Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:48

Бухорода томчилатиб суғориш ускунаси фермерларга мажбуран сотилди - маҳсулот “брак” чиқди


"Брак" суғориш шлангалари
"Брак" суғориш шлангалари

Бухоро вилоят, Пешкў туманидаги 17 та фермер хўжалиги "Aria Parts Servin Pergas" МЧЖ қўшма корхонаси ўрнатиб берган томчилатиб суғориш ускунаси ишламагани сабабли катта зарар кўрди.

Фермерларнинг айтишича, уларни улкан миқдордаги кредитга қўшма корхона билан шартнома тузишга туман ҳокимлиги мажбурлаган. Аммо ғўза қатор ораларига тортилган шлангалар сифатсиз бўлгани учун ишламаган ва фермерлар ерларини бузиб, яна анъанавий суғориш тизимига мослаштиришга мажбур бўлишган.

Туман ирригация бўлими бошлиғи Бекмурод Тошев фермерларнинг иддаоларини тасдиқлар экан, айни пайтда бу ишни вилоят Иқтисодий суди кўраётганини айтди.

Пешкў туманидан Озодликка мурожаат қилган фермерларнинг ёзишича, улар ҳокимликнинг қистови билан "қаллоб" тадбиркорларнинг қурбони бўлган:

Бизларни фирибгарга илинтирган туман ҳокими энди қочиб юрибди.

“Пешкў туман ҳокими В.Қаҳҳоровнинг қистови билан эронлик тадбиркорларга миллионлаб маблағ ўтказиб, фермер хўжалигимиз ерларига томчилаб суғориш ўрнаттирдик. Бу қўштирноқ ичидаги ўзини тадбиркор санаганлар томчилатиб суғориш тизимини ишлатиб беришолмади, фирибгар экан. Еримизни ноилож суғориш учун қайтиб бузиб ташладик. Энди бўйнимизга катта кредит осилиб қолди. Бизга ўхшаб бу эронлик тадбиркор дастидан хонавайрон бўлиб катта маблағга тушган фермерлар туманда жуда кўп. Бизларни фирибгарга илинтирган туман ҳокими энди қочиб юрибди”.

Ишламаган шлангалар.
Ишламаган шлангалар.

Ҳокимлик томонидан тазйиқ бўлишидан чўчиб, исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг Озодликка айтишича, унинг бўйнида 350 миллион сўм қарз осилиб қолди:

Кейин ҳаммасини қўпориб, чиқариб ташладик.

“Йил бошида ҳокимнинг қистови билан эронликлар фирмаси билан мажбур шартнома тузиб, томчилатиб суғориш системасини сотиб олган эдик. Банкдан менинг номимга 350 миллион сўм кредит чиқарилган. Мен ўзи қарийб 20 гектар пахтам бўлса, бунча кредитни қандай узаман, десам ҳам ҳолу жонимга қўйишмади. Майли дедик, ғўза қатор ораларига майда шлангчаларини тортдик. Лекин улар брак чиқди. Баъзи жойидан сув чиқса, баъзи жойидан чиқмайди. Кейин ҳаммасини қўпориб, чиқариб ташладик”.

Исми сир қолишини сўраган бошқа фермернинг иддао қилишича, синалмаган, ҳеч ким танимайдиган тадбиркорлар билан кўр-кўрона шартнома қилдиришга қистаган ҳокимлик энди ўзини четга олмоқда:

Менимча, синалмаган, текширилмаган фирма билан шартнома қилдириш тагида қандайдир манфаат бўлса керак.

“Президентимиз томчилатиб суғоришга катта аҳамият бериш кераклигини таъкидлаган эдилар. Отнинг калласидай нархдаги бу тизимни ҳар қандай фермер хўжалиги ҳам оқлай олмайди. Ура-урачилик билан ҳоким шу билан шартнома қиласан, деб кўрсатма берди. Менимча, синалмаган, текширилмаган фирма билан шартнома қилдириш тагида қандайдир манфаат бўлса керак. Буни прокуратура тергов қилиши ва нега бунча фермер катта пулга тушиб қолганини аниқлаши керак”.

Озодлик Пешкў тумани ҳокими Ваҳоб Қаҳҳоров билан боғлана олмади.

Туман ирригация бўлими бошлиғи Бекмурод Тошев фермерлар билан шундай муаммо бўлганини тасдиқлади ва айни пайтда бу иш юзасидан вилоят Иқтисодий судига даъво киритилганини айтди:

“Фермерларга танлов йўқ эди, танлов қилолмади. Ўтган йили томчилатиб суғорадиган битта “Омад Стар” ишлади, бу йил эса, олтита ташкилот ишлади. Бу йил аниқ бўлди, яхши ва ёмон ажралиб қолди. Чунки бу янги мактаб, қайси яхши эканлигини ҳеч ким билмас эди. Биринчидан, эронликлар жуда кеч қолди, иккинчидан, кичкина шланглари ишламади. Менимча, улар ҳам ўзлари биринчи марта ишлатишгандай. Прокуратуранинг ёрдами билан биз қўшма корхонани вилоят Иқтисодий судига бердик, ҳозир суд ушбу масалани ўрганяпти”.

Туман ҳокимлиги берган маълумотга кўра, тузилган шартномага асосан "Aria Parts Servin Pergas" МЧЖ ташкилоти томонидан 17 та фермер хўжалигининг 313 гектар пахта майдонларида томчилатиб суғориш технологиясини қуриш ишлари тўлиқ амалга оширилмаган.

"Aria Parts Servin Pergas" МЧЖ вакилларини топишнинг имкони бўлмади.

Жорий йилнинг 24 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтган видеоселектор йиғилишида жами 430 минг гектарда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш орқали 3 миллиард кубметр сувни иқтисод қилиш вазифаси қўйилган эди.

Шундан сўнг вилоятларда томчилатиб суғориш ускуналарини келтириш ва уларни фермерларга ўтказиш ҳаракатлари бошланиб кетган эди.

Аммо аксар ҳудудларда бу система, фермерларнинг иқтисодий имкониятидан келиб чиқмай, мажбуран жорий қилина бошлади.

Озодлик билан 29 июнь куни суҳбатлашган Хоразм вилояти Урганч¸ Янгибозор ва Шовот туманидаги фермерлари ҳам томчилатиб суғориш қувурларини сотиб олишга мажбурланганлигини айтишган эди.

Март ойида эса, Андижон вилоятининг Бўстон (собиқ Бўз) туманидаги фермерлар ўз ҳисобидан томчилатиб суғориш технологиясини сотиб олишга мажбурланаётганидан шикоят қилган.

XS
SM
MD
LG