингга яқин афғонистонлик Ўзбекистонда

Афғонистоннинг Термиздаги бош консуллиги, шу кунда 2 мингга яқин афғонистонлик узоқ муддатли виза билан Ўзбекистон ҳудудида қолаётганини маълум қилди. Бу консуллик 2018 йилнинг 16 октябрида очилган эди.

Eurasianet нашрига маълумот берган консуллик дипломатига кўра, Ўзбекистондаги афғонистонликларнинг асосий қисми талаба ва ишбилармонлардир.

2018 йилда Термиз туманидаги Янгиариқ қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи биноси реконструкция қилиниб, Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази очилган.

Аввалига 100 га яқин, кейин яна 100 нафар афғон талабаси ўқишга қабул қилиниб, темир йўл ва электр муҳандислигига ўқитилиши, машғулотлар ўзбек ва дарий тилларида олиб борилиши айтилганди.

Термиз тумани “Янгиариқ” жамоа хўжалигида яшайдиган Озодлик манбасига кўра, бу тумандаги ётоқхонада 100 дан ортиқ афғонистонлик талаба қолмоқда:

“Ҳаммаси 18 - 25 ёшлар ўртасидаги ёш-ёш йигитлар, қизлар. Ётоқхонада яшашяпти. Афғон мактабига ўқишга келишган. Ҳозир уларга текин овқат берилаётган экан. Улар кетолмайди энди, оилалари бу ёққа келолмайди. Оғир аҳволи”.

Тошкент Кобулнинг янги ҳукумати билан бизнесни тиклайди

Айни пайтда расмий Тошкент Кобулнинг янги хўжайинлари бўлган Толиблар билан савдо-иқтисодий алоқаларни тиклашга ҳозирлиги борасида ишоралар бермоқда.

18 август куни “Термиз карго маркази” логистика терминали директори Нодирбек Жалилов Толиблар билан ҳамкорликда савдо ҳажми “ошиши”ни таъкидлаган:

“Ишончим комилки, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо ҳажми яқин ҳафталар ичида нафақат қайта тикланади, балки эҳтимол ошади”, дея Жалиловнинг сўзларидан иқтибос келтирди Россиянинг ТАСС давлат хабар агентлиги.

Ўзбек мулозими ҳокимиятни Толибонга топширган Ашраф Ғани ҳукуматини коррупцияда айбларкан, Толибоннинг бундан олдинги ҳокимияти даврида “коррупцияга қарши қаттиқ чора кўрилгани”ни урғулаган.

Тошкент Толибон билан ҳамкорликка тайёр

Расмий Тошкентнинг Толибон билан ҳамкорликка тайёрлигини Ўзбекистон Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳам тасдиқлади.

18 август куни Тошкентдаги анжуманда гапирган Сафоев Афғонистондаги урушнинг асосий сабабларидан бири қашшоқлик эканини айтиб, Кобулнинг олдинги ҳукумати даврида амалга оширишга келишилган минтақавий лойиҳаларни тўхтатиб қўймаслик кераклигини урғулади.

У Кобулдаги ҳукумат ўзгариши Тошкент учун кутилмаган бўлмаганини айтган. Айни пайтда Толибонни расман тан олиши ёки олмаслик масаласи муҳокама қилинаётгани борасида бирон маълумот йўқ. Ўзбекистон Толибоннинг олдинги ҳукуматини расман тан олмаган ва уларга мухолиф кучларни фаол дастаклаб келган эди.

Германия Тошкент орқали эвакуацияни бошлади

Шунингдек, 18 август куни маҳаллий рейсларни амалга оширувчи Тошкент-3 аэропорти номаълум муддатга ёпилди.

Транспорт вазирлигига кўра, бу аэропорт Кобулдан эвакуация қилинаётган Германия ва Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатлари ҳамда бу давлатлар ташкилотларида ишлаган, ҳамкорлик қилган Афғонистон фуқаролари эвакуацияси учун ажратилган.

Расмий хабарларда президент Шавкат Мирзиёев 17 август куни Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер, 18 август куни канцлери Ангела Меркел билан телефонда гаплашгани, унда томонлар эвакуация бўйича ҳамкорликка келишгани айтилди.

Июнь ва июль ойларида ҳужумини оширган Толиблар ҳаракати 15 августга келиб, Кобулни ўз назоратига олганини эълон қилди.

16 август куни истеъфога кетганини расман эълон қилган президент Ашраф Ғани эса, 18 август кунги расмий маълумотга кўра, Бирлашган Араб Амирликларидан сиёсий бошпана олган.

Айни пайтда Ғарб давлатлари Афғонистонда қолиб кетган фуқаролари ва ҳамкорликда ишлаган маҳаллий ишчиларини эвакуация қилиш йўлларини изламоқда.

XS
SM
MD
LG