Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:50

Марказий Осиëдаги илк киночига оид хазина эгаси Хоразмда кино музейи ташкил қилмоқчи


Абдулла Юсупов
Абдулла Юсупов

Урганчлик 80 яшар киноҳужжатчи ва журналист Абдулла Юсупов Марказий Осиëдаги илк киночи Худойберган Девоновдан мерос қолган фотосурат¸ негатив ва кинотасмаларни 1972 йилдан бери сақлаб келади.

Озодлик билан 24 февраль кунги суҳбатда Юсупов «Нафақат Марказий Осиëда балки бутун яқин Шарқда илк киностудия яратилган Хоразм вилоятида кино музейини очиш» таклифини билдирди. Суҳбатдош «Агар музей очилса ўз тасарруфидаги ноëб коллекцияни беғараз давлатга топширажагини» таъкидлади.

Абдулла Юсупов коллекциясидан Худойберган Девонов 1909 йили Санкт-Петербургдан олиб келган кино-фото ускуналар ҳамда Девоновга оид архив материаллари ва шиша негативлар ўрин олган.

Хива Бош вазири суратини Худойберган Девонов олган.
Хива Бош вазири суратини Худойберган Девонов олган.

Бу коллекция Абдулла Юсуповга отаси, таниқли фотограф Юсуф Ҳасановдан мерос қолган. Юсуф Ҳасанов таниқли киночи ва сиëсат арбоби Худойберган Девоновнинг шогирди эди.

Девонов 1938 йили репрессияга учраб қамалганида унга оид архивнинг бир қисми НКВД тарафидан йўқ қилинади. Аммо архивнинг катта қисми шогирди Ҳасанов қўлида қолади. Ҳасанов «халқ душмани архивини» сақлаш каби ўша даврда жиноят саналган ишга қўл уради.

Девонов ҳақидаги китоб муаллифи ,ëзувчи Эркин Мадраҳимовнинг Озодликка айтишича¸ «Девонов ХХСР Молия вазири ва ундан олдин хон саройида қудратли амалдор бўлиб ишлагани боис, ундан қолган олтинлар шогирди Юсуф Ҳасанов қўлида қолганлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган» эди.

Бу миш-мишлар ортидан Юсуф Ҳасанов 1972 йилда ўзининг Урганчдаги фотолабораториясида номаълум талончилар тарафидан ўлдириб кетилади.

Ўша пайтда Юсуф Ҳасановнинг ўғли Абдулла Москвада кино санъатидан таҳсил олаëтган эди.

Озодлик билан суҳбатда Юсупов бу кун унинг учун бурилиш нуқтаси бўлганини айтади:

«Мен Москвада қолиб кино дарғаларидан таҳсил олишни давом эттиришим ëки Урганчга қайтиб Худойберган Девоновдан қолган улкан бойликни сақлашим керак эди. Кескин континентал Хоразм иқлимида кинолента ва негативларни сақлаш кундалик ва мунтазам эътиборни талаб қилади. Мен 1972 йили Урганчга қайтиб марҳум отамнинг ишини давом эттирдим» .

Юсупов Урганчга қайтиб, ота касбини давом эттириш билан бирга, Марказий Осиëда ягона бўлган ноëб коллекцияни сақлаш масъулиятини ҳам ўз зиммасига олади:

«Отамдан қолган коллекцияни сақлаш билан бирга ҳали одамлар қўлида бор бўлган Девоновга тааллуқли эски фото ва киноленталарни йиғиб коллекцияни бойитдим. Отамнинг шогирди, кино арбоб Малик Қаюмов билан боғланиб, бу архивнинг иложи борича технологик беқусур сақланишига муваффақ бўлдим. Бундан ташқари вилоят телевидениесида кинотасвирчи ва журналист бўлиб ишлаш чоғимда Девонов ижодини иложи бори қадар тарғиб қилдим».

Озодлик мухбири билан суҳбатда Юсупов бу коллекцияни шаҳарга совға қилиш нияти борлигини айтди:

«Фақат икки шартим бор. Худойберган Девоновга бағишланган кино тарихи музейи очилиши ва Урганчдаги кинотеатрга Худойберган Девонов номи қайтарилишини истайман».

Хива Марказий Осиëда илк киностудия очилган шаҳар
Хива Марказий Осиëда илк киностудия очилган шаҳар

1938 йили қамоққа олиниб, 1940 йили Тошкент вилоят, Янгийўл шахридаги қамоқхонада отиб ўлдирилган Худойберганов 1958 йили оқлангани ортидан Урганчдаги кинотеатрга унинг номи берилган эди.

Кинотеатр кираверишида Девоновнинг бронза ҳайкали ва афсонавий киночи ҳаëтидан ҳикоя қилувчи диорама мавжуд эди.

Ўзбек совет энциклопедиясида ëзилишича, бу кинотасвирчи номи қўйилган дунëдаги илк кинотеатр бўлган.

1993 йилда икки қаватли кинотеатр биноси қўлдан қўлга ўтиб аëллар кийимлари билан савдо қилувчи магазинга айлантирилган эди.

Авлоддан авлодга ўтган маслак

Абдулла Юсупов 1968 йили илк фарзанди туғилганида унга улуғ киночи номини қўйди.

Худойберган Юсупов бугун Москвада таниқли киночилардан. У 2005 йилдан бошлаб Мосфильм киноконцернида оператор, режиссёр ва продюсер вазифаларида ишлаб келади. Ўнлаб кинолойиҳаларда иштирок этган. Хусусан таниқли қўшиқчи Юрий Шевчук концертларини суратга олган.

Худойберган Юсупов отаси Абдулла¸ бобоси Юсуф ва маънавий устози Худойберган Девоновлар меросининг аҳамияти ҳақида Озодлик мубири билан гаплашган пайтда дунëнинг кўплаб мамлакатларидаги каби кино тарихи музейига эҳтиëж ва имконият борлигини айтди.

Суҳбатдошга кўра¸ 1909 йилда дунëда кам сонда кинокамера бўлган ва шу кинокамералардан бири Франциянинг Пате фирмасида ишлаб чиқарилган кинокамера Хивада бўлган.

Девонов ҳақидаги китоб муаллифи Эркин Мадраҳимовга кўра¸ 1909 йили Хивада киностудия ташкил қилиш ўзига хос маданий инқилоб бўлган:

«Кино намойиши учун электр станцияси лозим эди. Бунинг учун мини электр станцияси қурилди. Фотостудиядаги шиша негативлар учун шиша тайëрлайдиган кичик устахона ҳам ташкил қилинди. Дунë воқеаларни ëритадиган Pathé-journal кинохроника ленталари Хивада мунтазам намойиш қилина бошланди»

Ëзувчи Эркин Мадраҳимов (Ошиқ Эркин) ва кинотасвирчи Ғайрат Бобожонов
Ëзувчи Эркин Мадраҳимов (Ошиқ Эркин) ва кинотасвирчи Ғайрат Бобожонов

Ер юзида юз берган воқеаларни бир кинотасмага муҳрлаш орзуси 1908 йилда Франциянинг Пате фирмаси тарафидан амалга оширилди ва бир йил ўтиб бу ленталар Хивада намойиш қилинди.

Пате фирмаси ўзининг Pathé-journal деган кинохроникасида дунëнинг турли мамлакатларида, хусусан Туркистонда бўлган воқаеларни акс эттирган.

“Ҳамма нарсани кўрамиз, ҳамма нарсани биламиз” деган шиор остидаги бу кино журналда хивалик кинооператор Худойберган Девоновга оид тасвирлар кўрсатилган.

Ленталарда қолган Девонов

Ўзбек шоири Омон Матжоннинг Туркистондаги илк киночи Худойберган Девоновга бағишланган шеърида шундай сатрлар бор:

Тарих нима деркан бизларга қараб,

Биз - эртанги киноленталар...

Худойберган Девонов Хоразмнинг Россия тарафидан мустамлака қилинган пайт Муҳаммад Раҳимхон II ҳукмронлик қилган бир даврда сарой амалдори оиласида туғилди.

Яхши маълумот олиб бир неча тилни билган ëш Худойберган саройда маданият ишлари бўйича маслаҳатчи мулозим вазифасида ишлади.

Девонов 1908 йилда Хива хони ҳукумат делегацияси сафида Санкт-Петербургга борди. Ўша пайтдаги чор императори Николай иккинчи қўлидан исми ëзилган соат ва махсус ëрлиқ олди. Шу ëрлиқ асосида Девонов икки ой давомида Россияда фото ва кино суратга олиш сирларини ўрганди.

Девонов пировардида у Марказий Осиëдаги илк киночига айланди.

Хонлик ағдарилиб янги Хоразм республикаси тузилганида Девонов янги давлатнинг Молия вазири бўлиб тайинланди.

1938 йили қамоққа олиниб 1940 йили Янгийўлда отиб ташланди.

Сталин ўлими ортидан 1958 йилда бошқа минглаб сиëсий қурбонлар қаторида Девонов ҳам оқланди. Девонов номи Урганчдаги кинотеатрга қўйилди. Киноҳужжатчи Солий Давлетов у ҳақда ҳужжатли фильм суратга олди.

Таниқли шоир ва публицист Эркин Мадраҳимов (Ошиқ Эркин) нинг “Чақмоқ” деб номланган ҳужжатли қиссасида Девонов ҳаëт йўлини тасвирлаган эди.

Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин Девоновнинг Хивадаги уй-музейи бузиб ташланди. Урганчдаги кинотеатр тужжорлар тарафидан дўконга айлантирилди.

Девонов сурати акс этган таниқли рассом Баҳодир Жалол ижодига мансуб фреска туширилгган «Киночилар уйи» шаҳар ҳокими қарори билан вайрон қилинди.

Абдулла Юсуповнинг Урганчдаги ховлиси "афсонавий киночига оид сўнгги из сифатида ўчиб кетмаслиги керак" дейди Девонов ҳақидаги китоб муаллифи Эркин Мадраҳимов.

Бузиб ташланган киночилар уйида Девонов сурати зарб қилинган фреска бор эди
Бузиб ташланган киночилар уйида Девонов сурати зарб қилинган фреска бор эди

XS
SM
MD
LG