Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:33

Яна ЎзЛиДеП? Мирзиёев тадбиркорлар билан "очиқ мулоқот"га ҳозирланмоқда


Ўзбекистон Президентининг тадбиркорлар ва ишбилармонлар билан кутилаётган очиқ мулоқотининг аниқ санаси эълон қилинмаяпти.

Мулоқот ўтказилиши ҳақида маҳаллий нашрлар тарқатган хабарда расмий манбага ҳавола йўқ, аммо барча хабарларда давлат раҳбари билан мулоқот олдидан тадбиркорлар мурожаатларини қабул қилувчи манзиллар, телефон рақамлари, ижтимоий тармоқлар платформаларидаги аккаунтлар эълон қилинди.

Айни пайтда Озодликка маълум бўлишича, баъзи тадбиркорлар аллақачон мурожаат қилишга ҳам, рад жавобини олишга ҳам улгурган.

Президентнинг тадбиркорлар билан учрашуви Ўзбекистон президенти сайлови кампанияси бошланиши кутилаётган бир пайтга тўғри келмоқда.

Ўзбекистон президенти лавозимига Шавкат Мирзиёев номзодини 5 йил олдинги сайловда “Ўзбекистон Либерал-демократик партияси – тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати” кўрсатган эди.

ЎзЛиДеПнинг расмий сайтида Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотига доир қўшимча маълумот йўқ, партия вакиллари келаётган сайловларда амалдаги президент номзодини кўрсатиши борасида бирон баёнот бермаган.

Амалдаги давлат раҳбари ҳам, бош вазир ҳам расман иқтидордаги партия ҳисобланган ЎзЛиДеП номзодлари саналади.

Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан учрашуви тўғрисидаги расмий эълонда айтилишича, “тадбирда тадбиркорлар олдидаги долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари, республикада бизнес муҳитини янада яхшилаш бўйича таклиф ва ташаббуслар муҳокама қилинади”.

Ҳозирча учрашув билан боғлиқ кўп нарса номаълум

Президент билан мулоқот тўғрисида ЎзА ахборот агентлиги хабар берди, холос. Учрашувнинг қачон ўтказилиши маълум эмас.

“Жорий йил 20 июлдан 31 июлгача фаолиятингизга боғлиқ масала, бизнесингизни кенгайтириш ва ривожлантиришга туртки берадиган ғоя ва таклифлар билан тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат қилишингиз мумкин”, дейилганидан келиб чиқилса, Президент билан учрашув августнинг дастлабки кунларида ўтказилишини тахмин қилиш мумкин.

Президент билан учрашувнинг формати ҳам номаълум. ЎзА хабарида “тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат қилишингиз мумкин” дейилган ва сўнгра мурожаатларни ҳар бир тумандаги тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ёки Штаб “Call-маркази”га жўнатиш сўралган.

Хўш, “тўғридан-тўғри” мулоқотми ёки Президент кейинроқ ёзма саволларга жавоб берадими – ҳозирча бу саволга жавоб йўқ.

Ўзбекистонни ташлаб чиқиб кетган тадбиркор : Янги қонунлар керак

Биринчи суҳбатдошимиз асли сирдарёлик, бизнесини ҳозирда Россия ва Германияда юритаётган 56 яшар Фарҳод Устажалиловдир.

"Тадбиркорликни ўзимизда – Сирдарёда, 90- йилларда бошлаганман. 1992 йилдан 1998 гача Ўзбекистонда расман ишлаганман. У пайтларда ҳамма “қийшиқ” ишлар эди. Тўғри ишлайдиган бизнесмен йўқ. Гапираман, десам гап кўп. 1998 йили бошим прокуратурадан, ИИБлардан чиқмай қолди. Чақир-чақир, сур-сур..."

Шундан сўнг Фарҳод Устажалилов Ўзбекистондан кетиш ҳаракатига тушади.

"Бизнесимни йиғиштирдим, ҳамма фирмаларимни ёпдим. 2000 йилдан бошлаб, Ўзбекистондан чиқиб кетишга урина бошладим. Аввалига Тошкентга кўчдим. 2005 йили оиламни Германияга кўчирдим. Уларнинг ортидан ўзим ҳам етиб бордим".

Фарҳод Устажалиловнинг информацион технологиялар билан боғлиқ бизнеси мана 20 йилдан буён Германия ва Россияда давом этмоқда, ривожланмоқда.

Озодлик билан Москвадан гаплашган, Ўзбекистонга тез-тез келиб-кетиб турадиган, сўнгги марта шу йилнинг апрелида келиб-кетган тадбиркордан бизнесингизни Ўзбекистонга кўчирган бўлармидингиз, деб сўрадик.

"Мен бориб Ўзбекистонда бизнес қилсам бўлади. Мен шуғулланишим учун яхши йўналишлар бор. Лекин кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун давлат баъзи бир қонунларни қабул қилиши керак".

Ўзбекистонда ишлаётган тадбиркор: Қонунлар етарли, лекин ишламаяпти

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён Фарҳод Устажалилов айтаётган меъёрий ҳужжатлар кўплаб қабул қилинди. Ҳатто 2020 йил кузида махсус Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги тузилган. Бу йил февралда эса, мазкур агентлик фаолиятини самарали ташкил этиш тўғрисида яна бир қарор қабул қилинди.

Бироқ Ўзбекистонда ишлаётган тадбиркорлар қатор қонунлар, қарорлар ва фармонлардан наф бўлмаётганини айтади.

“Мирзиёев тадбиркорлар билан учрашадими-учрашмайдими – барибир, қонун устувор бўлмас экан, ҳеч нарса ўзгармайди”, деди “Савдо бирлашмаси маркази” МЧЖ раҳбари, андижонлик Кушодбек Усмонов. Тадбиркор 2015 йили ўз бошига тушган ва Олий судгача етиб ҳам унинг фойдасига ҳал бўлмаган иш ҳақидаги ҳикоясини мана бундай бошлади:

“2015 йили биз ички ишлар бўлими, прокуратура, судларга донорлик қилишни тўхтатиб қўйдик. Гапнинг индаллоси: пул бермай қўйдик. Солиқ тўлаяпмиз, шу етади, қўшимча пул бермаймиз дедик ва шундан кейин бошланди кўргиликларимиз...”

Кушодбек Усмоновнинг айтганлари алоҳида ҳикоя. Ҳозирча унинг устидан жиноят иши қўзғатилгани, иш судга етгани, ишхонасига катта миқдорда жарима солингани, 2019 йил 18 февралида тадбиркор Олий суд раиси Козимжон Комиловнинг қабулида бўлгани, лекин барибир дастлабки инстанция суди ўз кучида қолаверганини айтиб ўтиш билан чекланамиз.

“Ё “доля” бериб турасиз ёки “домкратингиз” бўлиши керак Ўзбекистонда бизнес қилиш учун”, деди андижонлик тадбиркор.

Тадбиркорликнинг икки босқичи

Журналист, “Негатив” видеоблоги муаллифи Улуғбек Ашур бир неча йилдан буён ўзбек тадбиркорлари мавзусини ҳам кенг ёритиб келади. Кўрсатувининг сўнгги сонларидан бирида блогер муваффақиятли ўзбек тадбиркори фаолиятини шартли равишда икки даврга бўлди:

Биринчи давр: Ривожланиш даври. Бу босқичда тадбиркорга биров ҳалақит бермайди, баъзи ҳолатларда ҳокимлар ва бошқа амалдорлар ёрдам ҳам бериши мумкин.

Иккинчи давр: "Зулуклар" даври. Бу босқичда тадбиркор ўзи яшаб турган ҳудуддаги давлат амалдорларининг “чўнтаги”га айланади.

"Рустамбанк": Қонун ишламайдиган мамлакатда тадбиркорлик қилиш аҳмоқликдир

1990- йиллар бошида Ўзбекистондаги илк хусусий банкни очган Рустам Усмонов (Рустамбанк) Озодлик билан суҳбатда қонун устуворлигининг муҳимлигини таъкидлайди:

“Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантириш ҳақида энг зўр қонунлар ва қарорлар қабул қилинган. Афсуски, уларнинг ижроси бериладиган совға-саломга боғлиқ. Давлат маслаҳатчисига 100 минг АҚШ доллари бермаганим учун 19 йил қамоқда бўлибгина қолмай, бор бойлигимни тортиб олдилар. Қамоқдан чиққанимдан буён оқни оқ, қорани қора дейдиган прокурор топилмади. Тадбиркорликни ривожлантириш учун қонун устуворлигига эришиш кифоя. Қонун ишламайдиган мамлакатда тадбиркорлик қилиш аҳмоқликдир”.

Рад этилган мурожаат

Президент билан учрашув олдидан давлат раҳбарига мурожаат жўнатишга улгурганлар ҳам борлиги маълум бўлди. Улардан бирининг, исми сир қолиш шарти билан Озодликка айтишича, Савдо-саноат палатаси тадбиркорларнинг мурожаатларини тўплашни бошлаган.

Тадбиркор ҳамфикрлари билан ўз мурожаатини почта орқали, телефон рақами орқали ва telegram bot орқали юборган. Тадбиркорнинг ёзишича, мурожаат контрабанда ва унинг маҳаллий тадбиркорларга зарари ҳақида эди. Жавоб ҳам куттирмаган:

“Мурожаатимиз ортидан Президент идорасидан чақирув олдик. Улуғбек деган ходимнинг айтишича, бу мавзу жавобсиз қолар экан. “Мурожаатларни ёзишда давом этсангиз, “бошқача гаплашамиз” деб таҳдид қилди. Яъни, ҳамма нарса эски кунларда бўлгани каби – баъзи бир амалдорлар контрабандани ва Абу-Сахий бозорини ҳимоя қиляпти, ривожланишимизга рухсат бермаяптилар. Айни пайтда улар бизга таҳдид қиляпти ва Президентга мурожаат қилишимизга тўсқинлик қиляптилар”.

Сайлов яқин...

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фикрича, Президентнинг сайлов кампанияси арафасида айнан тадбиркорлар билан учрашув ўтказаётгани бежиз эмас. Озодлик билан суҳбатда сиёсатшунос бундай деди:

“2003 йилда “Ўзбекистон Либерал-демократик партияси – тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати” ташкил қилинган эди. Бу партия бир вақтнинг ўзида, умуммиллий ҳаракат ҳам ҳисобланади. Давлатнинг асосий таянч партияси – ЎзЛиДеП ҳисобланади, айнан шу партия интеллектуал, молиявий ва инсоний ресурслар билан чексиз таъминлаб келинади. Ўзбекистон сиёсий элитасининг, тахминан 70-80%и мана шу партия аъзоси ҳисобланади”.

Камолиддин Раббимов президент Мирзиёевнинг тадбикорлар билан учрашаётгани Президент сайлови билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги эҳтимолини соқит қилмайди.

Мирзиёевдан фарқли ўлароқ Ислом Каримов номзоди ҳар гал бошқа партиядан кўрсатилганини эслаб, сиёсатшунос бундай деди:

“Ўзбекистонда “ҳокимият партияси” борасидаги давлат сиёсатини, икки даврга бўлиш мумкин. 2003 йилга қадар президент ва парламент сайловларида Ислом Каримов янги партиялар орқали ўз номзодини кўрсатди еки ўзи таянадиган асосий парламент фракциясини шакллантирди. Масалан, 1991-96 йилларда, “ҳокимият партияси” – Ўзбекистон Халқ Демократик партияси эди, айнан шу партия орқали президент ва парламент сайловларида ўз номзодини кўрсатган эди, референдумни ҳам шу партия орқали расмийлаштирган эди. 1999 йилги парламент ва президентлик сайловларида, бугун мавжуд бўлмаган “Фидокорлар миллий-демократия партияси” ҳокимият партияси ролини ижро этди. 2003 йилга келиб, ҳокимият партиялар борасидаги давлат сиёсатини қайта кўриб чиқди. Энди, ҳар сафар янги партия тузиш эмас, битта барқарор ва қудратли партия ташкил қилиш тактикасига ўтилди”.

Ўзбекистонда президент сайловлари шу йилнинг 24 октябрида бўлиб ўтади. Парламентдаги мавжуд беш партия раҳбарлари президентликка номзод бўладиган сайловларда кўпчилик амалдаги президент Шавкат Мирзиёевнинг иккинчи муддатга сайланишига шубҳа қилмайди.

XS
SM
MD
LG