Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:41

Ичкаридан чиққан мухолифат: Аллақуловнинг ушланиши "нотўғри мужда"


Чапда ва ўнгда Хидирназар Аллақулов яшайдиган уй олдида туширилган видеолардан олинган кадрлар. Ўртада - Хидирназар Аллақулов.
Чапда ва ўнгда Хидирназар Аллақулов яшайдиган уй олдида туширилган видеолардан олинган кадрлар. Ўртада - Хидирназар Аллақулов.

Ўзбекистонда янги тузилаётган “Ҳақиқат ва Тараққиёт” партияси ташаббус гуруҳи раҳбари, профессор Хидирназар Аллақуловнинг партия қурултойини ўтказиш режаланган кунда ушланиши мамлакатдаги сиёсий жараёнларни яқиндан кузатаётган хорижлик экспертларда хавотир уйғотди.

“Профессор Хидирназар Аллақуловнинг янги тузилаётган “Ҳақиқат ва Тараққиёт” социал демократик партияси фаоллари қурултойга таклиф қилинган кун - 26 февралда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари гуруҳи томонидан ушланиши инсон ҳуқуқлари соҳасида жиддий ташвиш уйғотади”, -деди Озодликка Human Rights Watch ташкилотининг собиқ ходими, америкалик ҳуқуқшунос профессор Стив Свердлоу.

Ўзбек ҳуқуқ-тартибот идораларининг профессор Аллақуловнинг Тошкентдаги уйига ижтимоий тармоқларда кенг ёритилган рейди Ўзбекистонда кутилаётган президент сайловлари манзарасида юз бермоқда.

Ўтган ой президент Мирзиёев сайловларн санасини декабрдан октябрга кўчириш ҳақидаги қонунни имзолаган. Қонунга биноан, навбатдаги президент сайлови жорий йил октябрининг охирги ўн кунлигида ўтказилиши кутилади.

Халқаро Human Rights Watch ташкилотининг собиқ ходими, ҳозирда Лос-Анжелесдаги Жанубий Калифорния университети профессори Стив Свердлоу Хидирназар Аллақулов билан боғлиқ сўнгги воқеаларни диққат билан кузаётганини айтди.

Стив Свердлоу
Стив Свердлоу

“Аллақуловнинг ушланиши тафсилотлари пайдо бўлишда давом этмоқда, бироқ шу пайтгача маълум бўлган информациядан инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ жиддий муаммолар юзага келгани англашилмоқда. Биринчидан, Аллақулов эълон қилган видеодан ички ишлар ходимларининг уни жиноят иши юзасидан сўроққа олиб кетиш учун келиши бундай ҳолатларда қўлланиладиган оддий чақирувдан кескин фарқлангани кўриниб турибди. Видеодан ички ишлар ходимлари Аллақуловнинг эшигини синдириб кириш учун катта куч қўллаганини кўриш мумкин. Шунингдек, Аллақуловни қўлга олиш ва унинг оила аъзоларини тийиб туриш учун ички ишлар ходимлари агрессив куч қўллагани тўғрисида маълумотлар мавжуд”.

Кечқурун 10 гача давом этган сўроқ

26 февраль, тушдан сўнг ИИБ ходимлари томонидан Тошкентдаги уйидан олиб кетилган 65 ёшли Хидирназар Аллақулов 27 февраль эрталаб тиббий экспертизадан ўтказилган ва сўнгра шу вилоятнинг Булоқбоши туман ИИБ га олиб борилган. Аллақулов 27 февраль кеч соат 10 гача Булоқбоши ИИБ терговчиси саволларига жавоб берган.

Бу маълумотни Озодлик 28 февралда Хидирназар Аллақуловнинг ўзидан олди. У 26 февралда ИИБ ходимлари томонидан қўлга олиниши тафсилотларини айтиб берди.

26 февраль, “қамал

Аллақуловнинг айтишича, у 26 февраль, кундуз соат 2 гача квартираси эшигини қулфлаб, ИИБ ходимларининг бостириб киришига тўсқинлик қилиб ўтирган (Бу ҳолат акс этган видеони Х.Аллақулов ижтимоий тармоқларда эълон қилган)

“Мақсадим – менсиз бўлса ҳам партия қурултойи ўтишини таъминлаш эди. Телефон орқали фаолларга ҳатто уйимнинг олдига келинглар, мен деразани очиб, маъруза қиламан ва партияни тузиш ҳақида қарор қабул қиламиз, дедим. Бунинг ҳам имкони бўлмади. Уйимни ўраб олган ходимлар ҳеч кимни яқинлаштирмади”, - деди Аллақулов Озодликка.

"Машинага куч билан тиқишди"

Хидирназар Аллақулов кундуз соат 2 да квартирасидан чиқиб, учинчи қаватдан пастга тушади. Қаршисида пайдо бўлган ИИБ ходимларига чақирув қоғозини эрталаб соат 9 да олганини, унда ўша куниёқ, кундуз соат 1 га қарийб 500 км масофадаги Андижонга етиб келиш талаб қилинганини, терговчи билан телефонда гаплашганини тушунтиришга уринади.

“Шу гапларни тушунтираётганимда ортимдан бир машина келиб тўхтади. Мени ушлаб, машинага ўтирғизмоқчи бўлишди. Мен қўлларингни олинг, мен ўзим ўтираман, дедим ва шу онда улар 21 яшар набирамни уриб йиқитганини кўрдим. Шу пайт улар мени яна машинага куч билан тиқмоқчи бўлди. Тўрт-беш киши эди улар. Мен куч билан қайтариб турдим. Бироқ биттаси машинанинг нариги эшигидан кириб, оёғимдан тортиб юборди ва мен машина ичига йиқилиб тушдим. Кейин улардан биттаси кўксимга, юрагим устига ўтириб олди. Нафас етмай қолди. Шундан кейин мени Юнусобод туман ИИБга олиб боришди. Кўксимга ўтиришганида кўзойнагим синган экан, буни ИИБга олиб келишганидан кейин билдим”.

Аллақуловнинг оила-аъзолари жаримага тортилди

26 февралда, Аллақулов олиб кетилганидан сўнг унинг хонадонига уюштирилган Миллий гвардия ва ИИБ ходимларининг босқинидан хавотирланиб, бу ерга келган Нилуфар Аллақулова ва унинг турмуш ўртоғи Акром Бозоров ҳамда уларнинг фарзанди Шаҳриёр Тожиевлар Юнусобод тумани ИИБга олиб кетилди.

Юнусобод тумани маъмурий суди жамоат тартибини бузиб, отасига кўмак беришга уринганликда айбланган Нилуфар Аллақуловани базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари, куёв Акром Бозоровни 3 баравари ҳамда невара Шаҳриёрни 5 баравар миқдорида жаримага тортди. Айни пайтда тармоқларда бир аёлни ходимлар судраб кетаётгани акс этган видео тарқади. Аллақуловнинг айтишича, ерга судраб олиб кетилаётган аёл унинг қизидир.

27 февраль куни 20 яшар Шаҳриёр Тожиев мия чайқалиши, юз-пешона гематомаси билан шифохонага мурожаат қилган.

Хидирназар Аллақулов яшайдиган кўпқаватли уй ҳовлисида 26 февралда олинган видеодан кадр. Аллақуловнинг айтишича, ИИБ ходимлари учун қизини ерга судраб олиб кетмоқда.
Хидирназар Аллақулов яшайдиган кўпқаватли уй ҳовлисида 26 февралда олинган видеодан кадр. Аллақуловнинг айтишича, ИИБ ходимлари учун қизини ерга судраб олиб кетмоқда.

26 февраль, кечга яқин Юнусобод туман ИИБда бир муддат ушлаб турилгач, Аллақуловни Андижондан келган ИИБ ходимлари машинага солиб, ўзлари билан бирга олиб кетди.

Бир кунга 3 та "повестка"

Хидирназар Аллақуловнинг айтишича, Булоқбоши туман ИИБдан келган чақирув ягона чақирув эмас эди. Унга 25 февралда Юнусобод ИИБ ҳам чақирув берган. Бу ҳужжатда ундан 26 февраль, соат 12 дан 15 минут ўтганда ИИБда бўлиш талаб қилинган. Худди шундай чақирув ўша кунга Адлия вазирлигидан ҳам келганни айтди Аллақулов.

Адлия вазирлиги матбуот хизматининг вазирлик расмий сайтида эълон қилинган телефон рақамига қилинган қўнғироққа жавоб берган, ўзини "техник ходим" деб таништирган мулозим Озодлик саволларини эшитгач, "бу саволларга жавоб беришга ваколатим йўқ", деб жавоб берди.

Ички ишлар вазирлиги расмий сайтида эълон қилинган телефонларга қилинган қўнғироқларга ҳеч ким жавоб бермади.

“Аллақуловнинг ушланиши ва бу воқеанинг “Ҳақиқат ва Тараққиёт” партияси қурултойи режалаштирилган кунда юз бериши Ўзбекистон президенти сайлови ўтадиган йилда сўз ва йиғилишлар эркинлиги соҳасида жиддий саволларни пайдо қилади”, - деди Озодлик билан суҳбатда Стив Свердлоу.

Тошкентда яшайдиган Аллақулов нега Булоқбошига чақиртирилди?

Булоқбоши - Андижон вилоятининг энг чекка, Қирғизистон билан чегарадош тумани. Хидирназар Аллақуловнинг айтишича, унинг партия тузиш йўлидаги маслакдошларидан бири – М.Э. шу туманда яшайди.

“М.Э.га унинг опаси ва синглиси паспорт фотонусхаларини Телерамга ташлаб берган. Лекин терговчи бу ҳужжатларни бошқа шахслар ҳам эълон қилган, шу сабабли уларнинг ҳуқуқлари бузилган, деяпти. Гап шундаки, биз 29 январь куни йиғилишимизни ташқарида ўтказишга мажбур бўлганмиз. Ўшанда йиғилишда иштирок этаётганлар ҳамда касаллик ёки бошқа сабаблар билан йиғилишимизда иштирок этолмаётганлар паспорт нусхаларини юборса ва улар таркибидан ташкилий қўмита тузсак, нима дейсизлар, деб овозга қўйганман. Бу таклиф бир овоздан маъқулланган. Опа-сингил ўз паспортлари фотонусхаларини М.Э.га шу сабабли жўнатган”, - деб тушунтирди Аллақулов.

Янги партия тузиш ташаббусчилари етакчиси бўлгани учун бу ишга гувоҳ сифатида чақирилган Хидирназар Аллақуловнинг айтишича, “бугунги кунгача жиноятни содир этганликда гумон қилинаётган одам йўқ”.

"Нотўғри мужда"

Йиллардан буён Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволини кузатиб келаётган америкалик мутахассис, Лос-Анжелесдаги Жанубий Калифорния университети профессори Стив Свердлоу Хидирназар Аллақулов билан боғлиқ ҳодисада ўзбек ҳукумати халқаро жамотчиликка нотўғри мужда йўллаётганини айтади.

“Президентликка ўз номзодини қўймоқчи эканлиги тўғрисида баёнот берган мухолифатчи сиёсий арбобнинг президент сайлови ўтадиган йилда ушланиши нотўғри муждадир", - дейди Свердлоу.

Унинг таъкидашича, Ўзбекистон расмийлари президент сайлови эркин ва адолатли бўлажаги тўғрисида бир неча бор баёнот берган ва улар бу ваъдасининг устидан чиқиши лозим.

"Айниқса, Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлгани ҳисобга олинса, бу муҳимдир. Ўзбекистон раҳбарияти мухолиф партиялар ва номзодлар ўз фаолиятини эркин, аралашувсиз амалга ошириши мумкинлиги тўғрисида, сайлов халқаро андозалар доирасида ўтказилишига ишонч ҳосил қилишлари мумкинлиги тўғрисида аниқ-тиниқ баёнот бериши керак”.

"Ичкаридан чиққан" мухолифат

Аллақулов билан боғлиқ ҳодисага муносабат билдирган маҳаллий шарҳловчилар ва тармоқ фойдаланувчилари президент Мирзиёевнинг "мухолифат ичкаридан чиқиши керак" деган баёнотини эслашди.

"Ичкаридан чиққан мухолифат ичкарига олиб кириб қўйилди", деб ёзди Фейсбук фойдаланувчиларидан бири.

Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 27 декабрида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ўтказилган учрашувда хорижаги сиёсий мухолифатни мамлакатга қайтариш чақириқларини рад этган эди.

"Ижтимоий тармоқларда мухолифат муҳокама қилинмоқда. У бизга қандай фойда келтирди? Мен Президент сифатида мухолифатга қарши эмасман. Бироқ у ўзимизда пайдо бўлиши учун муҳит яратишимиз керак. Бу шахслар халқнинг дардини билиши, улар билан барча муаммоларни бошидан кечириши ва шу ернинг нонини еб, сувини ичиши керак".

Аммо ўтган вақт мобайнида Адлия вазирлиги биронта янги сиёсий партияни рўйхатдан ўтказгани йўқ. Мавжуд сайлов қонунчилиги сайловларда номзодларнинг мустақил ташаббус гуруҳлари томонидан илгари сурилишига изн бермайди.

2019 йил декабридаги парламент сайловларини кузатган ЕХҲТ миссияси Ўзбекистондаги нисбатан эркинлашган матбуот сиёсий мухолифатнинг ўрнини боса олмганини айтган эди.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси расмийлари келаётган президент сайловларида халқаро ташкилотларнинг "мақбул" тавсиялари тадбиқ этилишини айтишган, аммо бу тавсияларга ҳақиқий мухолифат кирадими, йўқми, аниқлик киритмаганлар.

Ўзбекистон парламентидаги мавжуд бешта партиянинг ҳаммаси ҳукуматпараст партиялардир. Мамлакатда қарор топган сиёсий анъанага кўра, айнан шу партияларнинг раҳбарлари президент сайловларида амалдаги президентга "рақиб" бўлади.

XS
SM
MD
LG