Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:58

Толибон ва радикаллашув. Экспертлар Ўзбекистонга чегара оша таҳдидларни баҳоламоқда


Толибон бошқаруви остидаги ҳаётдан қочаётган минглаб афғонистонлик Кобул аэропортига ёпирилди.
Толибон бошқаруви остидаги ҳаётдан қочаётган минглаб афғонистонлик Кобул аэропортига ёпирилди.

16 август куни аксар дунë толиблар қўлига ўтган Афғонистон пойтахти¸ ундаги хаос, хусусан¸Кобул аэропортидаги инсоний фожиа тасвирларига гувоҳ бўлди.

Бу саросиманинг Ўзбекистон ҳудудига ҳам қисман кўча бошлагани кўрилди – мамлакат ҳарбийлари рухсатсиз ўз ҳаво ҳудудига кирган афғон ҳарбий учоғини уриб туширди.

Расмий Тошкент мамлакат ҳудудига Толибондан бошпана истаган 84 шахс киритилгани¸ ҳозирда чегара ҳудудида осойишталик ҳукмрон эканини таъкидламоқда.

Айни пайтда Озодлик гаплашган таҳлилчилар¸ Афғонистонда толиблар бошқарувидаги исломий амирлик ўрнатилишининг яқин муддатли оқибатлари таҳликали эканини айтмоқда.

Бу таҳликалар орасидаги энг жиддийси¸ экспертлар фикрича¸ Толибон мафкурасининг чегара оша ëйилиши ва Ўзбекистон ичкарисидаги диний қатламнинг толибонлашувидир.

Термизда ҳамма ëқ тинч?

16 август куни Озодлик гаплашган термизликларнинг барчаси¸ шаҳарда нормал ҳаëт давом этаëтгани¸ фавқулодда асабийлик ëки қўрқув кузатилмаëтганини билдирди.

Айни пайтда улар жануб томондан отишма ва шовқин-сурон овозлари эшитилаëтганини айтишади.

Чегарадан ҳеч кимни ўтказмаяпти бизникилар. Лекин дарëнинг нарëғидан шовқин¸ банг-бунг овозлари келяпти. Кеча Термиз аэропортида роса тўполон бўлди¸ афғонларнинг самолëти ўтгани учун. Қўнишни сўраëтган афғон учқичларига Ўзбекистон рухсат бермаяпти¸ эшитишимча. Ҳозир ҳамма катталар чегара ҳудудида”¸ дейди Озодлик гаплашган термизлик мулозим.

Бу ва бошқа термизликлар шаҳар осмонида ҳарбий учқичлар ва вертолëтлар тинимсиз парвоз қилаëтганини қўшимча қилди.

Термизда вазият яхшику¸ лекин кечаси яқинимизда отишмалар бўляпти, афғон тарафда. Бизга эшитилиб туради. Кеча кечқурун дрон ҳужуми бўлди шекилли¸ осмонда 30 тача светли нарса кўрдик”¸ дейди чегарага яқин ҳудудда яшовчи термизликлардан бири.

Термиз халқаро аэропортининг Озодлик гаплашган мулозими¸ аэропорт ҳудудида фавқулодда ҳодисалар қайд этилаëтгани ҳақидаги саволларга жавоб беришга “ваколати йўқлиги"ни айтди.

Термиздан Тошкентга режалаштирилган рейслар қатнаëтганини айтган бу мулозим вазият ҳақида Чегара қўшинлари ëхуд вилоят ҳокимлигидан изоҳ олишни тавсия қилди.

Озодлик ҳозирча бу иккала тизимдан ўзбек-афғон чегарасидаги сўнгги вазиятга оид маълумот ололмади.

Ўзбекистон яна ОДКБга қайтиш босими остида қолдими?

Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистон ва россиялик таҳлилчилари¸ Афғонистоннинг тўлиғича Толибон бошқарувига ўтиши¸ хусусан¸ Ўзбекистон жанубий чегарасида исломий амирлик пайдо бўлгани оқибатлари узоққа чўзилишини таъкидлади.

Россиялик ҳарбий таҳлилчи Павел Фельгенгауэр Озодлик билан суҳбатда Толибоннинг ҳокимият тепасига келиши бутун дунë¸ хусусан¸ Марказий Осиëдаги геополитик кучлар нисбатини ўзгартириб юборишини таъкидлайди.

- АҚШ Афғонистондан чиқиб кетиш орқали 20 йил боғлиқ турган қўлини ечиб¸ ўз ҳарбий ва молиявий ресурсларини бошқа жабҳаларга ташлаш имконини қўлга киритди. Россиянинг ҳам асосий эътибори НАТО билан чегара ҳудудларига қаратилган. Толибларнинг ҳокимиятга келиши янги иттифоқлар туғилишига йўл очади. Афғонистоннинг Покистон назоратидаги толиблар бошқарувига ўтиши энг кўп Ҳиндистонни хавотирга солади. Албатта¸ Россия ўз орқа ҳовлиси деб қарайдиган Марказий Осиëнинг беқарорлашуви Москвани ҳам ташвишга солмай қолмайди. Фақат бу таҳликани бартараф қилиш учун Россияда аниқ режа ва етарли ресурс борми¸ деган саволга ҳозирча жавоб йўқ¸ дейди таҳлилчи.

Мирзиёев ҳукумати ва Толибон мулоқоти. Ўзбекистон эртаси таҳликадами?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:18 0:00

Фельгенгауэр¸ Толибондан туғиладиган ҳарбий-хавфсизлик таҳликалари Ўзбекистонни Россия етовидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти қучоғига қайтаришини эҳтимолдан соқит қилмайди.

-Албатта¸ Россия ҳозирги вазиятдан фойдаланиб¸ Ўзбекистонни ОДКБга қайтариш уринишини кучайтиради. Зотан бу ҳаракатлар тўхтаган эмас эди. Аммо бу қоғозда бор¸ амалда бирор иш кўрсатмайдиган ҳарбий иттифоқ. Унга кириш ва кирмаслик амалда Ўзбекистон хавфсизлигига бирор манфаат келтиради¸ деб ўйламайман¸ дейди россиялик ҳарбий эксперт.

Лондондаги Шарқ тадқиқотлари институти таҳлилчиси Алишер Илҳомов¸ Толибоннинг Ўзбекистон ҳудудига қуролли ҳужум қилиш эҳтимолини нолга яқин, деб баҳолайди.

- Толибон бугун давлатга айланди. Уларнинг асосий вазифаси халқаро легитимлик қозониш¸ суверен ҳокимият сифатида тан олинишга эришишдир. Шу боис улар ўз мафкуравий қарашларидан чекинмаган ҳолда¸ қўшни давлатларга нисбатан агрессив ҳаракатлардан тийилади¸ деб ўйлайман.

Иккинчидан¸ Толибон бундан буëғига Афғонистон иқтисоди ва аҳоли ҳаëт даражаси учун масъулиятни зиммасига олишга мажбур. Шу боис улар ўз шимолий қўшнилари билан иқтисодий ҳамкорлик ўрнатиш¸ хусусан¸ транспорт коридори¸ электр¸ газ ва нефть таъминоти бўйича муносабат ўрнатишга мажбур. Агар Толибон мамлакатда ўзи ваъда қилаëтган қонун ва тартиб ўрната олса¸ иқтисодий ҳамкорлик истиқболи фақат яхшиланади¸деб умид қилиш мумкин¸ дейди таҳлилчи.

"Толибоннинг ғалабасидан хурсандчилик"

АҚШ қўшинлари оëғи ҳали Афғонистондан узилиб улгурмай¸ мамлакатнинг деярли қаршиликсиз толиблар қўлига ўтиши¸ маҳаллий блогерларнинг ëзишича¸ Ўзбекистон ичкарисидаги диний қатлам томонидан «Ислом ғалабаси» сифатида талқин этилмоқда ва олқишланмоқда.

«Ижтимоий тармоқларда Толибоннинг ғалабасидан хурсанд изоҳлар ва постларни кўриб қоляпмиз. Улар буни диннинг ғалабаси, деб баҳолашяпти. Уларнинг орасида ҳатто катта нашрларнинг ходимлари ҳам бор.

Яхши ёки ёмон демайман, лекин аҳолимизнинг орасида дунёвий демократик давлатдан кўра, шариат асосида қурилган давлатни хоҳловчилар сони кам эмас кўринади. Толибоннинг ғалабасидан хурсанд бўлишни бошқача тушуниш қийин.

Норози бўлувчиларга эслатиб ўтаман, Ўзбекистон конституцияга кўра дунёвий демократик давлат. Унда ҳар бир фуқаронинг диний эркинликлари кафолатланган бўлиши, лекин дин давлатдан ажратилган бўлиши керак»¸ деб ëзди ношир ва блогер Фируз Аллаев.

Таҳлилчи Алишер Илҳомов ҳам Толибоннинг ҳокимиятга келишидан Ўзбекистон учун туғиладиган асосий хатар унинг қуроли эмас¸ балки мафкурасида¸ деган ишончда.

- Жанубий қўшнининг энг кескин шариат қонунлари бўйича бошқариладиган давлатга айланиши Ўзбекистондаги исломий кайфиятни кучайтириб юбориши мумкин. Айниқса¸ айрим маҳаллий «толиблар»нинг Ўзбекистон мусулмонларининг муайян қатлами орасида оммалашгани назарда тутилса. Бу ижтимоий қатламни толиблар Афғонистонда ўрнатадиган тартиб фақат илҳомлантиради. Ўзбек ҳукумати бу кайфиятлар билан зиддиятга киришишда қўрқиб турибди. Шу боис¸ бундан кейин хотин-қизлар ва эркинликни севувчи ëшлар зиëнига маънавиятчилик руҳида консерватив мафкурани тиқиштириш фақат кучаяди, дейди шарқшунос олим.

Россиялик таҳлилчи Павел Фельгенгауэр ҳам айни фикрда.

- Ўзбекистон давлат бошқарувида коррупция ниҳоятда кучли. Аҳоли қашшоқлашиб бормоқда. Мамлакат¸ айниқса¸ Фарғона водийсида жамиятнинг исломийлашуви кейинги йилларда янада кучайди. Бундай вазиятда коррупционерларни дорга осаман¸ ўғриларнинг қўлини чопаман¸ деб ваъда қилаëтган шариат бошқаруви ўз ҳаëтидан норози ўзбекистонликлар учун ҳавас қиладиган ҳукуматга айланиши табиий¸ дейди бу эксперт.

Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг Толибон етакчиларини Ўзбекистонга чақириб меҳмон қилган¸ уларга зар чопонлар кийдирган Тошкент расмийлари ҳам шунга ишонади. Улар назарида¸ ҳокимиятнинг толиблар қўлига ўтиши Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши ва жанубий қўшни билан транспорт коридори каби масалаларда яқин ҳамкорликка имкон беради.

Айни пайтда 16 август куни Озодлик гаплашган «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг Термиздаги мулозими¸ Мозори Шарифга цемент олиб борган ўзбек вагонларининг ҳокимият Толибонга ўтиши ортидан қуролли толиблар гаровида қолаëтганини билдирди. Ҳозирча расман тасдиқланмаган бу маълумот¸ Толибон билан ҳамкорлик¸ хусусан¸ иқтисодий ҳамкорликка ишонч заминининг анча заиф эканидан даракчи сифати кўрилмоқда.

XS
SM
MD
LG