Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:00

Миллиардлаб даромад кўрадиган “Нефтгазқурилиштаъмир”нинг юзлаб ишчиси маошларини ололмаяпти


Бухоро вилоятининг Газли шаҳарчасидаги “Нефтгазқурилиштаъмир” мамлакатдаги етакчи корхоналардан бири
Бухоро вилоятининг Газли шаҳарчасидаги “Нефтгазқурилиштаъмир” мамлакатдаги етакчи корхоналардан бири

Бухородаги “Нефтгазқурилиштаъмир” АЖнинг юзлаб ишчилари тўрт ойдан буён маошлари берилмаётганини айтмоқда.

Озодлик суҳбатлашган корхона ишчилари Ўзбекистон президенти қабулхонасига очиқ хат йўллашгани, аммо ҳануз жавоб олмаганликларини билдиришди.

Олти юзга яқин ишчи меҳнат қиладиган бу ширкат бино ва иншоотларни қуриш ва капитал таъмирлаш, нефтгаз қувурларини монтаж ва демонтаж қилиш, ер қазиш ишларини бажариш, қувурларни пайвандлаш, изоляциялаш ишларини амалга оширади.

Корхона раҳбарияти ишлаб чиқариш вақтинча тўхтагани ва буюртма ҳажми камайгани сабаб ишчиларга маошларини тўлолмаётганини айтмоқда.

“Нефтгазқурилиштаъмир” АЖнинг Газли шаҳарчасидаги унитар корхонаси ишчиларидан бири 11 март куни Озодлик билан суҳбатда ўзи ва яна юзлаб ҳамкасби ўтган йил ноябридан буён ойликларини ололмаётганликларини айтди:

“Ноябрь, декабрь, январ, февраль ойликларни олмадик. Биз ишчиларни ким ўйлайди? Қайсидир масъулиятсиз шахслар туфайли бугун оч ё кимнингдир эшигидан қарз сўраб чиқишдан бошқа иложимиз бўлмаяпти. Олти юзта одамнинг тақдирига ҳукумат бефарқ бўлмайди, деган умиддамиз”, - дейди корхонанинг исми очиқланмаслигини сўраган ишчиси.

Ишчилар ойликлари тўлаб берилишини сўраб Ўзбекистон президенти қабулхонасига ҳам очиқ хат йўллашган, аммо ҳозирча жавоб олмаганликларини айтишди.

“Корхонамиз ишчилари тиним билмай ишлашади. Қиш совуғи, ёз жазирамасида ҳам тиним билишмайди, корхонамизга миллиардлаб даромад келтиришади, лекин бу пуллар қаерга кетганини ҳеч ким билмайди. Яқиндагина корхонамизга тегишли бўлган объект 2.5 миллиард сўмга сотилди, бу пуллар қаерга кетди? Талон-торож қилиндими, ҳеч ким билмайди", - дейилади корхонанинг ўндан ортиқ ишчиси имзо чеккан мурожаатда.

Корхонанинг айрим ишчилари Ўзбекистон президенти қабулхонасига ҳам очиқ хат йўллаган, аммо ҳозирча жавоб олмаган:
Корхонанинг айрим ишчилари Ўзбекистон президенти қабулхонасига ҳам очиқ хат йўллаган, аммо ҳозирча жавоб олмаган:

Озодлик ишчилар эътирози юзасидан изоҳ олиш учун корхона раҳбари Дилшод Бозоровнинг мобил телефонига қўнғироқ қилди.

Телефонни кўтарган одам Озодлик саволини эшитиши билан гўшакни қўйиб қўйди.

"Топширилган объектлардан пул ололмаяпмиз"

Ўзини “Нефтгазқурилиштаъмир” раҳбарининг ёрдамчиси деб таништирган шахс ишлаб чиқариш ва буюртма ҳажми камайгани сабаб корхонанинг ойлик тўлашга пули йўқлигини айтди.

“Топширилган объектлардан пул ололмаётганимиз учун аҳволимиз қийин бўляпти. Буюртма олиш учун югуряпти бошлиғимиз. Ишчиларимизни боқайлик, деб. Буюртма йўқ. Головной офисдагилар ҳам ойлик олмаяпти. Корхонани сақлаб қолиб, кўтариб олайлик деб чидаб ўтирибмиз, ойликсиз”,-деди корхона бошлиғи ёрдамчиси.

Корхона расмий вебсайтидаги маълумотга кўра, 1975 йилда ташкил топган “Нефтгазқурилиштаъмир” 2017 йилгача “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфида бўлган.

Корхона таркибида йилига 15000 м3 темир-бетон маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватига эга завод, шунингдек ойига 80 мингга яқин ғишт, 10 минг м3 ёғочни қайта ишлаш, йилига 30 минг тоннага яқин асфальт бетон маҳсулотини ишлаб чиқариш цехлари бор.

Аммо “Нефтгазқурилиштаъмир” йиллик даромади қанча экани ҳақида корхона сайтида маълумот келтирилмаган.

4 миллиард долларлик Uzbekistan GTL заводини қураëтган минглаб ишчи ғалаëн кўтарди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:26 0:00

“2017 йилда “Ўзбекнефтгаз” таркибидан чиққанимиздан кейин муаммолар бошланди. Икки минг ишчисига эга бўлган корхонада бугунги кунда олти юз ишчи қолган. Агар ойликлар кечикиши давом этса, кўпчилигимиз кетамиз, деб турибмиз”, - дейди Озодлик суҳбатлашган “Нефтгазқурилиштаъмир” ишчиси.

Озодликка маълум бўлишича, “Нефтгазқурилиштаъмир” корхонасида маошлардан қарздорлик 2019 ва 2020 йилларда ҳам кузатилган. Ижтимоий тармоқларда айрим ишчилар "ойлаб маошларини ололмаётганлари, корхона раҳбарлари пулларни “айлантириб” кўпайтириш билан овора экани" ҳақида ёзганлар.

Маҳаллий нашрлар 2018 йил ноябрида Мажбурий ижро бюроси солиқларни тўламагани учун “Нефтгазқурилиштаъмир” нинг 622,5 млн сўм қийматидаги автомашиналари давлат фойдасига мусодара қилингани ҳақида ёзган.

Шунингдек, МИБ ўтган йил январида “Нефтгазқурилиштаъмир”нинг 10 нафар ходими маошларини ундириб бергани хабар қилинган.

Давлат хабар агентлиги ЎзА 2020 йил февралида ойлаб ишчиларнинг маошларини тўламай келган “Нефтгазқурилиштаъмир” ҳисоб рақамида "жуда катта пуллар айланиши" ҳақида ёзган.

Корхонанинг расмий вебсайтидаги молиявий ҳисоботга кўра, 2020 йилда унинг даромади қарийб 21 миллиард сўмни ташкил этган.

Ишчиларнинг маошларидан катта миқдорда қарздорлик бўлган 2012−2019 йилларда “Нефтгазқурилиштаъмир” бошқарув раиси бўлган Анвар Ражабов шу йилнинг февраль ойида Бухоро тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинлган.

Сурункали муаммо

Ўзбекистонда ойлик иш ҳақларининг вақтида ёки меҳнатга яраша тўланмаслиги ҳам давлат ва ҳам хусусий сектордаги корхоналарда сурункали тус олган муаммо.

6 март куни Андижоннинг Асака шаҳридаги UzAuto Motors АЖга қарашли Транспорт ташувлари бошқармасининг ўнлаб ҳайдовчилари иш ҳақларининг пасайтирилишидан норозилик билдирганди.

Шу йил январида Озодлик Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи - ФНҚИЗ Олтиариқ бўлими ишчиларининг заводдаги қисқартиришларга қарши норозилик акцияси ҳақида хабар берган эди.

11 январь куни Қашқадарё вилояти Косон туманидаги Нефт газ қудуқларини синаш ташкилотининг ўнлаб ишчилари ҳам ўз ҳисобидан таътилга чиқишга мажбурлангани ҳақда Озодликка хабар йўллаган.

Ўтган йил октябрида Қашқадарёнинг Ғузор туманидаги Uzbekistan GTL заводида маош ва овқатлар вақтида берилмаганидан ғазабга келган қурувчиларнинг норозилиши оммавий тартибсизликларга айланиб кетган эди.

XS
SM
MD
LG