Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:49

Фитрат, Чўлпон, Қодирийлар отилган кун Ўзбекистонда эсланмади


Тарихчилар 4 октябрни Ўзбекистон ва ўзбеклар тарихидаги энг қонли кунлардан бири сифатида тилга олишади. 1938 йилнинг айни шу куни СССР Олий суди Ҳарбий коллегиясининг 507 нафар ўзбекистонлик сиёсий маҳбус устидан ҳукми эълон қилинган. Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат каби ўзбек мунавварлари отув жазосига ҳукм этилган эди. Лекин бу кун Ўзбекистонда эсланмайди.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Анвар Назир 4 октябрь озодлик ва эрк учун курашган зиёлилар қатлиом этилган энг қонли кунлардан бири эканини таъкидлайди.

Тошкентдаги "Қатағон қурбонлари" музейи
Тошкентдаги "Қатағон қурбонлари" музейи

​- Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат каби миллатимизнинг буюк адиблари, олимлари ва ўзбек миллатининг бунёдкорлари отилган кун бу. Биринчи ўзбек кинорежиссёри, биринчи оператор, биринчи фотосуратчи хоразмлик Худойберган Девонов ҳам айнан шу куни қатл этилган. Шунингдек, ўша куни отилганлар орасида ўзбек тили ва маданиятини советлашишдан ҳимоя қилган Раҳим Иноғомов, Усмонхон Эшонхўжаев, Рустам Исломов, Файзулла Раҳимбоев, Акбар Исломов, Саъдуллахўжа Турсунхўжаев каби давлат ва жамоат арбоблари ҳам бўлган. Қаюм Рамазон, Отажон Ҳошимов, Мажид Қодиров, Зиё Саидов каби биринчи ўзбек адабиётшунослари, ўзбек фольклоршунос олими, биринчи журналист ва биринчи публицист Ғози Олим Юнусов, биринчи ўзбек тарихчиси Пўлат Солиев - булар ва бошқа улуғ миллатдошларимиз ҳукм чиқарилган куниёқ - 1938 йилнинг 4 октябрида, ҳозирги Юнусобод тумани Оқтепасидаги қатлхонада қатл этилганди, - дейди Анвар Назир.

Тарихий маълумотларга кўра, 1930 йиллар бошидан 50-йиллар бошигача собиқ СССР бўйлаб 3 778 234 киши қамоққа олиниб, улардан 786 098 нафари отиб ташланган.

Қамалган ва отилганлар орасида юз минглаб ўзбек, ўзбекистонлик бор эди.

2002 йили Тошкентнинг Юнусобод туманида улар хотирасига "Шаҳидлар майдони" барпо этилган.

Ўзбек тарихчиларига кўра, мазкур мажмуа айнан ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида “халқ душманлари” ёппасига отиб ташланган жойда жойлашган.

Аммо Анвар Назиров "Шаҳидлар майдони" нотўғри жойда барпо этилган, деган фикрда.

– Чунки уларни у ерда отиб ташламаган. Уларни Оқтепадаги қатлхонада отишган. Ҳозир ҳам уларнинг жасадлари ўша ерда ётибди. Ҳозир ҳар бир жасадни бошқатдан кафанга ўраб, жанозасини ўқиб, кўмиб, ўша ерда ёдгорлик ўрнатилиши керак, - дейди Анвар Назир.

Сиёсатшунос Анвар Назир билан тўлиқ суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин:

Анвар Назиров билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:43 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG